Иқлим ўзгариши 2050 йилга келиб 216 миллион инсонни ўз мамлакатларининг бошқа ҳудудларига кўчишга мажбур қилиши мумкин

Иқлим ўзгариши 2050 йилга келиб 216 миллион инсонни ўз мамлакатларининг бошқа ҳудудларига кўчишга мажбур қилиши мумкин

Жаҳон банкининг Гроундсвелл («Тўққизинчи тўлқин») номли ҳисоботида айтиладики, иқлим ўзгариши, миграциянинг тобора кучайиб бораётган омили сифатида, 2050 йилигача олтита минтақадаги 216 миллион инсонни ўз мамлакатларининг бошқа ҳудудларига кўчишга мажбур қилиши мумкин.

Ички иқлим миграциясининг ўчоқлари тез орада, яъни 2030 йилдаёқ шаклланиши мумкин ва 2050 йилга яқинлашган сари бу жараённинг кўлами ва интенсивлиги ўсишда давом этади. Аммо, шу билан бирга ҳисобот кўрсатадики, глобал чиқиндиларни камайтириш ва яшил, инклюзив ҳамда барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш йўлида келишилган ҳолда зудлик билан чора-тадбирлар кўриш иқлим миграциясини бутун 80 фоизга камайтириши мумкин.

Иқлим ўзгариши ички миграциянинг кучли қўзғатувчиси ҳисобланади, чунки у аҳоли даромад манбаларига таъсир қилади ва ундан энг кўп зарар кўрган ҳудудларда ҳаёт сифатини кескин ёмонлаштиради. 2050 йилга келиб ички "иқлим" мигрантлари сони Африканинг Саҳрои Кабир жанубидаги мамлакатларда 86 миллионга, Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақасида 49 миллионга, Жанубий Осиёда - 40 миллионга, Шимолий Африкада - 19 миллионга, Лотин Америкасида - 17 миллионга, Шарқий Европа ва Марказий Осиёда эса 5 миллионга етиши мумкин.

«Тўққизинчи тўлқин» ҳисоботи - иқлим ўзгариши туфайли, айниқса, бу ҳодисани келиб чиқишида роли минимал бўлган дунёнинг энг қашшоқ аҳоли қатламларида азоб-уқубатлар ва қурбонлар бўлиши ҳақида огоҳлантирувчи эслатмадир. Шу билан бирга, ҳисоботда мамлакатлар иқлим миграциясининг баъзи асосий омилларини зарарсизлантириш учун қандай йўл тутиши кераклиги аниқ кўрсатилган,» - деди Жаҳон банкининг барқарор ривожланиш масалалари бўйича вице-президенти Юрген Фёгеле.

Янгиланган ҳисобот учта минтақа учун прогнозлар ва таҳлилларни ўз ичига олади. Булар: Шарқий Осиё ва Тинч океани ҳудуди, Шимолий Африка ҳамда Шарқий Европа ва Марказий Осиё. У Жаҳон банкининг Африкадаги Саҳрои Кабирдан жанубдаги ҳудуд, Жанубий Осиё ва Лотин Америкасини қамраб олган олдинги 2018 йилда нашр этилган «Тўққизинчи тўлқин» ҳисоботида биринчи бор фойдаланилган инновацион моделлаштириш методологиясига асосланади.

Ҳисоботда давлат органларига узоқ муддатли режаларни ишлаб чиқишда ёрдам берадиган келажакда воқеалар ривожи туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган натижаларини ўрганиш имконини берадиган сценарийга асосланган ёндашув қўлланилган. Бу ёндашув мамлакат ичидаги «иқлим» мигрантлари оқимининг келиш ва кетиш «ўчоқлари»ни аниқлайди. Булар: сув танқислиги, экинлар ҳосилдорлигининг пасайиши ва денгиз сатҳининг кўтарилиши туфайли инсонлар чиқиб кетиши кутилаётган жойлар, шунингдек, янги ҳаёт бошлаш учун қулайроқ шароитлари бўлган шаҳар ва қишлоқлар.

Ҳисоботда иқлим миграцияси сабабларини камайтиришга ва кутилаётган миграция оқимларига тайёргарлик кўришга ёрдам бериши мумкин бўлган бир қатор стратегик тавсиялар ўз ифодасини топган, жумладан:

  • дунё миқёсида чиқиндиларни камайтириш ва Иқлим ўзгариши бўйича Париж битимининг мақсадларига эришиш учун имкони борича ҳамма ишни қилиш;
  • экологик, барқарор ва инклюзив ривожланишни узоқ муддатли режалаштиришда ички иқлим миграцияси омили ҳисобга олинишини тўлиқ таъминлаш;
  • ички иқлим миграцияси мослашиш стратегияларидан бирига айлана олиши ва ривожланиш соҳасида ижобий натижаларини бериши учун миграциянинг ҳар бир босқичига тайёргарлик кўриш;
  • мақсадли сиёсат чораларини оқилона шакллантириш учун ички иқлим миграцияси ҳаракатлантирувчи кучларининг моҳиятини чуқур ўрганишга сармоя киритиш.

Минтақалар контекстида хулосалар

Европа ва Марказий Осиё минтақаси контекстидаги асосий маълумотлар

  • 2050 йилга келиб, Шарқий Европа ва Марказий Осиёда пессимистик бошланғич сценарийнинг юқори қисмига кўра 5,1 миллионгача «иқлим» мигрантлари ёки прогноз қилинадиган аҳоли сонининг 2,3 фоизи пайдо бўлиши мумкин. Улардан 2,4 миллионгача «иқлим» мигрантлари Марказий Осиёда яшади (пессимистик бошланғич сценарий бўйича ўртача).
  • Фарғона водийси (Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудида), Тошкент шаҳри атрофлари ва Тожикистон жанубининг пасттекисликлари (шу жумладан Душанбе), шунингдек, Қозоғистон шимолидаги аҳоли зич жойлашган шаҳарлар (Қарағанда, Нур-Султон ва Костанай) «иқлим» мигрантлари оқими келадиган зонага айланади. Бу Ўрта Осиёнинг шу қисмларида сув таъминоти ва экинлар ҳосилдорлигининг кутилаётган ўсиши билан боғлиқ.
  • «Иқлим» мигрантлари чиқиб кетадиган жойлар - Қозоғистоннинг жанубий чегарасидаги ҳудудлар, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Фарғона водийсига туташ ҳудудлари, шунингдек, Бишкек шаҳри атрофидаги ерлар бўлиши кутилмоқда. Бу Ўрта Осиёнинг шу қисмларида сув таъминоти ва экинлар ҳосилдорлигининг пасайиши прогнози билан боғлиқ. Худди шу сабабларга кўра, Шарқий Туркманистон ва Ўзбекистон жанубининг Амударё бўйида жойлашган кичикроқ ҳудудлари ҳам «иқлим» мигрантлари учун потенциал чиқиб кетиш зоналари ҳисобланади.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар