“Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–31-сон, 03.12.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2022 йилда аҳолини тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўзини ўзи банд қилиш ва иш билан таъминлаш бўйича жами 2 трлн 159 млрд 146 млн сўм (200 миллион 664 минг доллар) субсидия ажратилади.
Шунга кўра, қуйидагилар ҳоким ёрдамчиларининг тавсиялари асосида берилади:
- оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги кредитлар;
- Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Жамоат ишлари жамғармаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, “Аёллар дафтари” жамғармаси, “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ўзини ўзи банд қилиш ва иш билан таъминлаш учун ажратиладиган субсидиялар.
Ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи миқдори қуйидагича белгиланади:
- хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари (4 млн 932 минг сўм) миқдорида;
- хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – МҲЭКМнинг 6,5 баравари (5 млн 343 минг сўм) миқдорида;
- хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – МҲЭКнинг 7 баравари (5 млн 754 минг сўм) миқдорида.
Бошқа ҳудуддан келиб ишлаётганларнинг турар жой ижараси харажатлари компенсация қилиб берилади.
Йил якуни бўйича юқори натижага эришганларга ипотека кредити асосида уй-жой олиш учун уй-жойнинг 50 фоизигача субсидия берилади.
2022/2023 ўқув йилидан олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчилари давлат ОТМнинг иқтисодий таълим йўналишларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсиясига кўра давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади.
Изоҳ қолдириш