Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон иқтисодиётини чуқур декарбонизация қилишнинг асосий йўналишларини белгилаб берди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон иқтисодиётини чуқур декарбонизация қилишнинг асосий йўналишларини белгилаб берди

Тадбир Марказий Осиё мамлакатларининг давлат органлари, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот институтлари ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини бирлаштирди.

Иштирокчилар иқлим ўзгаришининг тоғли ҳудудлар, аҳоли саломатлиги, сув ресурслари ва минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсири, шунингдек, энг заиф жамоаларнинг барқарорлигини ошириш чораларини муҳокама қилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сектор мудири Абдурашид Бозоров «Иқлимга чидамлилик ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш бўйича минтақавий устувор йўналишлар» мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди.

Муҳокама давомида иқлим ўзгаришига мослашиш, табиий ресурсларни барқарор бошқариш ва аҳолини иқлим хатарларидан ҳимоя қилиш соҳаларида минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.

Миллий стратегияларни ўзаро мувофиқлаштириш, таҳлилий маълумотлар алмашинуви ва Марказий Осиё мамлакатларининг қўшма ташаббусларини ривожлантириш заруратига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сектор мудири Алишер Халмурзаев «Иқлим хатарларига дучор бўлган тоғли ҳудудларда барқарорликни ошириш» мавзусидаги сессияда иштирок этиб, Ўзбекистон иқтисодиётини чуқур декарбонизация қилишнинг асосий йўналишларига бағишланган таҳлилни тақдим этди.

У ўз чиқишида Ўзбекистон иқтисодиётини чуқур декарбонизация қилиш учта кенг кўламли ўзгаришни талаб этишини таъкидлади.

Биринчидан, табиий газга юқори даражада боғлиқ бўлган тизимдан қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши анча юқори бўлган тизимга босқичма-босқич ўтиш орқали электр энергетикаси секторининг экологик тозалигини сезиларли даражада ошириш зарур. Бунинг учун электр тармоқларини модернизация қилиш, энергияни сақлаш тизимларини ривожлантириш ва энергетика тизимининг мослашувчанлигини оширишга катта миқдорда инвестициялар талаб этилади.

Иккинчидан, бинолар, транспорт ва саноатнинг айрим тармоқларини қамраб олган ҳолда энергиядан якуний фойдаланиш секторларини электрлаштириш кўламини кенгайтириш зарур. Бунда иссиқлик насослари, электр транспорт воситалари ва электр энергиясида ишлайдиган саноат ускуналаридан кенгроқ фойдаланиш назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, электрлаштириш фақат электр энергиясининг ўзи ҳам экологик жиҳатдан тозароқ бўлган тақдирдагина чиқиндиларнинг қисқаришига хизмат қилиши қайд этилди.

Учинчидан, чиқиндиларни камайтириш айниқса мураккаб бўлган тармоқлар учун махсус технологик ечимлар талаб этилади. Цемент, кимё маҳсулотлари, ўғитлар ва пўлат ишлаб чиқаришни фақат электрлаштириш ҳисобига тўлиқ декарбонизация қилиб бўлмайди. Ушбу соҳаларда углеродни тутиб қолиш технологиялари, яшил водород, янги ишлаб чиқариш усуллари ва муқобил материалларни жорий этиш талаб этилади.

Шунингдек, сўнгги 20 йилда Ўзбекистонда ўртача ҳарорат тахминан 1,5°C га ошгани таъкидланди. Айни пайтда сув ресурсларига босим ҳам кучаймоқда — Амударё оқими сўнгги йигирма йилда тахминан 30% га, Сирдарё оқими эса 10 йил ичида қарийб 10% га камайган. Ушбу ўзгаришлар қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, бандлик ва аҳоли фаровонлиги учун хатарларни юзага келтирмоқда.

Эксперт Ўзбекистонда иқтисодиётнинг углерод сиғимини камайтириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва иссиқхона газлари чиқиндиларини мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берди.

Хусусан, Ўзбекистон иқтисодиётининг энергия сиғими Европа Иттифоқидаги ўртача кўрсаткичдан тахминан 4 баравар, жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан эса 2 баравар юқори экани қайд этилди. Шу муносабат билан энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ва экологик жиҳатдан тозароқ энергия манбаларига босқичма-босқич ўтиш ислоҳотларнинг асосий йўналишлари сифатида кўриб чиқилмоқда.

Узоқ муддатли устувор йўналишлар сифатида қуёш ва шамол энергетикасини кенгайтириш, иссиқлик электр станциялари самарадорлигини ошириш, биноларни модернизация қилиш, жамоат ва электр транспортини ривожлантириш, шунингдек, саноатда кам углеродли технологияларни жорий этиш белгиланди.

Конференция иштирокчилари Марказий Осиёдаги иқлим муаммолари трансчегаравий хусусиятга эга эканини ва минтақа давлатларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатларини талаб этишини таъкидлади. Иқлимга чидамлиликни ошириш учун энергетика, сув ресурсларидан фойдаланиш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва тоғли ҳудудларни ривожлантириш соҳаларидаги чора-тадбирларни бирлаштириш зарур.

Конференция якунлари бўйича минтақавий экспертлар мулоқотини давом эттириш, маълумот ва тажриба алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси ва иқтисодиётининг иқлим ўзгаришларига барқарорлигини оширишга қаратилган қўшма ечимларни ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг
Жамоатчилик билан алоқалар сектори

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар