Жаҳон банки ва Ўзбекистон ҳукумати «Ўзбекистонда сув таъминоти хизматлари секторини ривожлантириш ва уни институционал қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси бўйича молиявий ва грант битимлари имзоладилар, дея хабар бермоқда Молия вазирлиги матбуот хизмати.
Битимлар 17 май куни Молия вазирлигида, Марказий Осиё мамлакатлари бўйлаб биринчи иш сафари доирасида Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бёрде билан бўлиб ўтган учрашувда имзоланди.
Лойиҳани амалга ошириш учун ЖБ томонидан 239 млн АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит, шунингдек, Швейцария давлат котибиятининг иқтисодий масалалар бўйича 7,8 млн АҚШ доллари миқдоридаги гранти ажратилади.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг учта ҳудудида 500 мингдан ортиқ киши сув таъминоти ва канализация хизматларидан янада сифатли фойдалана олади. Қорақалпоғистон Республикасида Нукус, Тахиатош ва Хўжайли шаҳарларида канализация-тозалаш иншоотларини модернизация қилиш режалаштирилган. Шунингдек, Сирдарё вилояти ва Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида сув таъминоти ва канализация тармоқлари кенгайтирилиб, реконструкция қилинади.
Шунингдек, мазкур учрашув доирасида «Ўзбекистонда миллий инновацион тизимни модернизация қилиш» лойиҳаси бўйича молиявий битимлар ҳам имзоланди. Лойиҳани амалга ошириш учун ЖБ томонидан 50 млн АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратилади.
Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланган янги лойиҳа ҳукуматга бозор иқтисодиёти шароитида ишлашга қодир бўлган миллий инновацион тизимни ривожлантиришга ёрдам беради. Бу илмий ва инновацион маҳсулотлар ва хизматларни илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишланмалари ва тижоратлаштириш соҳасида давлат, илмий-тадқиқот ташкилотлари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.
Лойиҳа давлат илмий-тадқиқот институтлари (ИТИ) ва олий ўқув юртларида халқаро синф тадқиқотларини олиб боришга ёрдам беради, шунингдек, уларнинг иш натижаларини тижоратлаштиришга имкон беради. Мазкур ташкилотларнинг илмий ходимлари илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишланмалари соҳасида 50 та тадқиқот, жумладан, халқаро тадқиқотчилар ва хусусий сектор иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштирадиган грантлар олиш учун ариза топширишлари мумкин.
Бундан ташқари, маҳаллий фирма ва компаниялар бошланғич лойиҳаларга сармоя киритиш учун маҳаллий ва халқаро бозорларда талаб қилинадиган янги ёки мавжуд инновацион маҳсулот ва хизматларни илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишланмалари соҳасида 30 га яқин грант олишлари мумкин. Масалан, улар тиббий, фармацевтика ва биотехнологик маҳсулотлар ва хизматларни ишлаб чиқиш, шунингдек, илм-фан ва технологиянинг бошқа истиқболли йўналишлари бўйича лойиҳани молиялаштириш учун ариза топширишлари мумкин.
Лойиҳа доирасида айрим ИТИ инфратузилмаси ва лабораторияларини модернизация қилиш учун маблағлар ажратилади, уларнинг рўйхати тегишли ташкилотларнинг эҳтиёжларини ҳар томонлама баҳолашдан сўнг инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ҳукумати томонидан турли хил ижтимоий-иқтисодий соҳаларда, жумладан, давлат иштирокидаги йирик корхоналарни ислоҳ қилиш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирлари, иссиқлик таъминоти тизимлари модернисацияси, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ер муносабатларини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни муҳокама қилдилар.
Томонлар 2022−2026 йилларга мўлжалланган Жаҳон банкининг Ўзбекистон Республикаси билан Ҳукуматнинг мамлакатни кейинги беш йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ва ривожланиш режаларига жавоб берадиган шериклик дастури доирасида устувор йўналишларини муҳокама қилдилар.
Анна Бёрде ЖБ инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда мамлакатга молиявий ва консультатив ёрдам кўрсатишни давом эттиришини таъкидлади.
Музокаралар Молия вазирлигида ҳам бўлиб ўтди. Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликнинг қатор масалалари, жумладан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмаси, сув таъминоти каби муҳим йўналишларда Жаҳон банкининг молиявий иштирокидаги лойиҳалари муҳокама қилинди.
Ҳозирги кунда Жаҳон банки 24 та лойиҳани техник ёрдам ва молиялаштириш орқали Ўзбекистонга кўмаклашмоқда. Улар муҳим иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти ва санитария, энергетика, транспорт, ижтимоий ҳимоя қилиш, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини модернизация қилиш, шунингдек, COVID-19 нинг соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва фуқаролар учун таъсирини камайтиришга ёрдам беради.
Изоҳ қолдириш