Мурожаатнома давомида Президент сўнгги йилларда ҳудудларни ривожлантириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг натижаларига ва ушбу йўналишда келгусидаги вазифалар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди.
Ҳудудларнинг комплекс ва мутаносиб ривожланишини таъминлаш миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсишининг муҳим вазифаси бўлиб ҳисобланади. Сўнгги йилларда кичик шаҳарлар ва шаҳар типидаги аҳоли пунктларини фаол ривожлантириш, уларда янги саноат корхоналари ва кичик саноат зоналарини яратишга қаратилган қатъий чоралар кўрилди ва кенг кўламли дастурлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, хомашё базасини яратиш ва модернизация қилиш, иқтисодий ўсиш нуқталарини аниқлаш ва замонавий инфратузилмани шакллантириш бўйича пухта ишлаб чиқилган режаларсиз ҳудудларни барқарор ривожлантиришга эришиб бўлмайди. Ушбу йўналишда Президент бир қатор чора-тадбирларни, шу жумладан келгуси йилда жами 3 триллион сўмлик ҳудудий инфратузилмани ривожлантириш жамғармаси, 100 та технопарк, кичик саноат зоналари, 84 та туман ва шаҳарлардаги ҳудудий кластерлар шакллантирилишини эълон қилди. Бундан ташқари, 2021 йилда ЭИЗ ва КСЗни зарур инфратузилма билан таъминлаш учун 1,6 триллион сўм ажратилади. 2021 йилда ҳудудларда 130 минг км паст кучланишли электр узатиш линиялари ва 40 мингдан ортиқ трансформаторларни босқичма-босқич таъмирлаш дастури тасдиқланади. Бундан ташқари, туризм соҳасини ривожланиши Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, ривожланган сайёҳлик инфратузилмасисиз, хорижлик меҳмонлари учун барча қулайликларни яратмасдан, туристик оқимнинг динамик ўсишини таъминлаш мумкин эмас. 2021 йилда сайёҳлик объектлари атрофидаги ерларни ободонлаштириш, сув ва йўл инфратузилмасини яхшилаш учун бюджетдан 1 триллион сўм ажратилади.
Самарали, замонавий транспорт ва энергетика инфратузилмасини яратиш ҳам ҳудудлар ҳам мамлакат иқтисодиётини муваффақиятли ривожлантиришнинг муҳим омилларидан биридир. Президент ҳудудларни ривожлантириш масалалари нуқтаи назаридан ушбу соҳалардаги истиқболли вазифалар тўғрисида алоҳида тўхталди. Хусусан, йирик шаҳарлар ва чекка қишлоқлар ўртасида ўзаро боғланган транспорт тармоғини яратиш зарурлиги ҳақида сўз юритилди. Ҳозирги вақтда замонавий транспорт коммуникацияларини яратиш ҳақида сўз борганда, фақатгина давлатнинг чекланган имкониятларига таяниб бўлмаслиги мазкур соҳага давлат ташкилотларига қараганда анча самарали бошқарувга эга хусусий секторни янада фаол жалб қилиш зарурлигини кун тартибига чиқмоқда. Шу муносабат билан келгуси йилда бир қатор ҳудудий аэропортлар давлат-хусусий шериклиги асосида ишончли бошқарувга ўтказилади.
Ҳар бир қишлоқ ва маҳаллада яшаш жойларини ободонлаштириш ва одамлар учун муносиб ҳаёт кечириш учун қулай шароитлар яратиш давлатнинг устувор вазифаларидан биридир. Ушбу йўналишда Президентимиз “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш доирасида сезиларли натижаларга эришилганлигини Мурожаатномада қайд этиб ўтдилар. Дастурларнинг амалга оширилиши 5 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилаётган 12 мингта аҳоли пунктини ободонлаштиришга имкон берди. 2021 йилда ушбу дастурлар давом эттирилади ва ушбу лойиҳаларни молиялаштириш маҳаллий ва республика бюджетларидан тенг улушларда амалга оширилади.
Изоҳ қолдириш