Пандемия жаҳон миқёсида кўчмас мулк ва автомобиль бозорларига сезиларли таъсир кўрсатди, дунёнинг барча мамлакатлари унинг оқибатларини ҳис етди ва Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас.
Иқтисодчиларнинг фикрича, кўчмас мулк ва автомобиль бозорлардаги талабнинг ўзгариши иқтисодий тикланишнинг асосий кўрсаткичларидан бири ҳисобланади, чунки узоқ муддат ишлатиладиган товарларга бўлган талаб истеъмолчилар кайфиятини жуда яхши акс эттиради.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассислари томонидан коронавирус пандемиясининг кўчмас мулк ва автомобиль бозорларига таъсири таҳлил қилинди.
Кўчмас мулк бозори
Коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ карантин чекловлари жорий этилгунга қадар республикамиз кўчмас мулк бозорида талаб ҳар ойда ўртача 6-7% га ошиб борган. Тошкент ва Тошкент вилоятидаги кўчмас мулк бозорларидаги савдолар умумий бозор ҳажмининг 40-45 %ини ташкил этган.
Апрель ойидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб локдаун жорий қилинди, бу эса кўчмас мулкка бўлган талабнинг 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 87,1% (Тошкент вилоятида 94,2% ва Тошкент вилоятида 89,8%)га камайишига олиб келди (1-расм). Май ва июнь ойларида республика бўйича кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони мос равишда 25,9% ва 135,2% га юқорилаб кетди. Қисқа вақт ичида савдо операцияларининг сезиларли даражада ўсиб кетиши бир томондан, доимий рўйхатга олиш тартибини соддалаштирилиши, иккинчи томондан, май ойидан бошлаб карантин чораларини босқичма-босқич юмшатилиши билан изоҳланади.
1-расм. Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сонининг ўзгариши
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22-апрелдаги «Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ–5984-сон Фармонининг қабул қилиниши билан май ойида 2019 йилда тегишли даврга нисбатан кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сонининг ўсиши Тошкент шаҳрида 148,7 %га, Тошкент вилоятида 26,5% га етди, июнь ойида ушбу кўрсаткич мос равишда 257,5% ва 190,7%ни ташкил этди. Шуниси қизиқарлики, айнан шу даврда кўчмас мулк савдосининг ўсиши Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги уйларнинг нархларига деярли таъсир қилмади. Бу, асосан, илгари бошқа шахслар номига расмийлаштирилган уйларнинг ҳақиқий эгалари номига ўтказилиши билан изоҳланади.
2020 йилнинг сентябрига келиб, кўчмас мулк бозорида талаб яна ўзининг узоқ муддатли трендига қайтди. Хусусан, сентябрь ойида кўчмас мулк олди-сотдилари сони ўтган ойга нисбатан 24,2% га (2019 йилнинг мос даврига нисбатан 41,7%га), октябрь ойида – 1,7% га (24,8% га), ноябрь ойида -0,5% га (22,9% га) ва декабрь ойида – 20,9% га (-17,1% га) ошди.
Автомобиль бозори
Одатда, республикада бирламчи ва иккиламчи бозорларда автомобиль савдосининг ойлик ўсиши ўртача 2-3% ни ташкил этади. 2020 йилнинг март ойи ўрталаридан қатъий карантин тадбирларини жорий этилиши натижасида март ойида рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 17,3 %га (ўтган ойга нисбатан 34,6 %га), апрель ойида эса 73,8 %га (63,1 %га) камайди (2-расм).
Май ойидан бошлаб автомобиль бозоридаги вазият яна тиклана бошлади. Хусусан, июнь ойида автомобил савдоси 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 14,8 %га ошди. Лекин, 10 июлдан 15 августгача карантин тадбирларини қайта жорий этилиши натижасида июль ойида автомобил бозоридаги фаолият май-июнь ойларига нисбатан бироз секинлашди. Хусусан, мазкур ойда рўйхатга олинган автомобиллар сони 2019 йилнинг июль ойига нисбатан 20,2 %га камайди. Шундай бўлса-да, август ойида, автомобиль савдоси ҳажми 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 3,8% ўсди (ўтган ойга нисбатан 54,3%).
Сентябрь-октябрь ойларида ҳам автомобиль бозорида талаб ўсишда давом этди. Сентябрь ойидаги савдолар олдинги ойга нисбатан 0,5 %га (2019 йил сентябрь ойи билан таққослаганда 29,5%) ошди. Октябрь ойида ўсиш суръати сентябрь ойига нисбатан 2% (2019 йил октябрь ойига нисбатан 19,2%) ташкил этди. Ноябрь-декабрь ойларида бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан бироз (мос равишда 1,7% ва 1,9% га) пасайди. Бироқ, 2019 йилда тегишли даври билан таққослаганда, савдолар ҳажми ноябрь ойида 9 %га ва декабрь ойида 10 %га ошди.
2-расм. Рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сонининг ўзгариши
Умуман олганда, 2020 йилда автомобиль савдоси ҳажми 2019 йилга нисбатан 2,5 %га камайди. Бу март, апрель ва июль ойларида автомобиль савдосининг кескин пасайиши билан изоҳланади.
Шунга қарамасдан, 2020 йил август ойига келиб, кўчмас мулк ва автомобил бозорларидаги вазият ўзининг узоқ муддатли трендига қайтгани аҳоли талабининг тикланиб бораётганлигини кўрсатмоқда.
Халилуллоҳ Ҳамидов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими
Изоҳ қолдириш