Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 11 февралдаги ПҚ-4185 сон қарорини ижро этиш мақсадида SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмасининг Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан ҳамкорлиги натижасида 2020 йил 21 ноябрда “SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмасининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 738 сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу хужжат ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни муқобил парвариш қилишнинг Ўзбекистон учун нисбатан янги бўлган шаклларини тадбиқ қилиш ва ривожлантириш учун фундаментал асос бўлиб хизмат қилади.
Ўтган 20 йил давомидаги давлат билан яқин ҳамкорликда, давлатнинг устувор йўналишлари, болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ва болаларни муқобил парвариш қилиш бўйича кўрсатмаларга мувофиқ ушбу механизм ва хизмат шакллари SOS Болалар маҳаллалари халқаро ташкилотининг методология ва амалиётларидан фойдаланган ҳолда, SOS Ўзбекистон болалар маҳаллалари уюшмасининг бўлинмалари базасида назарий ва амалий тарзда ривожланиб келди. Ушбу бўлинмаларнинг фаолиятини номларини тўғри ифодалаш мақсадида, қарор билан ушбу хизматлар тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.
Шунга кўра, болалар маҳаллалари, ёшлар уйлари ва ижтимоий марказлар “болаларни муқобил парвариш қилиш хизматлари”, “ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизматлари” ва “ижтимоий етимликнинг олдини олиш хизматлари” деб номланди ва вазифалари белгиланди.
Болаларни муқобил парвариш қилиш хизматлари – болаларни оилага ўхшаш муҳитда ақлий, руҳий ва жисмоний жиҳатдан ривожланиш, уларни миллий урф-одатлар асосида Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашга шарт-шароитлар яратади. Хизматлар болалар ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, жамиятга мослашувини таъминлаш, меҳнат кўникмаларини шакллантириш, ўз касбларини ўзлари танлашлари ва умумий ўрта таълим олишларини таъминлашга ёрдам беради.
Ёшларга ҳамроҳлик қилиш хизматлари – умумий ўрта таълим муассасасини тугатган ёшларга улар ўзини-ўзи таъминлаш мезонларига эришгунларига ёки 21 ёшга тўлгунларига қадар ҳамроҳлик қилади. Хизматлар ёшларга психологик-педагогик ёрдам бериш, ўз келажаги учун масъулиятни ҳис қилиш, низоли вазиятларни бартараф этиш, руҳий зарбаларга қаршилик кўрсатиш, шахсий ва оилавий бюджетни режалаштириш малакаларини ривожлантириш, ишга жойлаштиришга кўмаклашиш орқали ижтимоий ҳимой қилиш ва жамиятга мослашувини таъминлайди. Хизматлар ёшларнинг ҳаёти ва соғлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, шахсий, оилавий ва турар жой гигиенасига риоя қилиш кўникмаларини эгаллашга кўмаклашади.
Оилаларни қўллаб қувватлаш хизматлари – оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилалар ва болаларга 18 ойгача бўлган давр мобийнида ёрдам кўрсатади. Бу давр ичида оила ўзини-ўзи таъминлаш даражасига эришиши керак. Хизматлар ўз фаолиятини амалга оширишда фойдаланадиган механизмлар болаларнинг оилада ўсиши ва ривожланиши учун қулай шароитлар яратиш, оиланинг ички муносабатларида оиланинг барча аъзолари ўртасида самимийликни йўлга қўйиш, болаларни тарбиялашда ота-оналарнинг билим даражасини ошириш ва ота-оналик кўникмаларини шакллантириш, болалар ва оилаларнинг муаммоларини ижобий хал қилиш усуллари бўйича жамиятга кўмак кўрсатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни жамиятга интеграциялаш, уларни жамиятдан ажратиш ва бошқа салбий стереотипларни бартараф этиш, болаларнинг ўз оилаларида яшаш шароитларини таъминлаш учун манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигини тузиш, оилада болаларнинг ўсиши ва ривожланиши учун энг яхши муҳитни яратишга кўмаклашиш, ижтимоий этимликнинг олдини олиш ва бартараф қилиш учун бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш орқали болаларнинг барча ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқаришда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилалардаги болаларга ёрдам беради.
Қисқа муддатли муқобил парвариш қилиш – қисқа муддатли кўмакка эҳтиёжи бор бўлган болаларни 8 ойгача бўлган муддатга хизматга қабул қилинади. Ушбу турдаги муқобил парвариш қилишнинг асосий мақсади болани ўз оиласига реинтеграция қилиш ёки боланинг манфаатларига энг мос келадиган муқобил ечимни топиш.
Қарорга мувофиқ, янги хизматлар Уюшма бошқарувининг қарори асосида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва тегишли ҳокимликлар билан келишган ҳолда тақсим қилинади.
Изоҳ қолдириш