Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси – кўргазмали семинари ташкил этилди

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси – кўргазмали семинари ташкил этилди

6 январь куни “Ўзэкспомарказ” мажмуасида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган уч кунлик кўргазмали семинар ўз ишини бошлади.

Мазкур тадбир давлат солиқ хизмати учун энг муҳим бўлган хужжат - 2020 йил 1 январдан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тарғиботига бағишланди.

Семинарга Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-Омбудсман раҳбарияти ва масъул ходимлари жалб қилинди.

- Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси солиқ қонунчилигини максимал даражада соддалаштиришга йўналтирилган концептуал ўзгартиришлардан иборат,- дейди Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов. – Ҳужжатнинг асосий мақсади инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини химоя қилишдир.

- Жаҳон тажрибаси асосида янги таҳридаги Солиқ кодекси билан давлат солиқ хизмати органлари ва солиқ тўловчилар ўртасидаги муносабатларнинг шакллари ҳамда механизмлари такомиллаштирилмоқда, замонавий ахборот-коммуникация технолгияларини амалиётга татбиқ қилиш орқали янги хизмат турлари жорий қилинмоқда,- таъкидлайди Давлат солиқ қўмитаси раиси Бехзод Мусаев.

Кўргазмали семинарнинг биринчи кунида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият юритадиган 1000 дан ортиқ тадбиркорлар ва хисобчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари ташриф буюрди. Тадбир тафсилотлари “Ўзбекистон 24” телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Кўргазмалар залида 40 дан ортиқ мавзулардаги ахборот стендлари иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. Янги Солиқ кодекси қабул қилиниши муносабати билан солиқ қонунчилигига киритилган янгиликлар ҳақида 30 та мавзудаги 3,5 мингта буклетлар тарқатилди.

Кўргазмали семинар доирасида тадбиркорлар ва бухгалтерларга Солиқ кодексига оид шарҳлар, интервьюлар, шунингдек янги таҳрирдаги Солиқ кодекси амалга киритилиши билан боғлиқ энг кўп учрайдиган саволларга жавобларни ўз ичига олган «Солиқ-плюс» - «Налоги плюс» газеталарининг махсус сони тарқатилди.

Кўргазмали семинарнинг биринчи куни натижаларига кўра, солиқ тўловчилар томонидан 120 дан ортиқ саволлар ўртага ташланди. Бу бизнес вакилларининг солиқ ислоҳотлари билан танишишга бўлган катта қизиқишларини билдиради. Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари барча саволларга батафсил жавоблар берди.

Шунингдек, семинарда кўтарилган ва ёзма равишда келиб тушган саволлар ва уларнинг жавоблари Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Тошкент шаҳрида ўтказиладиган семинарларда жами 3,5 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар вакилларини жалб қилиш режалаштирилмоқда. Кейинчалик мазкур тадбир асосида республикамизнинг ҳар бир ҳудудида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси мазмун-моҳиятини солиқ тўловчилар ўртасида тушунтиришга қаратилган семинар-тренинглар ўтказилади. Бунинг учун Давлат солиқ қўмитасида ҳар бир ҳудуд учун алоҳида ишчи гуруҳлари тузилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар