Энергетика вазирлигида «Worley» халқаро инжиниринг компанияси билан учрашув бўлиб ўтди

Энергетика вазирлигида «Worley» халқаро инжиниринг компанияси билан учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида «Worley» (АҚШ) компанияси вакиллари билан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида музокара ўтказилди.

Компания делегацияси таркибидан энергетика ва кимё тармоқлари президенти Винаяк Пай ҳамда атом энергетикаси президенти Александр Суперфин жой олган бўлиб, улар томонидан «Worley» тизимидаги сўнгги молиявий ва ташкилий ўзгаришлар тақдим этилиб, булардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг янги қирралари хусусида таклифлар билдирилди.

Мамлакат ёқилғи-энергетика мажмуи (ЁЭМ) нефть-газ соҳасида «Worley» компанияси билан кўп йиллардан буён муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда ва бунга «WorleyParsons Uzbekistan Engineering» ҚК МЧЖни мисол сифатида келтириш мумкин.

Компания вакилларига ЁЭМда, шу жумладан, электр энергетикаси ва нефть-газ соҳасида ўтказилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида маълумотлар берилди. Томонлар ўртасидаги мулоқотда этом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш истиқболлари ҳам муҳокама этилди ва айни пайтда қўшма корхона шаклидаги Ўзбекистон Атом инжиниринг марказини ташкил этиш бўйича музокаралар якунланаётгани маълум қилинди.

Томонлар мулоқот якуни бўйича юқори қўшилган қийматли маҳсулотларнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олиш мақсадида нефть-газ, электр энергияси ва кимё саноати мутахассисларини жалб этган ҳолда тренинглар ўтказишга келишиб олди.

Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар