Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ҳамкорликда ташкил этилган оралиқ сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирликнинг матбуот хизмати хабар берди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича бошқарувчиси Б.Балванера, ЕТТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари А.Дракинос, шунингдек Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки вакиллари, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Марказий банк раҳбарлари иштирок этишди.
Сессияда шунингдек British American Tobacco (Буюк Британия), JP Morgan Chase (АҚШ), CNPC (Хитой), KNOC (Жанубий Корея), «Лукойл» (Россия), Knauf (Германия), Carlsberg (Дания), Posco Daewoo (Жанубий Корея) ва бошқа шу каби Ўзбекистонда инвестиция фаолиятини амалга ошираётган ёки амалга оширишни режалаштираётган хорижий компаниялар раҳбарлари ҳам қатнашдилар. Бундан ташқари, Ernst&Young, KPMG, Deloitte, Pricewaterhouse Coopers, Dentons каби халқаро консалтинг агентликлари экспертлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилдилар.
Хорижий инвесторлар кенгашининг асосий вазифаси қулай инвестиция муҳитини яратишда, маҳаллий ҳамда хорижий тадбиркорларни иқтисодиётнинг устувор тармоқлари ва ҳудудларга рақобатбардош экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналарни ташкил этиш мақсадида сармоя киритишларини рағбатлантиришнинг самарали механизмларини шакллантиришда бевосита иштирок этишдан иборатдир.
Сессия очиқ мунозара шаклида ўтиб, унда инвесторлар ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро фаолиятни такомиллаштириш, хусусийлаштириш жараёнининг қулай ва зарур ҳуқуқий, тартибга солувчи ва институционал асосларини яратиш, баҳолаш фаолияти ва корпоратив қонунчилик методологиясини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирни очган сессия раҳбари С. Умурзаков ўзаро ишонч муҳитида қурилган ҳамда инновациявий ғояларни татбиқ қилиш ва истиқболли бизнес-ташаббусларни амалга оширишга имкон берувчи соғлом ва шаффоф ишбилармонлик муҳитини шакллантиришнинг муҳимлиги, бу эса ўз навбатида жаҳондаги инвестициялар оқимида Ўзбекистоннинг ўрнини мустаҳкамлаш учун олиб борилаётган шиддатли халқаро рақобатли кураш шароитида салмоқли устунликка эга бўлиш имконини беришини таъкидлади.
У ҳукумат номидан қонунчилик базасини такомиллаштириш, ортиқча маъмурий тўсиқларни олиб ташлаш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича изчил ишларни давом эттириш нияти қатъийлигини билдирди.У, шунингдек, сессия иштирокчиларини банк-молия сектори ислоҳоти, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнларини тезлаштириш ва активларни баҳолашнинг холис усулларини жорий қилиш каби масалаларга эътибор қаратишга чақириб, бу иқтисодий ўзгаришларнинг ушбу босқичида Ўзбекистоннинг иқтисодий жозибадорлигини сезиларли даражада ошириш, инвестицияларнинг қўшимча ҳажмларини жалб қилиш, ва, умуман олганда, мамлакатнинг иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини яхшилаш имконини беришини таъкидлади.
Шунингдек, сессия давомида ЕТТБ вакиллари ва маслаҳатчилари сўзга чиқиб, мамлакатда олиб борилаётган ўзгаришларнинг дадил ва жўшқинлигини юқори баҳолашди ва жаҳондаги бевосита инвестициялар ҳажми сўнгги уч йил мобайнида қисқараётган бир шароитда Марказий Осиё мамлакатларида инвестициявий фаолликнинг ижобий ўсиш тенденцияси мавжудлигини таъкидлаб ўтишди.
ЕТТБ маслаҳатчиси Г.Квирикашвили ўз чиқишида Кенгашнинг келгуси фаолияти истиқболлари, яъни унинг тузилиши хорижий инвесторларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва ишлаб чиқишга мўлжалланган очиқ платформага айлантирилиши борасидаги ўз қарашлари билан ўртоқлашди. Кейинчалик эса, келиб тушаётган талабларнинг ўзига хос жиҳатларидан келиб чиққан ҳолда, Кенгаш Котибиятининг бевосита мувофиқлаштириши ёрдамида муайян ҳолатларни ўрганиш ва ечим ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар тузиб борилади. Ушбу формат Кенгаш фаолиятининг амалий аҳамиятини сезиларли тарзда ошириш имконини беради.
Сессия давомида шунингдек Кенгаш аъзолари бўлган хорижий тадбиркорлар ҳам сўзга чиқиб, ушбу тузилишнинг нафақат мамлакат миқёсидаги, балки Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишдаги ўзининг шахсий иштироки нуқтаи назаридан келиб чиққандаги роли ҳақидаги ўз фикрлари билан ҳам ўртоқлашишди.
Тадбир доирасида кун тартибига тааллуқли бўлган бир қатор амалий таклифлар ҳам илгари сурилди ва кўриб чиқилди. Хусусан, ўзбек қонунчилигига "холдинг компанияси" деган таъриф, "тўғри солиққа тортиш" деган тушунча, акцияларнинг турли синфлари ва корпоратив ҳуқуқнинг умумжаҳон амалиётида кўп тарқалган бошқа концепцияларини киритиш ҳамда инвесторларга корпоратив сиёсатни белгилашда катта эгилувчанликни тақдим қилиш таклифи илгари сурилди.
Тижорат банкларини улардаги акцияларнинг назорат пакетларини манфаатдор инвесторларга сотиш орқали жадал суръатда хусусийлаштириш, шунингдек банкларнинг жорий фаолиятини банк тизимини рақамлаштириш ҳамда илғор маҳсулот ва амалиётларни жорий қилиш орқали оптималлаштиришнинг истиқболлилиги тўғрисида якдил қараш ишлаб чиқилди.
Хорижий тижорат ташкилотлари филиалларини таъсис этиш ва уларнинг фаолиятини юритишнинг ҳуқуқий асосини ишлаб чиқиш, хўжалик юритувчи субъектлар ҳақидаги тўлиқ ахборотни акс эттирувчи ва ҳар бир компаниянинг у ташкил этилгандан бошлаб амалга оширган фаолиятини ретроспектив жиҳатдан таҳлил қилиш имконини берувчи ягона электрон реестрни яратиш зарурати ҳам муҳокама қилинди. Етакчи халқаро консалтинг компаниялари илгари сурилган ташаббуслар устида фаол иш олиб боришга қизиқиш билдиришди.
Тадбир натижасида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида умумий қиймати 246,1 миллион АҚШ доллари тенг қуйидаги лойиҳалар бўйича кредит шартномалари имзоланди:
- Навоий ИЭСдан Бесопанда жойлашган 220 кВ электр узатиш тармоғини улаш/узиш пунктигача 177 км узунликдаги 500 кВ габаритдаги 220 кВ электр линиясини қуриш (кредит суммаси 96,1 млн. АҚШ доллари, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ижроия агентлиги);
- Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри канализация тизимларини қайта таъмирлаш ва қурилиш ишлари (кредит миқдори 60,0, ижро этувчи агентлик - Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги);
- Хоразм вилояти Ургенч, Хива ва Питнак шаҳарлари канализация тизимларининг қайта таъмирлаш ва қурилиш ишлари (кредит миқдори 90,0, ижро этувчи агентлик - Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги).
Изоҳ қолдириш