"Иқтисодий шарҳ" журнали Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликка қарши курашиш ва жойларда аҳоли ҳаётини бевосита яхшилаш мақсадида жорий этилган янги “маҳаллабай” тизимига бағишланган янги рукн очмоқда. Унда сиз ҳокимларнинг маҳаллалардаги ёрдамчилари фаолияти билан танишиб борасиз.
Янги рукннинг илк интервьюси Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Уйшун маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Сардор Абдуллаев билан бўлди.
– Мамлакатимизда илк бор “маҳаллабай” тизими жорий этилди, бунинг натижасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражаси ва бандлигини таъминлаш маҳалла даражасида амалга оширила бошланди, бунинг учун барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада, уни қандай кўрасиз ва тушунасиз?
– Давлат раҳбарига таянч ва суянч, камарбаста бўлиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Ҳурматли Президентимиз томонидан ҳоким ёрдамчилари лавозими жорий этилиши маҳаллада истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро ва давлат ўртасида тет-а-тет мулоқот ўрнатилиши, уларнинг фикри, муаммолари ва камчиликлари бўйича янада яқиндан танишиш ва тўғридан-тўғри ишлаш имконини яратади, бу эса халқнинг юртбошимиз томонларидан олиб борилаётган ислоҳотларга янада ишончини оширади деб ўйлайман. Бежизга маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўрта бўғим давлат хизматчилари тайинлангани йўқ, улар уйма-уй юриб, хар бир хонадоннинг ҳолатини ўз кўзи билан кўриб, иқтисодий аҳволи бўйича таҳлил қилиш имкониятига, натижада ҳақиқий эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилалар, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, айниқса ёшлар ва аёлларни ишга жойлаштириш ҳамда имтиёзларни тўғри ва шаффоф етказилишини йўлга қўйиш бўйича катта тажрибага эга бўлишади ва ҳар бир раҳбарнинг пировард мақсади бўлиши лозим бўлган, биринчи навбатда халқ фаровонлигини ошириш бўйича чуқур тушунчага эга бўлишади. Мен ўз вазифамнинг моҳиятини давлатимизнинг маҳалла аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, камбағалликка қарши курашиш бўйича сиёсатига маҳалла даражасида кўмаклашишда деб биламан.
– Ўзингиз ҳақингизда батафсилроқ гапириб беринг. Бу лавозимга қандай ўтдингиз, бунга қадар нима билан шуғуллангансиз, қаерда ишлагансиз? Янги вазифаларни қандай уддалаяпсиз? Янги ишингиз сизга қониқиш келтиряптими?
– Мен Абдуллаев Сардор Саъдулла ўғли Чироқчи туманидаги Уйшун маҳалласида ҳоким ёрдамчиси сифатида иш фаолиятимни бошладим. Бунга қадар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида, шунингдек, Қарши туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳамда Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг вилоят раҳбари лавозимларида ишлаганман. Ҳар бир лойиҳа ва ишларни маҳалла раиси, ёшлар етакчиси ва маҳалла фаоллари билан биргаликда маслаҳат қилган ҳолда амалга оширмоқдаман. Ҳар бир ташаббус ушбу фаоллар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир раҳбар қуйи тизимда ишласа, халқ дардини тингласа, уларга нафи тегса ва дуосини олса, албатта келажакда юқори марраларга эришиши мумкин экан, ушбу ҳақиқатга мен маҳаллада ишлаб амин бўлмоқдаман.
– “Маҳаллабай” иш тизими барча даражадаги давлат ҳокимияти органларининг ўзаро яқиндан ҳамкорлигига мўлжалланган. Ушбу алоқа қандай йўлга қўйилган? Маҳалладаги фаолиятингизда туман, вилоят ва республика томонидан қўллаб-қувватлашни сезяпсизми?
– Ҳокимлик билан алоқалар яхши ўрнатилган. Бироқ, камчиликлар кузатилмоқда. Айниқса, маҳалладаги муаммо ва таклифларни кўриб чиқишда. Таклифим: онлайн платформага ҳоким ёрдамчилари томонидан билдирилган таклиф ва муаммолар бўлимини қўшиш ва тумандаги мутасадди ташкилотларни ҳам улаш орқали ортиқча оворагарчиликлар бартараф этилади. Ҳозирча Телеграм ижтимоий тармоғи орқали ишлаяпмиз.
Аҳолини тадбиркорликка ўргатиш бўйича мастер класс ва семинарлар мунтазам равишда ташкил этилиб борилмоқда, одамларнинг тадбиркорликка қизиқиши ортган ва муносабати ўзгармоқда.
– Фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида ҳоким ўринбосарларининг фаолияти тўғрисида маълумот берувчи платформа яратилмоқда, у орқали маҳалла фуқаролари ўз муаммоларини ҳал қилишлари мумкин бўлади. Сиз шахсан аҳоли билан қандай мулоқот қиляпсиз? Мурожаатлар кўпми?
– Электрон платформа ишимиз самарадорлигини янада оширган бўлар эди. Лекин қишлоқларда кўп фуқаролар электрон қурилмалардан фойдаланишни билишмайди. Маҳалла фуқаролари мурожаати асосан хизмат хонасида кўриб чиқилмоқда ва телефон орқали тушунтириш берилмоқда. Мурожаатларнинг асосий мазмуни моддий ёрдам ажратиш тўғрисида. Туман пенсия бўлимига бориб-келиш аҳоли учун ортиқча харажатларни келтириб чиқариб, норозилик билдирилмоқда. Таклиф: Ҳоким ёрдамчиси учун онлайн маҳалла платформасига моддий ёрдам, бола пули ва бошқа ижтимоий тўловларга ариза топширганлик ҳолатини кўриб чиқишни, қачон электрон тизим орқали жавоб берилиши ёки рад этиш сабаблари тўғрисида маълумотларни онлайн кўриш функциясини қўшиш. Ушбу функция орқали аҳолига тезкор жавоб берилади.
– Қайси оилалар ёрдамга муҳтожлигини аниқлаш мақсадида маҳаллада тадқиқ ва сўровлар ўтказяпсизми? Қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларни қандай аниқламоқдасиз? Камбағал ва заиф қатламлар қандай мезонларга кўра аниқланмоқда?
– Уйшун МФЙдаги 810 та хонадонда 1 251 нафар оила истимоқат қилиб, маҳалланинг доимий аҳолиси сони 4 832 нафар кишига тенг. Иқтисодий фаол аҳоли сони 1 470 нафарни, ишсизлар сони эса 520 нафарни ташкил қилади. Маҳалла аҳолисининг 62 нафари хорижда меҳнат фаолиятини олиб боради. Рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари сони 101 тани (шундан, хизмат кўрсатиш соҳасида 41 та) ташкил қилади.
Маҳалладаги 77 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га, 4 нафар ёш “Ёшлар дафтари”га киритилган. Шунингдек, маҳаллада 26 нафар ногиронлик белгиси мавжуд фуқаролар ҳам истиқомат қилади.
Албатта, хар бир хонадонга уйма-уй кириб чиқяпман. Камбағаллик мезони яшаш шароити, меҳнатга қобилияти ва ишга лаёқатлилиги ва маҳалладаги фаоллар иштирокида ўрганилмоқда. Тезкор равишда ёрдамга муҳтож 25 та эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилаларни аниқлаб олдим.
– Ўтказилган тадқиқ ва сўровлар натижалари ҳақида гапириб беринг. Маҳаллангиздаги камбағалликнинг бугунги ҳолатини таърифлаб бера оласизми? Камбағалликка олиб келаётган асосий муаммолар ва сабаблар нимада?
– Маҳаллада ҳар бир хонадонда ўртача 6 нафардан аҳоли яшайди. Аҳоли таркибида вояга етмаганлар сони 1 159 нафар (жами аҳолига нисбатан 24%), боғча ёшидагилар сони 280 нафар (6%) ни, пенсионерлар сони 868 нафар (18%)ни ташкил қилади.
Маҳаллада 26 нафар ногирон фуқаролар мавжуд бўлиб, 3 нафари – 1 гуруҳ, 17 нафари – 2 гуруҳ, 6 нафари – 3 гуруҳ тоифасига мансуб.
Маҳаллада олий маълумотлилар 225 та, ўрта-махсус маълумотга эгалар сони 1 150 тани ташкил этади.
Хонадонбай ўрганиш орқали аҳолининг камбағаллик домига тушиб қолишига бир қатор сабаблар мавжудлигини аниқладим. Биринчи ва энг катта сабаб сифатида, уй хўжаликларининг таълим олишга бўлган муносабатида фарқларнинг мавжудлигидир. Масалан, кам таъминланган оилаларда таълим олишга унча катта эътибор қаратилмайди, ота-оналар таълим олишдан келадиган ҳақиқий фойдани паст даражада деб ҳисоблайди. Менинг фикримча, таълим тизими узоқ келажак учун қўйилган инвестициянинг бир кўринишидир. Ота-оналар болалари учун инвестиция қилиб келажакда уларнинг яхши ишга кириб яхши даромад олиши орқали харажатларини қоплаш имконига эга бўлади. Кузатишлар орқали олган аниқроқ хулосаларимга келадиган бўлсак, оиласида олий маълумотли ёки аниқ касбга эга бўлган фуқаролар мавжуд бўлган хонадонларнинг даромади турмуш тарзи олий таълимга ёки аниқ касбга эга бўлмаган хонадонга нисбатан камида 2-3 баробар юқоридир. Шунингдек, оила бошлиғи олий маълумотли ёки касбга эга хонадонлар фарзандларининг таълим олишига бўлган муносабати мутлақо бошқа ҳолатдадир.
Иккинчидан, маҳалла аҳолиси бир неча 100 йиллардан буён чорвачилик ва қисман дехқончилик билан бошланғич даражада шуғулланиб келади ва аксарият ҳолларда, минг афсуски, жуда кўпчилик ўз тирикчилик манбаини ўзгартиришни, тадбиркорликнинг бошқа йўналишларида синаб кўришни хоҳламайди.
Менинг фикримча, ушбу ҳолат ҳам кўпроқ таълим ва илм даражасига боғлиқ. Аҳолида таълим ва илмнинг етишмаслиги тадбиркорлик қилишга уқувнинг пастлиги ва мавжуд имкониятлардан фойдаланишга риск қилишдан қўрқувни келтириб чиқаради. Қачонки биз одамларнинг дунёқарашини таълим ва тарбия орқали ўзгартира олсакгина, ишсиз, камбағал, муҳтож деган тушунчаларни жамиятимиздан чиқара оламиз.
Яна бир муаммони айтиб ўтиш лозимки, муҳтарам Президентимиз томонидан энг қуйи поғонада тадбиркорликни йўлга қўйиш, камбағалликни қисқартириш бўйича тизим йўлга қўйилмасдан олдин, маҳаллада ҳеч ким ушбу масалалар билан шуғулланмаган. Шу пайтгача тадбиркорликни ривожлантиришга туртки берадиган соҳаларни ривожланмаганлиги натижасида ёшлар дехқончилик бошланадиган фаслларда чет элга ишлашга кетиб қолиши кузатилган.
Лекин, агарда мақсадни тўғри қўйиб, илм асосида аҳолини тадбиркорлик қилиш бўйича тўғри йўналтира олсак, бизнинг маҳаллада барча фуқаролар учун иш ўрни ва даромад манбаини яратишга имконият мавжуд.
Аҳолининг ўз саломатлигини сақлаш, соғлом овқатланиш бўйича етарлича тушунчаларга эга эмаслиги ҳам камбағалликни келтириб чиқаридаган омиллардан бири деб ҳисоблайман. Масалан, маҳалладаги 530 нафар ёши катта аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари мавжуд бўлиб, ушбу касалликларнинг асосий келиб чиқиш сабаби носоғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик билан боғлиқдир
Шунингдек, тўй-ҳашам ва бошқа тадбирлар учун кескин исрофгарчилик билан, кимўзарга харажатларга йўл қўйиш аҳолини камбағаллик домига тортадиган сабабдир. Ўртача оладиган бўлсак, битта тўй харажатлари учун камида 50-60 млн сўм маблағ сарфланаётганлиги, бир кунлик орзу-ҳавас учун муҳтож оилаларни қарз олишга ундаётганлигига жим қараб туриб бўлмайди. Бу борада, маҳаллалар оқсоқоллари билан тушунтириш ишларини олиб боришимиз, тўй харажатларини имкон борича қисқартириб, аҳолининг даромадини сифатли таълим, соғлиқни сақлаш учун йўналтириш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.
– Маҳаллангизда озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳолининг зарур ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан арзон таъминланиши қай даражада? (кам таъминланган оилаларда зарур озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш бўйича тизимли мониторинги/ўлчови мавжудми?).
– Маҳалладаги хонадонларда ўртача 30 сотихдан 1 гектаргача томорқа ер майдони мавжуд бўлиб, аҳоли томорқаларида аксарият ҳолатларда чорва учун озуқа экинлари экилишини аниқладим. Шунингдек, маҳаллада бор-йўғи 5 та хонадонда иссиқхона мавжуд экан. Тушунтириш ва тарғибот орқали аҳоли хонадонларида озиқ-овқат экинларини экиш бўйича амалий ҳаракатларни бошладик. Маҳалладаги Шавкат Эркаев ўз хонадонида иссиқхона усулида қулупнай етиштиришни йўлга қўйиб, йилига ўртача 35-40 млн даромад топади. Ушбу хонадонни бошқаларга намуна қилган ҳолда аҳоли томорқасида иссиқхона ташкил қилиш орқали ҳам сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва барқарор даромад манбаига эришиш бўйича ишлар бошланган. Агарда аҳолини томорқа майдонларидан унумли фойдаланишини йўлга қўйсак, зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўзимизни-ўзимиз таъминлаш билан биргаликда, даромад манбаига ҳам эга бўламиз.
– Ўз ишингизда камбағал уй хўжаликларини қўллаб-қувватлаш бўйича қандай инновацион ва ноодатий усулларини қўлладингиз? Ушбу хонадонлар билан ишлаш натижалари ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг.
– Шахсий тажрибам ва кузатувларим асосида шундай хулосага келдимки, фақат кредит ёки субсидия маблағлари ажратиш аҳолини камбағалликдан чиқариш учун етарли бўлмайди. Шунинг учун, камбағал уй хонадонларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка йўналтириш бўйича энг аввало ишни уларни тадбиркорликнинг турли йўналишлари ва касбларга ўқитишдан бошлаяпмиз. Қайси туманда ёки вилоятда тадбиркорликнинг сердаромад йўналиши бўлса, фуқароларни тажриба ўрганишга олиб боряпмиз, тажрибали тадбиркорлар фаолияти, бизнес ғоялар, амалий семинарлар ташкил қиляпмиз.
Масалан, ҳар бир аҳоли хонадонида ўртача 2-3 тадан чорва моллари мавжуд бўлса-да, аҳоли ўртасида ушбу соҳа бўйича хомашё-тайёр маҳсулот занжирини тўлиқ амалга ошириш тушунчалари мавжуд эмас. Бу борадаги илғор тажрибаларни ўрганган ҳолда чорва молларининг ҳар бир хомашёсини якуний маҳсулотга айлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни бошладим. Хусусан, чорва моллари суягидан суяк уни ишлаб чиқариш, ичагидан тиббиётда ишлатиш учун мўлжалланган кетгут ипини ишлаб чиқариш, терисидан тайёр маҳсулотлари, ҳаттоки гўнггидан биогумус олиш лойиҳаларини йўлга қўйишни бошладик. Экологик тоза бўлган биогумус ўғити аҳоли хонадонларига қўшимча даромад манбаи бўлиши билан биргаликда, ҳосилдорликни ўртача 2-3 баробарга оширишига аҳоли томонидан жуда катта қизиқиш билдирилди.
Шунингдек, маҳалла аҳоли хонадонларидаги уй-хайвонларидан кунлик ўртача 1,5 тонна сут олинади, бу эса сутдан қиймат қўшилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш имкониятини беради. Шу сабабли, 3 та хонадонда қурут маҳсулотларини кооперация асосида ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилди. “Аёллар дафтари”га киритилган 8 нафар хотин-қизларга ўз уйларида қурут тайёрлаш ўргатилиб, тайёр маҳсулотни вилоятнинг Шахрисабз, Китоб, Яккабоғ туманлари ва Самарқанд вилоятига етказиб бериш йўлга қўйилди. Яқин кунларда ушбу хонадонларда бринза маҳсулоти ишлаб чиқариш ва қўшимча 10 та янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган.
Аҳоли асосан чорвачилик билан шуғулланиши ҳисобга олинса, маҳаллада ветеринария шохобчасиниг мавжуд эмаслиги уларни ушбу хизматдан фойдаланиш учун туман марказига боришга мажбур қилар эди. Мазкур муаммони ҳал қилиш мақсадида Уйшун МФЙда биринчи ветеренария шохобчаси ташкил этилди ва ветеринария хизмати, консультация ва вет дорихона хизматлари йўлга қўйилди. Ҳозирда ветеринария шифокори мустақил равишда уй ҳайвонларида жарроҳлик амалиётини амалга оширмоқда ва аҳоли учун туман марказига боришга ҳожат қолмади.
Бундан ташқари, маҳаллада “Агро химия унуверсал хизмати” МЧЖ томонидан аҳоли чорваси учун ем ва томорқа экинлари учун кимёвий ўғитлар сотиш шохобчаси ташкил этилди. Бундан ташқари, яқин ойларда тадбиркорлик субъекти томонидан гранулали ем ишлаб чиқариш лойиҳасини йўлга қўйиш ва 3 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Даромад келтирувчи бошқа фаолият турларида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида маҳалладаги бўш турган Қоракўлчилик уюшмасига қарашли эски гараж биносида Қарши шаҳридаги “Санам” тикувчилик фабрикаси билан ҳамкорликда “Уйшун текстил чеварлари” оилавий корхонаси ташкил этилиб, маҳалладаги “Темир дафтар”да бўлган 20 нафар аёллар учун доимий иш ўрни яратилди.
Бандлик жамғармаси субсидиялари ҳисобига кам таъминланган оилалардаги 10 нафар аёллардан иборат тикувчилик кооперацияси тузилди. Шу жойни ўзида тикувчилик ва гилам тўқишга ўқитиш бўйича Бандлик бошқармаси маркази ташкил этилган. Тикувчилик касбини эгаллаган аёллар кооперация асосида тикиш ишларини амалга оширади. Гиламчилик бўйича кўникмага эга аёллар учун эса жун ярим тайёр маҳсулотидан жун гилам тўқиш йўлга қўйилади.
Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини ўзини-ўзи банд қилиш ишларини ташкил қилишда бошқа ҳудудларда амалга оширилган ижобий ишларни ўз ҳудудимга жорий қилиш қилиш бўйича ҳам бир қатор ишларни амалга оширмоқдаман. Хусусан, Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани тажрибаси асосида 7 та хонадондаги 1,3 гектар томорқаларда 16 минг дона манзарали кўчатлар ва 500 дона павлония дарахти кўчатларини экиш билан 10 нафар фуқаро учун ўзини ўзи банд қилиш орқали иш ўринларини яратдим. Шаҳрисабз тумани Янги қишлоқ маҳалласи тажрибаси асосида 5 та хонадонда биогумус етиштириш ташкил қилинди ва ушбу хонадон эгаларининг бандлиги таъминланди.
Маҳалламизда ер ости сувлари таркиби чучук бўлиб, мутахассислар фикрича, балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича улкан имкониятлар мавжуд. Шундан келиб чиққан ҳолда, Қарши тумани тажрибаси асосида Уйшун маҳалласида биринчи марта интенсив усулда балиқ етиштириш тажрибаси жорий қилинди. Ҳозирги кунда 1 та хонадонда 4 000 дона сазан балиғи етиштириш йўлга қўйилган бўлса, маҳалладаги бошқа хонадонларда ҳам тадбиркорликнинг ушбу турини йўлга қўйиш бўйича амалий ҳаракатлар бошланган.
Йил охиригача оилавий тадбиркорлик дастурлари бўйича 30 та 1,5 млрд сўмлик, ҳудудий дастурлар бўйича 5 та 21 млрд сўмлик лойиҳалар йўлга қўйилади ҳамда 647 та янги иш ўринлари яратилади.
Маҳаллада аҳоли боқаётган чорва ва паррандаларнинг гўшти, сути, жуни, тери, ичак, патини қайта ишлаш ҳамда парранда, балиқ ва чорва учун озуқа ем ишлаб чиқариш, шунингдек чорва гўнггидан биогомусни тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича лидер тадбиркорлар билан биргаликда йўл харитаси ишлаб чиқдим.
Ушбу ишларни кооперация асосида ташкил қилиб, аҳолидан уйида боқаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларини сотиб олиб, маҳалладаги 70 та хонадонга ўртача 2,5-3 млн сўмдан даромадга эга бўлишини ҳамда ушбу қайта ишлаш цехларида 100 та янги иш ўрни яратилишини таъминлаш режаларимиз бор.
– Маҳаллангиздаги кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш учун нима ишлар қилмоқдасиз? Ушбу муаммолар қанчалик ҳал этилмоқда?
– Маҳаллада 2 та умумтаълим мактаби ўрганиб чиқилди. 2 та умумтаълим мактабида қувватдан фойдаланиш даражаси ортган. Жумладан, 63-мактабда 620 ўринли бинода 876 та ўқувчи (1,41%) таълим олса, 75-мактабда 210 ўринли бинода 373 та ўқувчи (1,77%) ортиқча сиғимларда таълим олмоқда. Мактабларга оптик толали интернет тармоғи 2021 йилда тортилган бўлса-да, бугунги кунга қадар интернетга уланмаган. Жорий йилда мактабда таълим сифатини яхшилаш, муаммоларни ҳал қилиш бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилиб қўйганман.
Шу пайтгача маҳаллада ёшларни олий ўқув юртларига тайёрлайдиган, уларни касбга ўргатадиган масканлар бўлмаган. Шундан келиб чиққан ҳолда, маҳаллада илк ўқув маркази ташкил этишда бош-қош бўлдим. Тошкент шаҳрида “Зиё таълим” фаолият кўрсатаётган ўқув марказининг филиали “Ренессанс 3” номи билан ташкил этилди. 2 нафар тадбиркорга қарашли бинонинг иккинчи қаватлари ўқув маркази сифатида фойдаланиш учун бепул берилиб, ўқитиш учун зарур жихозлар билан таъминланди. Ўқув курсларида олий ўқув юртларига абитуриентларни тайёрлаш, математика, тарих, она тили ва адабиёт, ментал арифметика фанлари дарс берилиши йўлга қўйилди. Ушбу ўқув курсларига муҳтож оилаларнинг фарзандлари имтиёзли равишда таълим олишмоқда.
Шунингдек, ота-оналарнинг талаблари ва қизиқишларини инобатга олиб, Қарши шаҳридан ўқитувчилар инглиз тилидан дарс бериш учун марказга келишмоқда. Натижада, аҳоли учун фарзандларининг узоқ ҳудудларга ортиқча сарф харажатлари ва оворагарчиликлари бартараф этилиб, маҳалланинг ўзида билим олишлари учун имконият яратилди. Бугунги кунда кунлик қамров 100 нафар ёшларни ташкил этади.
Ўрганишлар орқали маҳаллада компьютер саводхонлиги ва хорижий тиллар курсларига эҳтиёж мавжудлигини аниқладим. Чироқчи туманидаги хорижий корхонада фаолият олиб бораётган ҳиндистонлик мутахассис Shaikat Bharatjeeни жалб қилган ҳолда, яқин кунларда маҳаллада IT ва инглиз тилини ўргатиш бўйича ўқув курсларини ташкил этмоқчиман.
Соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича маҳаллада ягона оилавий шифокорлик маркази ўрганиб чиқилди. Марказ янгитдан таъмирланган ва аҳолига хизмат кўрсатиш учун барча шароитларга эга. Маҳаллага чегарадош Гулобод, Нуробод, Ғаллачи, Оқтош, Оқолтин, Яшнобод, Бешбулоқ маҳаллаларидаги аҳоли учун тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёж сони ортмоқда. Шифохонанинг туғруқ бўлимида акушер гинеколог мутахассиси бир неча йиллардан бери йўқ. Аҳоли туман марказига ёки Қарши шаҳрига қатнаб, ортиқча сарф-харажатдан норозилик билдирмоқда. Маълумот учун: шифохона жойлашган Бешчашма ҳудудида 12 та маҳаллада 60 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Туман марказидан узоқлиги 25 км.
– Маҳаллада меҳнатингизга муносабат қай даражада ўзгарди, аҳолининг ишончи ошдими? Аҳолининг оғирини енгил қилиш ишларига қандай ҳисса қўшдингиз?
– Уйшун маҳалласида ота-бобомлар истиқомат қилишган, дастлаб иш бошлашдан олдин маҳалладаги оқсоқоллар, маҳалла фаоллари билан учрашдим ва танишиб, уларнинг дуосини олдим.
Мавжуд тадбиркорлик субъектларининг ҳар бири билан учрашиб, келгусида тадбиркорлигини кенгайтириш учун мавжуд тўсиқ ва муаммоларини бартараф қилиш бўйича маслаҳатлашишдан бошладим. Маҳалла аҳолиси ва тадбиркорлар давлат хизматлари маркази ва банк хизматларидан фойдаланиш учун туман марказига қатнов (40 км) транспорт ва вақт нуқтаи назаридан ноқулайликларни келтириб чиқараётганлигини билдиришган. Шундан келиб чиққан ҳолда, 12 та маҳалладаги 60 мингдан ортиқ аҳоли ва 500 га яқин тадбиркорлик субъектлари учун Уйшун маҳалласи ҳудудида Давлат хизматлари маркази Чироқчи туман бўлимининг филиалини ташкил этишда иштирок этдим.
Таъмирталаб бўлган, Қорабой хожи қабристонида ободонлаштириш ишлари ташкил қилинди. Хусусан, 1000 метр қабристон девори қайта қурилиб, аҳоли томонидан ҳашар ишлари ташкил қилинди. Шунингдек, манзарали кўчатлар экилди. Тадбиркорлар ва фаоллар иштирокида маҳалладаги 1,2 км ички йўл текисланиб, тош ва қум ётқизилди. Маҳаллага янги кириш дарвозаси қуриб битказилиб, маҳалла марказидаги тунги чироқлар ишлатилди.
– Фаолиятингизни янада самаралироқ амалга ошириш учун сизга яна қандай амалий-методик ёрдам керак?
– Мен ўзим ҳам ривожланган давлатларнинг қандай қилиб одамларни камбағалликдан олиб чиққанларига жуда қизиқаман ва бу бўйича кўплаб мақолаларни ўқиб бораман. Албатта ҳар бир ҳудуд ўзига хос хусусиятга эга ва индивидуал ёндашувни талаб этади, бизнинг вазифамиз эса айнан бизга бириктирилган маҳаллага мос йўналишни танлай олишда, бу учун эса биздан билим ва тажриба талаб этилади. Хорижда камбағалликни қисқартириш бўйича турли экспериментлар ўтказилиб борилади, шуларни натижаларини биз ҳам олсак, ўргансак бизга нафи тегарди.
Бундан ташқари, фаолиятимиз давомида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламини аниқлаб олиш, уларни камбағалликдан чиқариш бўйича хорижий давлатларда амалга оширилган тажрибаларни ўзида акс эттирган услубий материалларга эҳтиёж сезилмоқда. Шунингдек, мана шу масалалар бўйича барча ҳоким ёрдамчилари учун семинар-тренинглар ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шу билан бирга, камбағаллик даражаси, муҳтож қатламни аниқлаб олишда сўровномалар ўтказиш ва уларнинг натижаларини умумлаштириш бўйича ҳам амалий ёрдам кўрсатилса яхши бўлар эди.
– Тажрибангиздан келиб чиқиб, айтингчи, маҳалладаги камбағаллик даражасини қисқартириш учун яна нима ишлар қилиш керак? Бу борада таклифларингиз борми?
– Ушбу лавозимга қадар мен Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида, Қарши туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳамда Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг вилоят раҳбари лавозимларида ишлаганман ва меҳнат фаолиятим давомида орттирган тажрибамдан келиб чиқиб, авваламбор маҳалла аҳолисини тадбиркорликка қизиқишини янада ошириш, маҳалла имкониятларига мос бизнес лойиҳалар ишлаб чиқиш ва ташаббускорларни топиб, уларга мазкур лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам беришни режа қилганман. Бунинг натижасида маҳаллада янги иш ўринлари ташкил этилади ва ишсизлик даражаси камаяди.
– Жанубий Корея ва АҚШнинг 60–70 йиллардаги муваффақиятли тажрибасига асосланиб, Ўзбекистон учун муҳим бўлган лойиҳанинг биринчи иштирокчиларидан бири сифатида нимани ҳис қилмоқдасиз?
– Янги Ўзбекистон мамлакати қурилишида иштирок этиш имконияти берилгани ва ушбу билдирилган ишонч менга улкан масъулият ва мотивация берди. Президентимиз таъкидлаганларидек, ягона йўлимиз тадбиркорлар сонини кўпайтириш, одамларни ишбилармон қилиш. Ниятим, қисқа фурсатларда маҳалладаги барча фуқароларни ўз ҳудудимда иш ўрни, даромад манбаи билан таъминлаш, ёшларни ўқитиш ишларини жонлаштиришдир.
Мамлакатда / Устувор масалалар
Жамолиддин Турдимов,
Анвар Қобилов Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №3/2022
Изоҳ қолдириш