БМТ агентликлари Ўзбекистонни Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни молиялаштиришда қўллаб-қувватлаш учун янги Қўшма Дастурни бошламоқда
Қўшма жамғарма Дания, Эвропа Иттифоқи, Германия, Ирландия, Люксембург, Монако, Голландия, Норвегия, Португалия, Испания, Швеция ва Швейтцария давлатларининг маблағлари ҳисобига тузилган.
Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш томон саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун БМТнинг бир қатор агентликлари Ҳукуматга давлат ва хусусий молиялаштиришнинг янги шакллари билан мавжуд ресурслардан фойдаланадиган кенг қамровли молиялаштириш тузилмасини ишлаб чиқишда ёрдам бериш учун ўз кучларини бирлаштирадилар. Ишга туширилаётган янги Қўшма дастур Ўзбекистон ҳукуматига қашшоқликни камайтириш, соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, гендер тенглигини тарғиб қилиш ва самарали бошқарувни таъминлашга қаратилган миллий ривожланиш стратегиясини молиялаштиришнинг умумий тузилмасини мустаҳкамлашда ёрдам беради.
Бугун бошланган "Ўзбекистонда барқарор ривожланишни молиялаштиришнинг бирлаштирилган миллий механизми (МБММ)" лойиҳаси дастлаб 2022 йил охиригача давом этади ва Ўзбекистон Молия вазирлиги биносида жойлашади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ушбу Қўшма дастурга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (УНИCЕФ), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ ГЖБ) билан ҳамкорликда раҳбарлик қилади.
БМТнинг доимий координатори Ҳелена Фрейзернинг айтишича, БМТнинг ҳукуматни қўллаб-қувватлаш бўйича ушбу Қўшма дастури учун вақт жуда тўғри танланган, чунки мамлакат Ковид-19 пандемиясидан қутилишга интилмоқда.
"Ушбу Қўшма Дастур ҳукуматга муқаррар равишда молиявий оқимларнинг пасайишига олиб келадиган нарсаларни ўзгартиришга, ҳукуматнинг БРМнинг улкан мақсадларига эришиш бўйича тезкор ечимларни топишга ёрдам беради ва бунда айниқса, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва иқлим ўзгаришига қарши курашга алоҳида эътибор қаратилади", дейди Ҳелена Фрейзер .
Молия вазирининг ўринбосари Aҳадбек Ҳайдаровнинг таъкидлашича, барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ мамлакатни ривожлантириш истиқболларини амалга ошириш учун зарур бўлажак маблағ миқдорини тўғри аниқлаш учун ҳар томонлама баҳолашларни амалга ошириш зарур.
"Биз Ўзбекистонда барқарор ривожланишни молиялаштиришнинг бирлаштирилган миллий механизмини яратиш бўйича ушбу Қўшма дастур бу масалада бизга ёрдам беради деб умид қиламиз", деди Aҳадбек Ҳайдаров.
Молия вазирининг ўринбосари шунингдек, Ҳукумат ривожланиш бўйича миллий устувор вазифаларга ва БРМга эришиш учун турли манбалардан, шу жумладан, давлат бюджети ва ташқи қарзларни ўз ичига олган молияларни жалб қилаётганлигини қўшиб қўйди.
БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Матильда Димовсканинг таъкидлашича, МБММ Ўзбекистоннинг миллий ривожланиш стратегияси ва уларни молиялаштиришни Барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқлаштиришга имкон берувчи кенг қамровли асосдир. "Дастур давлат ва хусусий молиялаштириш бўйича ечимларини ишлаб чиқади ва мавжуд маблағлардан самарали фойдаланган ҳолда янги ресурсларни жалб қилишга ёрдам беради. БМТ Тараққиёт Дастури инклюзив ўсиш ва ривожланишни молиялаштириш бўйича тажрибага эга бўлиб, Ҳукумат БРМга эришиш учун миллий молиялаштириш механизмини яратишга интилаётганида уни қўллаб-қувватлашга тайёр", дейди Матильда Димовска.
2030 йилга қадар кун тартиби доирасида дунё раҳбарлари ўз зиммаларига 2030 йилгача камбағалликни тугатиш бўйича ҳеч кимнинг ортда қолмаслигини таъминлаш бўйича катта мажбуриятларни олдилар. Бироқ, етарли ресурсларни таъминлаш асосий муаммо бўлиб қолмоқда, ривожланаётган мамлакатлар йилига 2,5-3 триллион AҚШ доллари миқдоридаги дефицитга дуч келмоқдалар. Жаҳон молия тизимининг ҳажми, кўлами ва мураккаблиги даражасини ҳисобга олган ҳолда, миллий тараққиётни молиялаштириш назарий жиҳатдан мавжуд, аммо асосан хусусий равишда таъминланадиган бундай молиялаш кўпинча минтақалар ва унга энг муҳтож одамларга етиб бормайди. Бироқ, давлат молиялаштириши ва хусусий инвестицияларни БРМларга йўналтириш имкониятлари мавжуд. Давлат бюджетлари, молия бозорлари, хусусий инвесторлар, хайр-эҳсонлар ва пул ўтказмалари бюджет камомадини ҳал қилишда жуда муҳимдир.
БРМ Ўзбекистонда
Ўзбекистон 2030 йилга қадар кун тартибига содиқдир ва уни ҳукумат учун устувор вазифа қилиб белгилаб қўйган. БМТнинг кўмаги билан миллий БРМ ва вазифалар амалдаги ва янги тармоқ стратегиялари ва дастурларига киритилмоқда. Бироқ, ушбу улкан мақсадларга эришиш учун Ўзбекистонга катта ҳажмдаги маблағлар керак. 2018 йили Халқаро валюта жамғармаси томонидан амалга оширилган, соғлиқни сақлаш, таълим ва инфратузилма бўйича БРМларга эришиш учун зарур бўлган харажатлар ҳисоб-китоби шуни кўрсатдики, мамлакатга 2030 йилга қадар ЙИМнинг 8,7 фоизи атрофида қўшимча маблағлар лозим бўлар экан. Шунга кўра, ХВЖ қўшимча ресурсларни шошилинч равишда сафарбар этишга чорлади.
Қўшма Дастур ушбу эҳтиёжга жавобан давлат молиявий ресурсларидан янада самарали, ошкора ва натижаларга йўналтирилган фойдаланишни, шунингдек, миллий ривожланишнинг устувор йўналишлари учун давлат ва хусусий маблағлардан янада мувофиқлаштирилган ва комплекс фойдаланишни таъминлайди. Бу Ҳукуматга молиялаштиришнинг янги манбаларини жалб қилишга, жумладан буларни яшил облигациялар ва краудфандинг, пул ўтказмалари, жамғарма ва инвестицияларни кўпайиши ва ноқонуний фаолиятдан мусодара қилинган активларни қўллаш кабилар орқали амалга оширишга ёрдам беради.
Қўшма дастур БМТ Бош котиби томонидан ривожланишнинг янги ва инновацион ёндашувларини рағбатлантириш ва жорий этиш орқали ривожланиш амалиётини ўзгартириш бўйича барча 17 глобал мақсадлар устида ишлаш учун ташкил этилган Қўшма БРМ жамғармаси томонидан молиялаштирилади. Қўшма БРМ жамғармаси БМТнинг доимий координаторлари ва БМТнинг мамлакат жамоаларини ҳукуматлар билан ҳамкорликда глобал, минтақавий ва мамлакат даражаларида БРМлар йўналиши бўйича тараққиётга олиб борувчи ақлли молиялаштириш стратегияларига олиб келадиган яхлит ва ўзгарувчан сиёсатни рағбатлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Изоҳ: БРМ қўшма жамғармаси қуйидаги донор давлатларнинг маблағлари ҳисобига тузилган: Дания, Европа Иттифоқи, Германия, Ирландия, Люксембург, Монако, Голландия, Норвегия, Португалия, Испания, Швеция ва Швейцария.
Изоҳ қолдириш