Жорий йилнинг 24 июль куни Тошкентда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов "Diplomatic World Institute" таҳлилий марказининг лойиҳа менежери Альберто Туркстра билан учрашди.
Учрашув Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Обид Ҳакимов меҳмонларни қутлар экан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг асосий мақсад ва вазифалари, олиб борилаётган тадқиқотлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни Ҳукумат Акселератори фаолияти ҳақида гапирди.
Учрашувда томонлар бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, давлатнинг дунё миқёсидаги, жумладан, Марказий ва Жанубий Осиёдаги янгиланган ташқи сиёсати ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини батафсил кўриб чиқдилар.
А. Туркстра мамлакатимиз раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Унинг айтишича, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондаги вазият билан яхши таниш. Эксперт Ўзбекистонда давлат бошқарувини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлар ва ислоҳотлар жуда муҳим ва ўз вақтида амалга оширилаётганини таъкидлади.
Учрашув якунлари бўйича икки тадқиқот маркази ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида дастлабки келишувга эришилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
жамоатчилик билан алоқалар хизмати
Изоҳ қолдириш