Бакалаврни уч давлатда ўқиган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ходими (+видео)

Бакалаврни уч давлатда ўқиган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ходими (+видео)
Фото: Kun.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази етакчи илмий ходими Таҳсинабону Муфтоҳиддинова Тошкент молия институтига ўқишга қабул қилинган.

Институтда аъло баҳоларда ўқиган талабалар хорижий ОТМларнинг алмашинув дастурларида қатнашиши мумкинлигидан хабар топган Таҳсина ўз устида яна ҳам кўпроқ ишлай бошлайди. Энди фақат аниқ фанларни эмас, балки гуманитар фанларни ҳам кўпроқ ўқиди.

У биринчи курслигида «The Young Leaders Development Project» – ёш лидерларни ривожлантиришга оид дастурда маросимлар менежери сифатида қабул қилинади. 6 ой шу дастурда малакасини оширади.

Айнан шу Таҳсинани биринчи курсда Erasmus+ дастури доирасида грант ютиш учун катта ёрдам беради. Шу тариқа қаҳрамонимиз иккинчи курснинг биринчи семестрини ўқиш учун Польшанинг Краков иқтисодиёт университетига йўл олади.

Таҳсина Польшадан қайтгач, волонтёрлик дастурларида қатнашишни давом эттиради. Ўзбекистондаги Erasmus+ миллий офисида волонтёрлик дастурига қабул қилиниб, бу ерда Кореянинг SolBridge халқаро олий бизнес мактаби гранти ҳақида эшитади.

Ва SolBridge халқаро олий бизнес мактабига ҳужжат топшириб, муваффақиятли қабул қилинади.

Таҳсинанинг айтишича, бундай алмашинув дастурлари миллий ОТМ талабаларига бир пайтнинг ўзида ҳам ўзларининг институтларида, ҳам Европа, Америка ёки Осиёнинг ривожланган мамлакатларида ўқиш имкониятини беради.

«Ўз тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтаманки, бундай дастурларга танлаб олиш жараёни шаффоф бўлади. Балки қандайдир таниш-билишчилик бўлади, деб ўйлашар. Ишонинг, ёзилган барча талабларга жавоб берсангиз, танлаб олинасиз», дейди Таҳсинабону.

Таҳсинабону булар билан чекланмади, у Ислом Каримов номидаги миллий стипендияни олишга ҳам ҳаракат қилиб кўрди ва бу вазифани ҳам уддалади. Ҳозир Молия институти магистратурасига имтиёз асосида қабул қилинган.

«Ўқишда ўзимдан қониқмас эдим. Яна нимадир қилишим керак эди, шу сабаб Шотландиянинг Данди университети молия ва рискларни бошқариш йўналиши бўйича магистратурага ҳам ҳужжат топшириб кўрдим ва контракт асосида қабул қилиндим. Аммо контракт, яшаш харажатлари бироз баланд эди. Харажатларни қоплаш учун «Эл-юрт умиди» жамғармаси грантига ҳаракат қилдим. Биринчи уриниш ўхшамади, аммо иккинчи уринишда жамғарма менга ўқиш учун грант ажратадиган бўлди», дейди Таҳсинабону.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар