Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) автомобил бозорида савдолар ўзгаришини мунтазам таҳлил қилиб келмоқда.
2021 йилнинг октябрь ойида республикада автомобил олди-сотдиси бўйича битимлари сони сезиларли даражада ошди. Шундай қилиб, жорий йилнинг сентябрь ойига нисбатан ўсиш 32,6% ни ташкил этди.
Лекин, маҳаллий автомобил бозорида талаб миқдори 2020 йил октябрь ойи билан таққослаганда 10%га ошди.
1- расм. Рўйхатга олинган ва қайта рўйхатдан ўтган автомобиллар сонини ўзгариши индекси
Қайд этиш керакки, ўтган йилнинг август ойи ўрталарида коронавирус пандемияси туфайли ўрнатилган чекловлар бекор қилинганидан сўнг, август ойида автомобилларга бўлган талаб июль ойига нисбатан 54,3 фоизга ошган эди. Кечиктирилган талабни қондириш йил охирига қадар давом этди.
Шу тариқа, маҳаллий автомобил бозори 2020 йилнинг кузидаёқ инқирозгача бўлган даврдаги кўрсаткичларига қайтди ва шу йилнинг октябрь ойида сезиларли даражада ўсишни кўрсатди. Шундай қилиб, 2019 йил октябрь ойига нисбатан автомобиллар савдоси сезиларли даражада 31,1 фоизга ошди.
Шубҳасиз, афсуски, коронавирус пандемияси оқибатида микрочипларнинг глобал тақчиллиги автомобил саноатида ишлаб чиқаришни ривожланишини тўхтатиб турибди. Бундай шароитда автомобил бозорининг сезиларли ўсиши асосан иккиламчи бозорда савдо ҳажмининг ўсиши билан изоҳланади. Октябрь ойида 50,1 минг дона автотранспорт воситалари сотилган бўлса, сентябрь ойида ушбу кўрсаткич 40,3 минг донани ташкил этди (ўсиш – 24,3%). Бирламчи автомобил бозорида ҳам сезиларли жонланиш кузатилмоқда. Октябрь ойида 20,6 мингта янги автомобил сотилди, бу эса сентябрь ойидаги кўрсаткичга нисбатан 58,5 фоизга кўпроқ.
2-расм. 2021 йилда бирламчи ва иккиламчи автомобил бозори
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (60,4%), Навоий (55,9%), Бухоро (53,4%) ва Тошкент (50,2%) вилоятларида кузатилди.
2021 йилнинг октябрь ойида 18,5 минг дона янги енгил автомобиллар давлат рўйхатидан ўтказилди (сентябрь ойига нисбатан ўсиш 64,4 %). Шундан, 1,4 мингтаси чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳисобланади.
Экспертларнинг таъкидлашича, чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси сентябрь ойига (2 343 дона) нисбатан бироз камайган, август ойига (1 021 дона) нисбатан эса 38,2 фоизга ошган.
Бу даврда чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар энг кўп Тошкент шаҳри (5 209 дона), Фарғона (1 610 дона), Тошкент (834 дона) ва Самарқанд (505 дона) вилоятларида сотилган.
3-расм. 2021 йилнинг январь-октябрь ойларида маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси улуши
Умуман, январь-октябрь ойларида республика бўйича 152,2 минг дона янги енгил автомобиллар, шундан 9,9 минг дона ёки 6,5 фоиз чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар рўйхатга олинди.
Октябрь ойида янги енгил автомобиллар энг кўп сотилган ҳудудлар Тошкент шаҳри – 5 682 дона (шундан, 902 дона ёки 15,9% чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар), Тошкент вилояти – 1 925 дона (шундан, 62 дона ёки 3,2% чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар) ва Самарқанд вилояти – 1 416 дона (шундан, 81 дона ёки 5,7% чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар) бўлди.
Халилуллоҳ Ҳамидов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Сектор мудири
тел: (78) 150 02 02 (410)
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамоатчилик билан ишлаш бўлими
тел: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш