Бухоро вилоятининг 544 та маҳаллаларида 2009,8 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. 2022 йилнинг январь-декабрь ойларида вилоятда хизматлар кўрсатиш ҳажми 15 179,9 млрд. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 115,8%га ўсди. Ялпи ҳудудий маҳсулотда хизматлар улуши 34,5%ни ва аҳоли жон бошига 7,9 млн. сўмни ташкил этди.
Тармоқлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари молиявий хизматлар соҳасида (146,2%) ва алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида (121,9%) қайд этилди.
Нисбатан паст ўсиш кўрсаткичлар транспорт хизматлари соҳасида (106,1%), меъморчилик, муҳандислик хизматлари соҳасида (106,8%), яшаш ва овқатланиш хизматлари (107,4%), компьютерлар ва маиший товарларни таъмирлаш хизматлари соҳасида (108,1%), таълим хизматлари (108,6%), кўчмас мулк билан боғлиқ хизматларда (109,1%), савдо хизматлари (110,7%) ва ижара хизматлари (112,0%) кузатилди.
Ҳудудлар кесимида юқори ўсиш кўрсаткичларига Бухоро шаҳри (119,4%), Когон шаҳри (119,1%), Вобкент тумани (117,7%), Пешку тумани (116,8%) ва Ромитан тумани (116,6%), ташкил қилган бўлса, паст кўрсаткичлар Ғиждувон тумани (109,9%), Жондор тумани (110,1%), Олот ва Қоровулбозор туманлари (111,4%дан), Когон тумани (112,3%), Қорақўл тумани (113,4%), Бухоро тумани (114,0%) ҳиссасига тўғри келади.
Ўрганишга кўра, вилоятдаги 50 та хизматлар кўрсатиш корхоналари ўтган даврга нисбатан 100,3 млрд.сўмга хизматлар ҳажмини камайтирган, шундан транспорт хизматлари корхоналари 46,6 млрд.сўм, савдо хизматлари корхоналари 30,6 млрд.сўм, молиявий хизматлар 14,8 млрд.сўм ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш корхоналари 8,3 млрд.сўм ҳисобига тўғри келади.
Таҳлилларга кўра, вилоятнинг Ғиждувон, Жондор, Олот, Қоровулбозор, Когон тумани ва Қорақўл туманларида хизматлар кўрсатиш соҳаси ривожланиши ва вилоят кўрсаткичидан паст ҳисобланади.
Бунга сабаб, маҳаллаларнинг ўзида аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун мавжуд бўлиши тавсия этилган 20 та турдаги хизмат кўрсатиш ва сервис объект (нуқта)ларини ташкил этилиши тизимли тартибга солинмаганлиги ва соҳа учун ажратилган молиявий ресурслар асосан хизмат турлари ривожланган ҳудуд (шаҳар ва туман марказ)ларига йўналтирилаётганлигидан деб хулоса қилиниши мумкин.
Хусусан, ҳоким ёрдамчилари билан 544 та маҳаллаларда 20 та турдаги хизмат кўрсатиш объектлари мавжудлиги ҳолатини ўрганилганда, маҳаллаларда жами 19 765 та сервис объектлари мавжудлиги аниқланиб, аҳоли учун қўшимча 6 751 та хизматлар кўрсатиш объектлари, жумладан 112 та савдо дўкони, 96 та сартарошхона, 536 та гузаллик салони, 925 та нусха кўчириш пункти, 462 та пойабзал таъмирлаш, 304 та кийим тикиш, 286 та маиший техника асбоблари таъмирлаш, 343 та автомобилларни таъмирлаш ва ювиш хизмати, 198 та қурилиш техникаларига хизмат кўрсатиш, 128 та интернет ва пайнет хизмати, 299 та тантана ва оилавий тадбирни ўтказиш, кўмиш ва мотам хизмати, 218 та спорт ва соғломлаштириш маркази, 246 та омухта ем ва шрот сотиш пункти, 375 та минерал ўғит сотиш пунктлари, 389 та ўсимликларни ҳимоя қилиш маскани, 428 та зооветеринария пунктлари, 571 та мактабгача таълим муассасаси ва яслилар, 226 та уй боғчалари, 331 та репетиторлар ва таълим марказлари ҳамда 278 та дорихона объект (пункт)лари нисбатан етишмаслиги аниқланди. (1-жадвал илова қилинади)
Ҳудудлар кесимида қаралганда, Бухоро шаҳрида 823 та, Когон шаҳрида 187 та, Бухоро туманида 897 та, Вобкент туманида 245 та, Жондор туманида 395 та, Когон туманида 152 та, Олот туманида 283 та, Пешку туманида 459 та, Ромитан туманида 368 та, Шофиркон туманида 677 та, Қорақўл туманида 708 та, Қоровулбозор т. - 97 та ва Ғиждувон туманида 1459 та хизмат объектлари нисбатан етишмаслиги маълум бўлди.
Мисол учун, узоқ чўл ҳудуди бўлган Қоракўл тумани “Янгизамон” МФЙда истиқомат қиладиган 4110 нафар аҳолига 7 та сервис объектлари хизмат кўрсатиб, аҳоли эҳтиёжларини маҳалланинг ўзида қондириш учун энг зарур бўлган кўплаб хизматлар кўрсатиш сервис объектлари етишмайди. Жумладан, 2 та гўзаллик салони, 1 та пойабзал тикиш ва таъмирлаш, 2 та кийим тикиш ва таъмирлаш хизмати, 1 та маиший техникани таъмирлаш хизмати, 2 та автомобилларни таъмирлаш ва ювиш хизмати, 1 та тантана ва оилавий тадбирларни ўтказиш объекти, 1 та омухта ем ва шрот сотиш пункти, 1 та зооветеринария пункти, 1 та мактабгача таълим муассасаси ва яслилар, 1 та репититорлик ва таълим маркази, 1 та дорихона ва бошқа хизматлар кўрсатиш масканлари, жами ҳисобда 22 та сервис хизматларига аҳоли томонидан маҳалланинг ўзида фойдаланишга эҳтиёжлари мавжуд. Бу ҳолат вилоятнинг бошқа маҳаллаларида ҳам кузатилади. (маҳаллалар кесимидаги 2-жадвал илова қилинади)
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, соҳани ривожлантириш учун берилаётган кўплаб молиявий ресурслар, солиқ ва божхона имтиёзларига қарамасдан, маъсул идоралар томонидан барча маҳаллаларда хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини бир хил равишда ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2022 йил 25 ноябрь куни Навоий вилоятига амалга оширган ташрифлари давомида “аҳоли учун барча шароитлар биринчи навбатда маҳалланинг ўзида бўлиши кераклигига эътибор қаратилиши” лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Марказий банк, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги тижорат банклари билан биргаликда маҳаллалардаги хоким ёрдамчилари ёрдамида қуйидагиларни амалга ошириш таклиф этилади:
- жорий йилнинг 1 апрелига қадар маҳаллалардаги мавжуд хизматлар ва сервис кўрсатиш ҳолатини танқидий ўрганиб чиқиб, маҳалланинг ўзида мавжуд бўлиши тавсия этиладиган лекин бугунги кунда етишмайдиган хизматлар кўрсатиш ва сервис объектлари ҳисобини аниқлаб олсин;
- соҳа учун ажратилган молиявий ресурсларни хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳаси нисбатан паст ривожланган маҳаллаларида сервис объектларини барпо этиш ва фаолият кўрсатаётган объектларни янада ривожлантириш учун йўналтирсин;
- ўрганиш натижасига кўра етишмайдиган хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш юзасидан республиканинг ҳар бир маҳалла (овул) фуқаролар йиғинлари кесимида “Маҳаллаларда 2023-2025 йилларда хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш Дастури”ни ишлаб чиқсин;
- ҳар чоракда мазкур дастурлари ижроси юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг оралиқ сессияларида танқидий муҳокама қилиб борсин.
Изоҳ қолдириш