Жаҳон миқёсида, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам қатъий карантин чораларининг киритилиши, энг аввало, иқтисодий фаолликнинг ва аҳоли даромадларининг пасайишига олиб келмоқда.
Айниқса, жорий йилнинг иккинчи чорагида иқтисодий вазият дунёнинг барча мамлакатларида кескин ёмонлашди. Ривожланган мамлакатларда ялпи ички маҳсулотнинг пасайиши 10-20 фоизни, ривожланаётган мамлакатларда эса 7-15 фоизни ташкил этди.
Халқаро иқтисодий интеграция жараёнларига фаол кириб бораётган Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам глобал иқтисодий муаммолардан зарар кўрмоқда. Инқирозга қарши кўрилган қатъий ва амалий чора-тадбирлар эвазига иккинчи чоракда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти бор-йўғи 2,5 фоизга камайди (6 ой якунлари билан 0,2 фоизга ўсди).
Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган шахслар иш жойларини вақтинча йўқотдилар, хориждан 200 мингдан ортиқ ватандошларимизнинг олиб келиниши ишсизлар сонини кўпайтирди.
Бундай мураккаб шароитда аҳолини, айниқса унинг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш масаласи давлатнинг биринчи даражали эътиборида турибди.
Шу мақсадда, бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.
Фармонга биноан:
Биринчидан, пандемия шароитида “темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож 400 мингдан ортиқ оилалардаги 1,7 миллион аъзоларининг ҳар бирига 220 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули берилади. Ушбу мақсад учун республика бюджетидан 380 миллиард сўм ажратилади.
Бошқача қилиб айтганда, ўртача 5 кишилик оилага 1,1 миллион сўмлик моддий ёрдам пули ажратилиб, ҳисоб-китобларга кўра ҳаёт учун энг зарур бўлган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари тўпламини харид қилиш имконияти яратилади.
Иккинчидан, улуғ айём – муқаддас Қурбон ҳайити байрами арафасида халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини намоён этадиган эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш анъанасини давом эттирган ҳолда жойлардаги “Саховат ва кўмак” жамғармалари орқали 220-250 минг оилага республика бюджетидан жами 200 миллиард сўм ажратилади. Бунинг натижасида 1 миллиондан ортиқ аҳоли нақд пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон билан таъминланади.
Шунингдек, ушбу улуғ айём кунлари “Вақф” хайрия жамоат фондини қўллаб-қувватлаш мақсадида республика бюджетидан 150 миллиард сўм ажратилади ҳамда ушбу маблағ жамоат фондининг хайрия тадбирларини амалга ошириш ҳамда ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилади.
Учинчидан, коронавирус пандемиясига қарши курашда фаол иштирок этиб, ҳаётини хавф остига қўйиб жонбозлик кўрсатаётган тез тиббий ёрдам бригадаларининг шифокорлари, ҳамширалари, кичик тиббий ходимлари ва ҳайдовчиларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш учун 100 миллиард сўм ажратилади. Бунинг эвазига 26 минг оиланинг моддий аҳволи яхшиланади.
Юқоридаги чоралар ҳисобига 652 минг оилага ёки Ўзбекистондаги жами оилаларнинг 7,7 фоизига моддий ёрдам кўрсатилади.
Бундан ташқари, қабул қилинган Фармонда пандемия даврида ижтимоий нафақа олувчилар сонини кескин ошириш кўзда тутилмоқда. Жумладан:
бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа олувчи эҳтиёжманд оналар сонини ҳар ойда 14-15 мингтага ошириб, декабрь ойида 400 мингтагача етказилади ёки йил бошига нисбатан қарийб 1,5 баробарга кўпайтирилади;
14 ёшгача болалари бўлган эҳтиёжманд оилаларга тўланадиган нафақа олувчи оилалар сонини йил бошига нисбатан 2,5 баробардан ортиққа ошириб, уларнинг сони декабрь ойида 700 минггача етказилади;
кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдамни олувчилар сони йил бошига нисбатан 1,5 баробарга оширилиб, 100 мингтага етказилади.
Умуман олганда, ижтимоий нафақа олувчиларнинг умумий сони 600 мингга кўпайиб, жорий йилнинг декабрь ойида 1,2 миллионга (мамлакатдаги жами оилаларнинг қарийб 15 фоизи) етказилиши кўзда тутилмоқда ва бунга бюджетдан қўшимча 426 миллиард сўм ажратилади.
Ўзбекистонда камбағал оилаларнинг умумий сони республикадаги жами оилаларнинг 12-15 фоизини ташкил этишини инобатга олсак, ижтимоий нафақа механизми билан йил охирига бориб мамлакатдаги барча камбағал оилаларнинг ҳар бир қатлами тўлиқ қамраб олинади.
Бунинг устига юқорида айтиб ўтилган бир марталик моддий ёрдам олувчи оилалар сонини қўшсак, давлатдан молиявий кўмак оладиган оилаларнинг сони сезиларли даражада кўпаяди.
Фармонда шунингдек кекса ёшдаги ҳамда ногиронлиги бор шахсларни моддий қўллаб қувватлаш мақсадида 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 10 фоизга оширилиши кўзда тутилмоқда.
Бу эса, жорий йил январь-июль ойларидаги инфляция кўрсаткичларидан (4,3 фоиз) юқоридир.
Бу 2,8 миллион кекса ёшдаги фуқароларни, 687 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларни, 210 мингдан ортиқ боқувчисини йўқотган шахсларни пандемия даврида моддий қўллаб қувватлаш имконини беради.
Бунда, ўртача пенсия миқдори 764 минг сўмдан 841 минг сўмгача ошади.
Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори амалдаги 466 680 сўмдан 513 350 сўмгача кўпаяди.
Шунингдек, пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига (7 йил) эга бўлмаган, ҳаёти давомида Пенсия жамғармасига умуман бадал тўламаган 37,5 минг нафар кекса фуқароларга бериладиган нафақа ойига 315 030 сўмгача оширилади.
Фармонда кўзда тутилган аҳолини ижтимоий қўллаб- қувватлаш чора-тадбирларига 2020 йилнинг охиригача бюджетдан жами қўшимча 2,3 триллион сўм йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.
Изоҳ қолдириш