2024 йилга қадар “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналарида автоматлаштирилган тизими жорий қилинади

2024 йилга қадар “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналарида автоматлаштирилган тизими жорий қилинади

“Кимё саноати корхоналарини янада ислоҳ қилиш ва молиявий соғломлаштириш, юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–4992-сон, 13.02.2021 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, кимё саноатини трансформация қилишнинг узоқ муддатли асосий муҳим йўналишлари белгиланди.

2021 йилдан янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишда асосан хусусий, шу жумладан хорижий инвесторлар ва технологик шерикларни жалб қилишни назарда тутувчи “Кимё ва газ-кимё саноатида технологик кластерларни яратиш бўйича очиқ ҳамкорлик дастури” жорий этилди.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

- Ўзбекистоннинг 2021–2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига киритилган ва амалга ошириш муддатлари жадаллаштириладиган инвестиция лойиҳаларининг рўйхати;

- умумий қиймати 1 176 млн АҚШ долларга тенг, шундан 700 млн АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан молиялаштириладиган 2021–2025 йилларда кимё корхоналарида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, мавжуд хомашё базасидан самарали фойдаланиш орқали юқори қўшимча қийматга эга бўлган кимёвий маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган 16 та янги инвестиция лойиҳалари рўйхати.

Қарорга кўра, маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва тармоқлараро кооперацияни ташкиллаштириш, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни назарда тутувчи хусусий ва хорижий инвесторлар иштирокида амалга ошириладиган лойиҳаларга устуворлик берилади.

Шунингдек, 2024 йилга қадар “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналарида ишлаб чиқариш ва бошқарув жараёнларини, молиявий, хўжалик ва ташкилий фаолиятни бошқариш ва мониторинг қилиш, ишлаб чиқарилган товарларни сотиш, етказиб бериш ва улардан фойдаланишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий қилинади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар