Давлат бошқаруви ҳақида эксперт мулоҳазалари

Давлат бошқаруви ҳақида эксперт мулоҳазалари

Абхижита Бенаржи ва Эстер Дюфлонинг жаҳондаги камбағалликка қарши курашиш йўлида таклиф этган янгича ёндашуви 2019 йил Нобел мукофотига лойиқ деб топилди. Табиийки, энг нуфузли соврин билан тақдирланган илмий янгиликлар кенгроқ ўрганилишга лойиқ.

Мазкур мақолада Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази сектор мудири Бахтишод Хамидов олимлар тақдим этган “Камбағаллик иқтисодиёти” (Poor Economics) китобининг давлат институтлари ролини муҳокама қилишга бағишланган қисмида ёритилган фикрлар билан таништирган.

Ақлли сиёсий ташаббуснинг ўзи етарли эмас

Олимлар биринчи ўртага ташлаган илмий натижа бу яхши шаклланган ва пухта ўйланган сиёсат, агар у амалга тўғри тадбиқ этилмаса, жамият ҳаётини яхшилай олмайди. Кўплаб сиёсий муваффақиятсизликлар амалга оширишдаги (имплементациядаги) камчиликларга бориб тақалади (жумладан, камбағалликка қарши курашиш йўлидаги сиёсат ҳам). Масалан, Уганда ўқув материаллари харажатларини молиялаштириш учун талабаларни қўллаб-қувватлаш дастурини қабул қилган. Бу ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан пухта ўйланган сиёсат эди. Чунки бошқа давлатлар тажрибаси бу сиёсатни катта самара беришини аллақачон исботлаган. Бироқ Уганда ҳукумати томонидан ажратилган пулларнинг атиги 13 фоизи талабаларга етиб борган ва қолган қисми маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан ноқонуний ўзлаштириб юборилган. Демак, кўриниб турибдики, ҳар қандай сиёсат амалга ошириш имкониятларидан келиб чиқиб ишлаб чиқилиши керак. Ҳар қандай ҳукумат бирор қарор қабул қилишдан олдин “Бу сиёсат амалга тўғри тадбиқ этилаётганини назорат қилиш учун ресурслар етарлими?” – деган саволни бериши керак.

Бошқача айтганда, сиёсатни амалга ошириш жараёнини мониторинг қилиш осонроқ бўлган аниқ соҳаларга эътибор қаратиш мониторинг қилиш қийин бўлган кенг қамровли соҳаларга эътибор қаратишдан афзалроқ. Масалан, соғлиқни-сақлаш соҳасида ҳолатни яхшилаш учун мамлакат доирасида кенг кўламли сиёсат ишлаб чиқиш ўрнига аҳвол энг мураккаб ҳудудларда фақат юқумли касалликлар устидан назоратни ўрнатиш сиёсати афзалроқ. Ёки тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва санитария ҳолатини яхшилаш каби сиёсатлар, бир тарафдан, аниқ мақсадни кўзлайди (амалга оширишни назорат қилиш нисбатан осон) ва иккинчи тарафдан, жуда кўп касалликларнинг асоси сувнинг сифатсизлиги ва санитарияга амал қилмаслигини ҳисобга олганда жуда самарали ҳисобланади.

Коррупция давлат сиёсати натижадорлигининг кушандаси

Олимлар яна бир эътибор қаратган муаммо бу порахўрлик ва ўғирлик ҳолатлари. Олимларнинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар одатда давлат назорати кучсиз бўлган соҳаларда кузатилади. Улар Уганда мисолида порахўр амалдорлар шунчаки “кимдир сезиб қолишидан қўрқиб” ўғирликка қўл урмаслигини аниқлаган тадқиқот натижаларига урғу беради.

Олимларнинг таъкидлашича, кенг маънодаги коррупция, ўз навбатида, ресурслардан самарасиз фойдаланишнинг катта муаммоларини келтириб чиқаради. Ўқитувчилар ишга келмаса – таълим тизимидаги ислоҳотлар натижа бермайди. Шунинг учун коррупция муаммоси ҳал қилинмагунча, давлатнинг чоралари ўз самарасини бермайди.

Яқин тарих кўп нарсани ҳал қилади

Кейинги урғу бериладиган натижа бу “ёмон” институционал тизим бошқа бир “ёмон” институционал тизимни яралишига олиб келади. Кўпгина ривожланаётган мамлакатларнинг янги ҳукуматлари мустамлакачи давлатдан “мамлакат ресурсларини йиғиб олиш”га қаратилган ёмон институционал тизимини мерос қилиб олган. Яъни, кўп давлатлар узоқ давом этган мустамлакачиликдан озод бўлган заҳоти бошқарув тажрибасига эга бўлмайди. Шу сабабли мустамлакачилик даврида дуч келган сиёсий ёндашувларни қўллашда давом этишга мойил бўлиб қолади. Аммо, кўп ҳолатларда, мустамлакачи мамлакатларнинг ўз мустамлака давлатларида юритган сиёсатлари у ердан ресурсларни олиб чиқиш мақсадига мослаштирилган бўлганлиги бу факт.

Сиёсий тузум бирламчи эмас

Шу билан бирга, сиёсий тузум баъзида самарали давлат бошқарувини юритилишини чекламайди. Мисол сифатида Индонезия раҳбари Сухартони келтириш мумкин. У диктаторлик режимини жорий этганлигига қарамай мактаблар ва таълимни ривожлантиришга, халқни бир мақсад сари бирлаштиришга эриша олган. Бундай мисолларни жаҳон тарихидан кўплаб келтириш мумкин.

Яхши ният – ярим “давлат”

Яна бир муҳим масала бу сиёсий ниятнинг яхшиликка қаратилганлиги етарли эмаслигидир. Шу билан бирга, сиёсатнинг яхшиликни кўзлаб амалга оширилиши бу сиёсат муваффақиятини фақат қисман таъминлай олади. Чунки баъзи ҳолларда ҳақиқий ҳолат нотўғри баҳоланади ва бу мақсаднинг нотўғри қўйилишига олиб келади. Масалан, одамлар емишга пул топиш билан кун бўйи овора бўлиб таълим олишга имкониятлари йўқ жойларда уларни мактабга келишга мажбур қилиш хато. Уларни етарли емиш билан таъминлаш, кейин эса таълимга чақириш керак бўлади. Ёки барча халқ табобатини афзал кўрган қишлоқ жойларида врачлик пунктларини қуришдан фойда кам бўлади ва, табиийки, уларни қуришга йўналтирилган инвестициялардан самара жуда кам бўлади.

Давлат блогер эмас

Давлат ходими (нияти яхши бўлса ҳам) сиёсатни амалга оширишда кўп тўсиқларга учрайди. Давлат ходимининг жамият манфаати учун қилаётган иши одатда кўзга кўринмайди ва халқ улар бажараётган ишни ҳар доим ҳам қўллаб-қувватламаслиги мумкин. Масалан, милиция ходими жиноятчиликка қарши курашади, бир икки жиноятчини тунда хибсга олади, лекин одамлар бу ҳақда билмайди. Содир бўлиш эҳтимоли кичик бўлса ҳам келтирадиган талофати катта бўлган ҳодисаларни назорат қилишга масъул ва бунинг учун маош оладиган давлат ходимлари халқ кўзига кераксиздек кўринади, лекин талофат содир бўлган ҳолатда жуда кўп одам зиён кўриши мумкинлигини улар инобатга олмайди.

Халқ рағбати ва манфаатини кўзлаш муҳим

Ҳар бир инсоннинг рағбат ва эҳтиёжларини инобатга олиб ишлаб чиқилган сиёсат энг афзал сиёсатдир. Чунки кўп сонли манфаатдор тарафларнинг қистови билан ишлаб чиқилган сиёсат ҳар томонлама ўйланган ва тарафдорлари кўп бўлади. Бундай сиёсат амалга тўғри тадбиқ қилинишини халқнинг ўзи назоратга олади, хатоларни дарров сезади ва тўғирлайди. Бошидаги тўғри сиёсат кейинги қадамларни ҳам тўғри қўйилишига ва туб ўзгаришларга етаклайди.

Хулоса

Умид қиламизки, Абхижита Бенаржи ва Эстер Дюфло муҳокама қилган илмий натижалар мамлакатимизда сиёсат юритиш, сиёсатни назорат қилиш ва самарали амалга ошириш йўлида муҳим услубий қўлланма бўлиб хизмат қилади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

сектор мудири Бахтишод Хамидов

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар