– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда?
–Мен Нукус шаҳри “Дўстлик” МФЙда 2022 йил январь ойидан иш бошлаганман. Биринчи навбатда маҳалла аҳолиси билан танишиб, уларнинг оилавий шароитлари, иқтисодий аҳволи ва қизиқишларини ўргандим. Бу ишга келишимдан олдин Нукус шаҳри ҳокимлигининг маҳалла бўлимида ишлаганман. Шу даврларда маҳаллалардаги мурожаатлар билан ишлаб, бир қанча тажриба орттирдим. Шу сабабли ҳам маҳаллада ишлаш менга анча енгил кечди. Аҳоли билан тезда мулоқотга киришиб кетдим, жараён мен учун қийин бўлмади.
– Маҳаллангизнинг жойлашуви, у ердаги мавжуд инфратузилма объектлари (йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари), аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз?
– Мен масъул бўлган маҳалла Нукус шаҳрининг ўртасида жойлашган. Ҳудудда мавжуд бўлган инфратузилма объектлари қуйидагилар: 1 та умумтаълим мактаби, 5 та оилавий ва хусусий боғча. Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, шу жумладан, Нукус шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга катта эътибор берилаётгани, мазкур ишларга катта маблағлар ажратилаётгани сабабли маҳалламиз табиий газ, тоза ичимлик суви ва электр энергияси билан тўлиқ таъминланган. Маҳалламизда йирик ишлаб чиқариш корхонаси ҳам мавжуд бўлиб, ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг бир қисми бу ерда иш билан таъминланган. Аҳолини иш билан таъминлашда асосан хизмат кўрсатиш соҳаси ва кичик бизнес субъектлари муҳим роль ўйнамоқда. Маҳалла фуқароларининг бир қисми ана шу объектларда иш билан банд. 2025 йилнинг 6 ойлик якунига кўра, 38 нафар ишсиз фуқаро иш билан таъминланди, айни пайтда маҳаллада ишсиз аҳоли сони 63 нафарга тушди.
– Йўл бошида энг қийин бўлган нарса нима бўлди ва сиз уни қандай енгдингиз?
– Ҳар қандай ишнинг қийинчиликлари бўлади, албатта. Лекин уни енгиш учун ишни “бу менинг ишим” деб қабул қилиб ишласа, шунинг ўзи етарли. Ҳоким ёрдамчиларининг иш фаолияти тизимли равишда йўлга қўйилганлиги, ҳар тарафлама ишлаб чиқилгани, барча жараёнлар очиқ ва тартибли равишда амалга оширилиши белгиланганлиги сабабли ишни бошлаш менга унча қийинчилик туғдирмади.
– Маҳаллангиз ривожланишининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери нима? Нега ушбу йўналишлар танлаб олинди? Танланган йўналишларни тезкор ривожлантириш учун нима ишлар қилинмоқда?
– Маҳалламизнинг ривожланиши учун асосий драйвер сифатида савдо-сотиқ ва хизмат кўрсатиш йўналиши танлаб олинган. Сабаби, маҳалламиз шаҳар ўртасида жойлашган ва 4 та катта маҳалла билан чегарадош. Асосий истиқомат қилувчи фуқаролар савдо ва хизмат кўрсатиш ишлари билан шуғулланади. Шу сабабли тадбиркорликда ушбу йўналишларда тезкор ривожланиш мақсади белгиланган. Хусусан, бу йўналишларда маҳалламизда болалар боғчалари, тикиш-бичиш цехлари, сервис хизматлари кўрсатувчи кичик хизмат нуқталари, автомашиналарни таъмирлаш хизматлари кабилар фаолият юритмоқда.
– Маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қандай имкониятлар мавжуд? Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди?
– Маҳалламиз ривожланиши учун мамлакатимизда кўплаб имкониятлар яратилган. Шулардан бири – тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун енгиллаштирилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратиш. Шу асосида Акфа русумидаги ромлар ишлаб чиқариш цехи, “жалюзи” ишлаб чиқариш цехи ва ширинликлар ишлаб чиқариш цехлари фаолият кўрсатмоқда. Уй шароитида кондитерлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тикиш-бичиш цехлари йўналишларида тадбиркорлик фаолияти амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида бир қанча иш ўринлари яратилди ва ўзини ўзи банд қилганлар кўпайди. 2022-2025 йиллар мобайнида маҳалламизда 100 га яқин корхона ва якка тартибдаги тадбиркорлик ташкил этилди ва улар муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.
– Хонадонбай ўрганиш натижасида қандай янги иқтисодий имкониятларни аниқладингиз?
– Хонадонбай ўрганиш натижасида маҳалламизнинг қўшимча драйвери сифатида ишлаб чиқариш йўналиши аниқланди. Шундан келиб чиққан ҳолда, маҳаллада кичик корхоналар – ишлаб чиқариш цехлари фаолиятини йўлга қўйишга ҳаракат қилдик. Масалан, аҳоли томонидан хонадонларни таъмирлаш ишлари доимий равишда амалга ошириб келинади. Бунинг учун зарур қурилиш ашёлари ва хизматларга талаб мавжуд. Бу талабга жавоб бериш мақсадида маҳаллада Акфа ромлар ишлаб чиқариш цехи очилди. Бундан ташқари, ички имкониятларни ўрганган ҳолда маҳаллада ўзини ўзи банд қилиш орқали янги иш ўринлари яратилди. Масалан, бир неча фуқароларга кичик савдо нуқталари очиб беришга кўмаклашилди. Маҳаллани ободонлаштириш ишлари ҳам амалга оширилди. Хусусан, маҳалла ҳудудига 200 туп мевали ва манзарали кўчат экилди.
– Бирор эҳтиёжманд оилани ёки ёш тадбиркорни қўллаб-қувватлаб, улар ҳаётида аниқ ўзгариш қилган ҳолатни келтириб ўтсангиз.
– Маҳалламизни ўрганиш натижасида кам таъминланган оилалар борлиги, уларни кам таъминланган муҳитдан қандай чиқариш мумкинлиги ўрганилди. Масалан, Зарипов Бахтиёр ака оиласи билан (икки фарзанди ва турмуш ўртоғи) яшайди. Уйининг ташқи фасади ва ойналарини таъмирлаш мақсадида ҳомий топилди ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Унинг доимий касби бўлмагани учун касбга ўқитилди ва жамоат ишларига жалб қилинди. Шунингдек, Турғанбаева Наргиза исмли қизимиз тадбиркорлик қилиш истагини билдирди. Унга 33 млн сўм миқдорида кредит ажратилиб, ширинликлар ишлаб чиқариш тадбиркорлигини йўлга қўйишга ёрдам берилди. Қўшимча равишда у ҳозирда шаҳримиздаги “Моно марказ”да ишлаб, қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшимча дарс бериб келмоқда.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда, сизнинг фикрингизча, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Сизнингча, ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима ишлар қилиш керак?
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, камбағалликнинг асосий сабаби – ишсизликдир. Бундан ташқари, айрим фуқароларда учраб турадиган боқимондалик кайфияти ва дангасалик ҳолатлари ҳам фуқароларнинг камбағалликка тушиб қолишига сабаб бўлиши мумкин. Фикримча, камбағаллик ҳолатларини камайтиришнинг самарали усулларидан бири – фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларни доимий иш билан таъминлаш ҳамда мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда ўзини ўзи банд қилиши учун шароитлар яратишдан иборатдир. Масалан, ҳозирги пайтда чет элда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланиб юрган фуқароларимиздан бир нечтаси юртимизга қайтиб келиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш орқали ўз фаолиятини бошлаб, аҳолини иш билан ҳам таъминланмоқда.
– Иш тажрибангиздан келиб чиқиб айтинг-чи, одамлар сизни кўпроқ қайси муаммолар бўйича излашади? Мисол келтира оласизми?
– Фуқаролар маҳаллага, хусусан, менга асосан тадбиркорликни йўлга қўйиш, бирон ишга жойлашиш, касб-ҳунарга ўқиш мақсадида мурожаат қилишади. Шундан келиб чиққан ҳолда уларга мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб баҳолиқудрат ҳар томонлама ёрдам бериб келмоқдамиз. Мурожаатларнинг барчаси ижобий ҳал этилмоқда.
– Ишсизликни қисқартиришда қандай инновацион ёндашувлар самара берди?
– Маҳалламизда ишсизликни қисқартириш мақсадида, аввало, ишга жойлашиш ниятида бўлган фуқароларнинг иш кўникмалари, қандай касб-ҳунарлари борлиги ўрганилди. Шундан келиб чиққан ҳолда кейин улар маҳалла ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорларга бириктирилиб, иш билан таъминланди. Бундан ташқари, бир неча кишига ўз тадбиркорлигини бошлаш учун имтиёзли асосда моддий ёрдам ажратилди.
– Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича маҳаллангизда қандай чора-тадбирлар ва инновацион усуллар қўлланди? Маҳалладаги муваффақиятли тадбиркорлик ташаббусларига мисоллар келтирсангиз.
– Маҳалламизда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича мисол келтирадиган бўлсам, маҳаллада истиқомат қилувчи фуқароларимиздан бири Ережепова Сайёра ўзининг нон ва ширинликлар ишлаб чиқариш цехини ишга тушириб, маҳалламиздаги “Хотин-қизлар дафтари”га киритилган ишсиз аёлларни ўз ёнига олиб, иш билан таъминлади.
– Агар сизда бюджет, вақт ва ресурслар бўйича ҳеч қандай чеклов бўлмаса, маҳаллангизда қайси лойиҳани амалга оширган бўлар эдингиз?
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида ишлаганимдан жуда хурсандман. Оилам ҳам мени қўллаб-қувватлаб келмоқда. Президентимиз томонидан ҳоким ёрдамчиларининг самарали фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Энди саволга келсак, агарда зарур ресурслардан ҳеч қандай чеклов бўлмаса, маҳалламиздаги барча ишсизларни иш билан таъминлаган бўлардим.
– 2025 йилда ўз олдингизга маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз? Сиз ишлаётган маҳалла 5 йилдан кейин қандай бўлишига ишонасиз?
– 2025-йилда маҳалламизни ривожлантириш учун биринчи навбатда ишсизликни бартараф этишни мақсад қилиб олганман ва бунга эришмоқдаман. Бундан ташқари, маҳалладаги тадбиркорлик субъектлари сонини ошириш, янада кўпроқ фуқароларни тадбиркорликка жалб этиш, маҳалла инфраструктурасини янада яхшилаш кабиларни ҳам режалаштирганмиз. Яқин 5 йил ичида маҳалламиз яшаш ва ишлаш учун янада қулай ҳудудга айланишига ишонаман.
– Бу тизимдаги иш тажрибасидан сўнг, ўзингизни келажакда қаерда тасаввур қиласиз? Шахсий ривожланишингиз учун маҳаллада ишлаш қандай фойда берди? Аёл киши сифатида ҳам оилани тебратиш, ҳам ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаш қийинчилик туғдирмаяптими?
– Ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаганимдан жуда ҳам хурсандман. Бир вақтнинг ўзида ҳам оила, ҳам иш билан машғул бўлишимга умр йўлдошимнинг ҳам ҳиссаси катта. Елкама-елка менга ёрдам бериб келмоқда. 2 ўғлимиз бор. Катта ўғлим – велоспорт бўйича Ўзбекистон чемпиони. Кичиги – мактаб ўқувчиси. Маҳалла тизимида 2018 йилдан бери ишлайман. Бу тизимда ишлаш жуда ҳам мароқли. Фуқароларнинг раҳматини эшитиш уларнинг ишларига кўмаклашишдан завқ оламан. Келажакда ўзимни юқори масъулиятли ишларда кўришни истар эдим. Ватанга хизмат қилишдан ортиқ олий бахт йўқ.
Жамолиддин Турдимов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №8/2025
Изоҳ қолдириш