UzAnalytics сайтига Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети етакчи илмий ходими ва халқаро муносабатлар бўйича мутахассис Акрам Умаров Марказий Осиё ва Ўзбекистон учун долзарб мавзулар ҳақида сўзлаб берди.
"Айни дамда Марказий Осиё минтақасидаги сиёсий, хавфсизлик ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг қуйидаги йўналишларни устувор деб биламан", дейди Акрам Умаров.
Афғонистондаги вазият. 2016 йилда ниҳоясига етган докторлик диссертациям мавзуси ҳозирги вазиятда Марказий Осиё минтақавий хавфсизлигини таъминлашда афғон омили аҳамиятига бағишланган эди. Ушбу илмий ишда мен илгари сурган асосий ғоя Афғонистонга узоқ йиллар давомида Ўзбекистонга ва бутун минтақага хавф-хатар манбаи сифатида қарашлар ушбу мамлакатдаги можароли вазиятни янада оғирлаштирувчи омиллардан бири эканидир. Айни ёндашув Афғонистоннинг асрлар давомида Марказий Осиё минтақаси билан шаклланган чуқур ва кенг қамровли алоқаларини деярли тўлиқ чеклаб қўйган ва хавфсизлик нуқтаи назари бошқа барча йўналишлардан устун қўйилган. Мен илмий ишимда қўшни мамлакатга бундай муносабатни ўзгартиришга, ўзаро манфаатли ҳамкорликка йўл очиш зарурлигига урғу берганман.
Турли ташқи кучларнинг Марказий Осиё минтақасидаги манфаатлари ва амалга ошираётган сиёсати таҳлили. Мен ушбу йўналишда АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи, Эрон, Туркия ва бошқа давлатларнинг устувор манфаатлари ҳамда уларнинг минтақа мамлакатлари барқарор ривожланиши ва ташқи сиёсати шаклланишига таъсирини ўрганаман. Бунда, албатта, ушбу давлатларнинг Марказий Осиё билан хавфсизлик, сиёсат, энергетика ва иқтисодиёт соҳаларидаги ўзаро алоқалари, уларнинг ўзгариш динамикасини доимий равишда кузатиб, таҳлил қилиб бораман.
Ниҳоят, сўнгги пайтларда минтақа мамлакатларининг ички сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш муаммоларини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратяпман. Яқинда якунланган тадқиқотим Қирғизистоннинг мустақиллик йилларида чет мамлакатлар ва турли халқаро ташкилотлардан олган молиявий ёрдамининг мамлакат равнақи, амалга оширилган турли ислоҳотлар натижасига таъсирини ўрганишга бағишланади. Ушбу изланишнинг дастлабки натижалари ташқи молиявий ёрдамга қарамлик, яъни ялпи ички маҳсулот шаклланишида унинг улуши катта бўлиши айрим ҳолларда давлат ислоҳотлари унумдорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Фикримча, минтақадаги ички салоҳиятдан оқилона фойдаланиш барча мамлакатлар тараққиёти гарови бўлиши мумкин. Кейинги илмий фаолиятимда ҳам Марказий Осиё мамлакатларининг барқарор ривожланишга эришиш йўлидаги муаммоларини таҳлил қилишга кўпроқ эътибор қаратишни режалаштирганман.
Умаров Хитой анчадан бери ўз “юмшоқ кучи”ни (soft power) минтақамизда кучайтиришга тараддуд кўриб келаётгани, ушбу сиёсат нималарга эришиши мумкинлиги ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди.
‒ Хитойнинг Марказий Осиёдаги “юмшоқ кучи” бошқа йирик мамлакатлар (Россия ва АҚШ) билан солиштирганда, анча ортда қолмоқда. Россия “юмшоқ кучи”ни кўпроқ рус тилининг минтақамизда қарор топган махсус ўрни, умумий тарих ва оммавий ахборот воситалари орқали илгари сурмоқда. АҚШ эса ёшларга кўплаб таълим олиш имкониятлари ва ривожланиш даражаси юқорилиги билан минтақа халқлари эътиборини тортмоқда. Хитой ҳам шунга ўхшаш воситалар билан Марказий Осиёдаги таъсири ва жозидаборлигини оширишга уринмоқда.
Сўнгги йилларда Хитой ҳукумати минтақа ёшларига ўз университетларида таълим олиши учун минглаб грантлар ажратмоқда, хитой тили ва маданиятини ўрганишга мўлжалланган Конфуций институтлари сонини кўпайтириш ҳамда маданий ҳамкорлик даражасини ошириш орқали “юмшоқ кучи”ни ривожлантиришга ҳаракат қиляпти. Бироқ сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг айрим мамлакатларида аҳолининг Хитойга қарши чиқишлари синофобия ҳалигача кенг тарқалганидан далолат беради. Коронавирус эпидемияси тарқалиши ҳам Хитойга ўқишга боришга интилаётган ёшлар сони камайишига сабаб бўлиши мумкин. Хитой маданиятини тўлақонли кўрсатишга мўлжалланган телекўрсатувлар, телевизион сериаллар ва хитойлик ижодкорларнинг минтақага сафарлари, хитойлик компанияларнинг минтақа иқтисодий ривожига қўшаётган ҳиссасини омма эътиборига тақдим эта билиш ушбу мамлакат имижининг Марказий Осиё халқлари кўз ўнгида ижобий тарафга ўзгаришига хизмат қилишини кутса бўлади.
Эксперт Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)гақўшилса, қайси соҳаларда ижобий натижаларга эришиши мумкинлиги ҳақида ҳам гапирди.
ЕОИИ билан ҳамкорлик даражасини аниқлашда кутилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларни тўлиқ ҳисобга олиш ва чуқур таҳлил қилиш лозим, деб ҳисоблайман. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ушбу масала бўйича эълон қилинган баъзи тадқиқотларда асосий эътибор кутилаётган иқтисодий оқибатларни ўрганишга қаратилмоқда ва умуман олганда, кўплаб ижобий натижалар кутилаётгани таъкидланмоқда. Бунда мамлакатимизнинг транспорт ва логистика, товарлар экспортини ошириш ҳамда иттифоққа аъзо мамлакатларда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига қулайликлар яратиш каби масалалар эътибор марказида бўлиб қолмоқда.
Мен иқтисодчи эмасман, шу сабабли бундай хулосаларга профессионал ва тўлақонли баҳо беришим қийин. Бироқ мустақилликка эришилгандан сўнг Ўзбекистон ташқи савдосида ҳозиргача қўшни ва бошқа постсовет мамлакатларининг салмоғи катта бўлиб қолаётганини таъкидламоқчиман. Шунингдек, ташқи йирик бозорларга чиқиш учун транзит йўллар ҳали ҳам, асосан, постсовет мамлакатлари ҳудуди орқали ўтишига эътибор бериш лозим, деб ўйлайман. Шу сабабли ушбу иттифоқ билан чуқур интеграциялашув йўлини танлаш мамлакатимизнинг ташқи экспорт бозорларини ва маршрутларини диверсификация қилишга бўлган рағбатларини сўндириши мумкин. Ҳозирги кунда ЕОИИга аъзо мамлакатлар ўртасида юзага келаётган кўплаб баҳслар ва ушбу муаммоларни ҳал қилиш имкониятига эга бетараф, адолатли ва барча тарафлар тан оладиган механизм йўқлигига диққат қилиш керак.
Яна потенциал аъзоликнинг сиёсий оқибатлари ҳақида қисқача тўхталсам. ЕОИИнинг етакчи мамлакати Россия Федерациясининг жаҳон ҳамжамиятидаги ҳозирги ўрни, бошқа йирик мамлакатлар билан мавжуд зиддиятлари, унга нисбатан жорий қилинган турли санкциялар ва уларнинг иқтисодиётга салбий таъсири чуқур ўрганилиши лозим.
Умумий хулосам шуки, Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлик шакллари ва истиқболларини ҳар тарафлама таҳлил қилиш, турли экспертлар учрашувларини ташкил этиш, оммавий ахборот воситаларида ёритиш ва жамоатчилик эътиборига тақдим этиш лозим.
Ушбу мақолада билдирилган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари бўлиб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ёки Ўзбекистондаги бошқа бирор муассаса нуқтаи назарини акс эттирмайди.
Изоҳ қолдириш