Абдулазиз Камилов ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Бурианни қабул қилди

Абдулазиз Камилов ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Бурианни қабул қилди

2021 йилнинг 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Бурианни қабул қилди.

Музокаралар давомида томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан сиёсий мулоқоти ва ҳар томонлама ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашганини мамнуният билан қайд этдилар. Сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги конструктив алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида бўлажак қўшма тадбирлар, жумладан, сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» юқори даражадаги мулоқоти ҳамда «Ўзбекистон Республикаси – Европа Иттифоқи» ҳамкорлик кенгаши йиғилишлари жадвали кўриб чиқилди, дея хабар қилади Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Жорий йил июль ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга тайёргарлик ишларининг бориши юзасидан ҳам фикр юритилди.

Музокараларда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан иштирок этди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар