Доимий яшаш ва вақтинча бўлиш жойлари бўйича рўйхатга олишга доир қандай ўзгаришлар киритилди

Доимий яшаш ва вақтинча бўлиш жойлари бўйича рўйхатга олишга доир қандай ўзгаришлар киритилди

Президентнинг 26.01.2021 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ПФ-6146-сон Фармони қабул қилинди.

Ҳужжат билан, 28.08.2019 йилдаги ЎРҚ-558-сон Қонунга ҳамда Президентнинг 22.04.2020 йилдаги ПФ-5984-сон Фармонига мувофиқ Президентнинг қуйидаги ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

1) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда (Тошкент вилоятидан ташқари) бошқа давлатлардан келган ва доимий прописка қилиниш ҳуқуқига эга бўлган шахслар – чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхатига (28.08.2018 йилдаги ПҚ-3924-сон қарор билан тасдиқланган) қуйидагилар киритилди:

  • хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзолари (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандлари);
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил қилиш учун камида 3 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс – хорижий инвестициялар иштирокидаги корхона муассиси (иштирокчиси) ҳамда уларнинг оила аъзолари (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандлари);
  • «Фахрий фуқаро» мақоми берилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек уларнинг оила аъзолари (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандлари).

2) Ўзбекистон Республикаси паспорт тизими тўғрисидаги низом ҳамда Фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик йўл ҳужжатлари тўғрисидаги низом (5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармон билан тасдиқланган) II1 бўлим билан тўлдирилди, унда суд ажрими билан амал қилиши тўхатиб турилган паспорт (йўл ҳужжати) ўрнига янги паспорт (йўл ҳужжати) бериш тартиби келтирилган.

Қидирувда бўлган айбланувчи ёки судланувчи республика ҳудудида ушланган тақдирда суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилган паспорт (йўл ҳужжати) ички ишлар органлари ёки чегара назорати бўлинмалари томонидан маълумотларни йиғиш пунктига йўқ қилиш учун жўнатиш мақсадида олиб қўйилади. Айбланувчига (судланувчига) паспорти олиб қўйилганлиги ҳақида далолатнома берилади.

Суд ажрими билан паспортининг (йўл ҳужжатининг) амал қилиш муддати тўхтатиб турилган айбланувчига ёки судланувчига янги паспорт (йўл ҳужжати) маълумотлари йиғиш пункти томонидан паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилмаган ҳолда, зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 10 кун ичида берилади.

Тергов ҳибсхоналари ёки вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахсга янги паспорт (йўл ҳужжати) расмийлаштириш ушбу шахслар сақланаётган жойга борган ҳолда амалга оширилади.

3) Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4079-сон қарор билан тасдиқланган) тузатишлар киритилди. Фуқарога хорижда доимий яшаш учун чиқишига рухсат берилганлиги тўғрисида ва ҳамроҳлик қилувчи шахслар тўғрисида (вояга етмаган фуқаролар учун) паспортга киритиладиган штамплар намуналари, огоҳлантириш хати намунаси тасдиқланди. Суд ажрими билан амал қилиши тўхтатиб турилган биометрик паспорт ёки хорижга чиқиш биометрик паспортини олиб қўйиш ва республикага қайтиш учун гувоҳнома бериш тартиби белгиланди. Ушбу норма доимий ёки вақтинча консуллик рўйхатида турган шахсларга татбиқ этилади.

Шунингдек доимий яшаш жойи ва вақтинчалик бўлиш жойи бўйича рўйхатга олишга доир Президентнинг бошқа ҳужжатларига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.01.2021 йилдан кучга кирди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар