430 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинади

430 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинади

“Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини ҳамда ерни лазерли ускуна ёрдамида текисланган ҳолда дискретли суғориш усулини жорий қилиш суръати беш баробарга оширилади.

Шунга кўра, 2021 йилда республика бўйича жами 430 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинади.

Шундан суғориладиган 200 минг гектар майдонни лазерли ускуна ёрдамида текислаш орқали сувдан фойдаланиш самарадорлиги оширилади.

2021 йилдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда давлат томонидан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар берилади.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сотиб олинган ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоизи давлат бюджетидан қоплаб берилади.

Субсидия маблағлари жорий қилинган сувни тежайдиган технологиялар камида 5 йил ишлатилиши шарти билан ажратилади ҳамда бундай технологиялар жорий қилинган ер майдонлари камида 5 йил мобайнида мақбуллаштирилмайди.

2021 йил 1 декабрга қадар Сув хўжалиги вазирлигининг мавжуд 1 688 та насос станциясида электр энергиясининг сарфи ҳамда чиқарилган сув ҳажми ҳисобини юритувчи республика бўйича ягона электрон ахборот тизими ишга туширилади.

Шунингдек, профессионал таълим муассасаларида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва фойдаланиш бўйича мутахассислар (консультант) тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш тизими жорий этилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар