Экспортни молиялаштириш: экспорт олди кредитлари ва экспорт жараёнларини суғурталаш

Экспортни молиялаштириш: экспорт олди кредитлари ва экспорт жараёнларини суғурталаш

Жаҳон савдо ташкилотининг (ЖСТ) сўровига кўра, экспорт молиялаштиришнинг етишмаслиги савдони ривожлантиришдаги энг катта тўсиқлардан бири сифатида қайд этилди (WTO (2019)). Айниқса, кичик ва ўрта бизнес вакиллари молиявий маблағларни олишда кўплаб қийинчиликларга дуч келишлари ўз исботини топди. Савдони молиялаштириш бўйича рад этилган аризаларнинг 75 фоизи мазкур корхоналарга тегишлидир.

Шу боис, ҳар бир мамлакат ўзининг ташқи савдо сиёсати бўйича стратегиясини ишлаб чиқишда экспортни молиялаштириш, шу жумладан экспорт олди кредитлари бериш, экспорт жараёнларини суғурталаш ҳамда ушбу мақсадларда давлат томонидан экспорт кредит агентликларини ташкил этиш ва экспортни суғурталаш механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратади.

Дарҳақиқат, экспорт қилувчи фирмалар экспорт фаолиятларини молиялаштириш имкониятларига эга бўлишлари, шунингдек экспорт қилиш жараёнларида суғурталаш хизматларига мурожаат қилиш имкониятларининг пайдо бўлиши уларнинг экспорт бозорига кириш бўйича қарорларига ҳамда экспорт қилинадиган товарлар ва хизматлар миқдорига таъсир кўрсатади (Berman ва Héricort (2010)).

Савдони молиялаштириш механизмлари яхши ишлайдиган давлатларда ишлаб чиқарувчи корхоналар тобора кенгайиб бораётган глобал қиймат занжирига (Global Value Chain (GVC)) қўшилиш имконига эга бўлади ҳамда бандлик ва меҳнат унумдорлигини оширишга ҳисса қўшади (Auboin ва DiCaprio (2017)).

Аксинча, экспортни олдиндан молиялаштириш, айланма маблағларни тўлдириш имкониятларининг мавжуд эмаслиги сабабли экспортёрлар ишлаб чиқариш учун энг юқори мавсумда ёки кутилмаганда буюртма келиб тушганда ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун этарли пул оқими йўқлигидан хавотирланади.

Савдо кредитлари олишдаги қийинчиликлар туфайли нарх ва сифат жиҳатидан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариб экспорт қила оладиган кичик фирмалар фақат ички бозорда савдо қилишга мажбур бўлади ва рақобатдош импортга нисбатан “ҳимоясиз” бўлиб қолади (Hans-Peter Brunner (2015)).

Бундан ташқари, ташқи молиялаштириш харажатларининг юқори бўлиши рақобатдош фирмаларнинг экспортига тўсқинлик қилади (Manova (2012)). Глобал қиймат занжирида (GVC) иштирок этувчи фирмалар кредит олиш имконияти чекланган бўлса, бу уларнинг GVCда юқорироқ поғоналарга кўтарилиш имкониятларини чеклайди (Manova ва Zhihong (2012)).

Одатда экспорт қилувчиларнинг экспорт фаолиятларини молиялаштиришда қийинчиликларга учраши молия ва капитал бозорининг етарлича ривожланмаганлиги, ушбу бозорларда рақобатнинг номукаммаллиги ва маълумотларнинг тенг тақсимланмаганлиги боис бозор муваффақиятсизлиги (market failure) билан изоҳланади. Бундай бозор муваффақиятсизликлари давлат томонидан молия ва капитал бозорига оқилоналик билан аралашувга асос бўлади.

Шунинг учун экспортга асосланган иқтисодий ривожланиш йўлидан борган мамлакатлар экспорт қилувчи корхона ва ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида экспорт кредит ва суғурта агентликларини ташкил этишган. Ушбу мамлакатларда давлат аралашуви ишлаб чиқариш омиллари нархларини ўзгартириб, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтирган ҳамда иқтисодиётнинг оптимал ишлаб чиқариш даражасигача кўтарилишига хизмат қилган.

Ушбу мақолада экспортни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашда савдони молиялаштириш, хусусан экспорт олди кредитлари ва суғурта хизматларининг роли борасида сўз юритилади. Шу билан бирга, бозор муваффақиятсизлиги сабабли экспорт фаолиятини кредитлашдаги қийинчиликларни давлат томонидан экспорт кредит агентликларининг ташкил этилиши орқали бартараф этиш бўйича жаҳон тажрибаси ҳақида маълумот берилади. Шунингдек, ҳозирги кунда Ўзбекистонда экспортни молиялаштириш амалиёти ҳамда янги ташкил этилаётган Экспорт-кредит агентлиги ва Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ишлаш механизмлари тушунтирилади.

Экспортни молиялаштириш ва экспорт ўсиши ўртасидаги боғликликни ўрганиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар

Экспортни қўллаб-қувватлаш дастурларининг экспорт фаолиятига таъсирини ўрганиш, хусусан экспорт қилувчиларнинг экспортни молиялаштириш имкониятлари ва уларнинг жаҳон бозорига чиқиши ўртасидаги алоқадорликни баҳолаш бўйича кўплаб тадқиқотлар ўтказилган.

Ўтказилган баъзи тадқиқотлар натижаларига кўра, кўплаб фирма ва корхоналар, айниқса кичик фирмалар катта экспорт салоҳиятига эга бўлсада, аммо уларнинг баъзиларигина амалда экспорт қилишни ўз зиммаларига олганлар (Yeoh ва Jeong (1995)). Бу эса бир қатор омиллар билан бирга фирмаларнинг экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур маблағларни топишда қийинчиликларга дуч келиши билан изоҳланади.

Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, 2008 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб жаҳон савдоси камайишининг 85-90 фоизи молиявий-иқтисодий инқироз туфайли халқаро бозорларда талабни пасайиши билан боғлиқ бўлган бўлса, 10-15 фоизи савдони молиялаштириш ҳажмининг камайиши ҳисобига рўй берган (Auboin (2009)).

Greenaway ва бошқалар (2005) 1993-2003 йиллар давомида Буюк Британиянинг 9352 та ишлаб чиқариш фирмаси тўғрисида тўпланган маълумотлардан фойдаланиб, молиялаштириш бўйича қийинчиликлар фирмаларнинг экспорт бозорида иштирок этиш қарорларига таъсир кўрсатадими деган саволга жавоб излашди. Тадқиқотчилар ишлаб чиқариш ва инвестицияларни молиялаштиришда “қўли калта” фирмаларнинг экспорт қилиш эҳтимоллиги кам деган хулосага келдилар.

Тадқиқотчилар Kumarasamy ва Singh (2018) томонидан Жаҳон банкининг Корхоналар сўрови (World Bank Enterprises Survey) маълумотлари асосида Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатларида молиявий имкониятлардан фойдаланиш ва банк-молия тизимининг ривожланганлик даражаси фирмаларнинг экспорт бозорларига чиқиш имкониятларига қандай таъсир қилиши ўрганилди. Ушбу тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, мамлакатлар молия тизимининг ривожланиши ҳамда хусусий секторнинг молиявий имкониятлардан фойдаланиш даражасининг ошиши (банк сектори қамровининг ўсиши) пойтахт ёки йирик шаҳарлардан узоқда жойлашган фирмаларга экспорт бозорига осонлик билан кириб бориш имконини беради. Шундан келиб чиқиб, тадқиқотчилар фирмаларнинг экспортини рағбатлантирувчи ва узоқда жойлашган фирмаларнинг молиявий ресурсларга киришини осонлаштиришга қаратилган сиёсат олиб борилишини қўллаб-қувватладилар.

Халқаро тажриба

Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (OECD) давлатларининг бозор муваффақиятсизликларини бартараф этиш бўйича тажрибаларига назар соладиган бўлсак, мазкур мамлакатлар экспорт қилувчи компанияларини молиявий қўллаб-қувватлаш, хусусан экспорт олди кредитлари бериш, хорижий бозорларни топиш, транспорт логистикаси, сертификатлаш, стандартлаштириш ва сифат назорати масалаларида кўмаклашиш, халқаро товарлар кўргазмалари ҳамда савдо ярмаркаларини ташкиллаштиришга ёрдам кўрсатиш мақсадида экспорт-кредит агентликларини ташкил этишган.

Масалан, Канаданинг экспорт кредит агентлиги – Export Development Canada (EDC) 1944 йилдан бери канадалик экспортёрлар ва инвесторларга 200га яқин халқаро бозорларда бизнесларини кенгайтиришга ёрдам бериб келмоқда. EDCнинг маҳсулот ва хизматлари харидор давлатдаги тижорий ва сиёсий хавфларни суғурталаш, Канада компаниялари ва уларнинг мижозлари учун молиялаштириш хизматлари, облигация ечимлари ҳамда халқаро бозорлардаги имкониятлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.

2018 йилда EDC томонидан экспортёрга ажратилган тўғридан-тўғри кредитлар ҳажми 27,1 млрд. долларни ташкил этди. EDC ўзи экспорт қилувчиларга кредитлар бериш билан бирга тижорат банкларини ҳам Канада экспортини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўпроқ кредит беришга рағбатлантириш учун банк кредитларини кафолатлайди.

Шунингдек, EDC Канаданинг дунёнинг йирик иқтисодиётлари билан савдо алоқаларини ривожлантиришда асосий роль ўйнайди. Масалан, мазкур агентлик 2018 йилда Хитойга экспорт қиладиган ёки инвестиция киритадиган 1000 та Канада компаниясининг 600 дан ортиғини ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.

АҚШ расмий экспорт кредит агентлиги АҚШ Экспорт-импорт банки (Ex-Im Bank) 1934 йилда ташкил этилган. Ex-Im Bankнинг асосий вазифаси АҚШда ишлаб чиқарилган товар ва хизматларни халқаро харидорларга сотишни молиялаштириш орқали иш ўринларини яратиш ва сақлаб қолишдир.

АҚШ экспортини қабул қилувчи давлатлардаги сиёсий ёки тижорий рисклар сабабли хусусий тижорат институтлари экспорт қилувчи ташкилотларга кредит бера олмаган ёки кредит беришни истамаган шароитда, Ex-Im Bank экспорт операцияларини молиялаштириш ёки суғурта қилиш (кредит кафолатлари, суғурта қопламаси, тўғридан-тўғри молиялаштириш ёки айланма маблағларни кафолатлаш кўринишида) чораларини кўради. Бу алоҳида бир компания учун халқаро бозорларда савдо қилиш хавфини камайтиради ва бу билан АҚШ экспортини ривожлантиришга ёрдам беради.

Германияда 2008 йил 1 январдан бошлаб KfW IPEX-Bank Германия Федератив Республикаси ва KfW номидан ERP экспортни молиялаштириш дастурини (The ERP Export Financing Programme) бошқариб келади.

ERP экспортни молиялаштириш дастури ривожланаётган мамлакатларга Германия экспортини кредитлашни қўллаб-қувватлайди. Ушбу дастур доирасида Германиянинг ишончли банклари хорижий харидорларга ва харидор мамлакатдаги банкларга OECD томонидан белгиланган минимал фоиз ставкасида (CIRR - Commercial Interest Reference Rate) кредитлар бериши мумкин.

Хорижий харидор одатда Германиянинг юқори қўшилган қийматли товар ва хизматларини сотиб олиш учун қарз капиталига эҳтиёж сезганлиги сабабли KfW IPEX-Bank томонидан берилган кредитлар немис экспортёрлари учун ўз маҳсулотларини сотишни осонлаштиради.

Шунингдек, ривожланган давлатларнинг ўз экспортларини молиявий қўллаб-қувватлаш тажрибасини уларнинг экспорт кредит агентликларининг харидор кредитлари Ўзбекистон бозорига ҳам кириб келганлигида кўриш мумкин. Хусусан, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкор давлатларида (Хитой, Жанубий Корея, Туркия, Германия) экспорт кредит агентликлари ҳисобланган банклар ўз давлатларида ишлаб чиқарилган товар, асбоб-ускуна ва хизматларни Ўзбекистонга экспортини молиялаштириш учун кредитлар тақдим этиб келмоқда.

Масалан, Корея Эксимбанки мамлакатимизда фаолият олиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларига Кореяда ишлаб чиқарилган товар, техника-технология ва хизматларни сотиб олишни (шартнома қийматининг 85 фоизгача) молиялаштириш учун хорижий кредит линияларини таклиф этиб келмоқда. Шунингдек, Германиянинг Landesbank Baden Vurtemberg, Kommerzbank AG, AKA молия ташкилотлари, Туркия Эксимбанки, Хитойнинг Хитой давлат тараққиёт банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки мамлакатимизда худди шундай кредит турларини тақдим этмоқда.

Ўзбекистоннинг иккинчи энг йирик савдо ҳамкори Россия Федерациясида “Россия Экспорт Маркази” ОАЖ хом-ашё бўлмаган маҳсулотларни экспорт қилувчиларга кенг кўламли молиявий ва номолиявий қўллаб-қувватлаш хизматларини кўрсатувчи давлат институти ҳисобланади. Экспортга йўналтирилган компанияларга комплекс хизматларни тақдим этиш учун ресурсларни оптималлаштириш ва самарали бизнес жараёнларини яратиш мақсадида Россиянинг экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталаш агентлиги (("EXIAR" ОАЖ) ҳамда "РОСЭКСИМБАНК" OAЖ “Россия Экспорт Маркази” гуруҳига бирлаштирилган.

2019 йилдан “Россия Экспорт Маркази” ўз гуруҳига кирувчи "РОСЭКСИМБАНК" OAЖ орқали давлат томонидан экспортни қўллаб-қувватлашнинг янги механизми – экспорт кредитларини субсидиялашни бошлади. "РОСЭКСИМБАНК" OAЖ томонидан молиялаштирилган биринчи мижоз Россиянинг дунёдаги 30 дан ортиқ мамлакатларга ўз маҳсулотларини етказиб берадиган энг йирик автомобиль компанияси “АвтоВАЗ” ОАЖ бўлди. “Россия Экспорт Маркази” томонидан экспорт кредитлари бўйича фоиз ставкаларини субсиядияланиши “АвтоВАЗ” ОАЖга экспортни молиялаштириш харажатларини камайтириб, халқаро бозорларда рақобатбардошлигини оширишга имкон бермоқда.

Бунинг натижасида “АвтоВАЗ” ОАЖнинг 2019 йилдаги экспорт савдоси қарийб 50 мингта автомобилга етди, бу эса 2018 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 23 фоизга кўпроқдир. Энг йирик экспорт бозорлари Беларусия (16 минг), Қозоғистон (15 минг) ва Ўзбекистон (6,6 минг) бўлди. Ўзбекистонда Lada русумидаги автомобиллар савдоси 2018 йилга (2,6 мингта) нисбатан 2,5 баробар ошди.

Ўзбекистонда экспорт фаолиятини молиялаштириш

Ўзбекистонда ҳам 2020 йил ва ундан кейинги 5 йилликда юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, янги халқаро бозорларга чиқиш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди. Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш 2025 йилга бориб Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажмини 100 млрд. АҚШ долларига етказишга катта ҳисса қўшади.

Шунинг учун, юқорида санаб ўтилган мамлакатлар сингари Ўзбекистонда ҳам экспорт ҳажмини оширишда экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш муҳим ўрин тутади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда экспорт қилувчи компанияларнинг экспорт фаолиятларини молиялаштиришнинг ягона манбаи банк кредитлари бўлиб қолмоқда. Тижорат банклари томонидан савдо кредитлари билан бир қаторда айланма маблағларини тўлдириш (хом-ашё ва материаллар, бутловчи қисмлар ва экспорт фаолияти билан боғлиқ шу каби харидларни молиялаштириш) учун қисқа ва узоқ муддатли кредитлар ва кредит линиялари таклиф этилмоқда.

Масалан, 2018 йилдан бошлаб “Ўзсаноатқурилишбанк” ва Тожикистоннинг “Ориён” банклари томонидан Ўзбекистондан Тожикистонга товарлар ва хизматлар экспорти билан боғлиқ битимларни молиялаштириш учун кредитлар тақдим этиб келинмоқда.

Шунга қарамасдан, тижорат банкларида молиявий ресурс базасининг етишмаслиги ташқи савдони кредитлаш имкониятларини чекламоқда. Шунинг учун, молиявий тўсиқларнинг мамлакатимиз экспорт салоҳиятига таъсирини юмшатиш мақсадида халқаро молия ташкилотларидан молиявий маблағлар жалб қилинмоқда. Хусусан, 2019 йилнинг сўнгги чорагида пахта хом ашёсини етиштириш харажатларини ва якуний ҳисоб-китобларни молиялаштириш учун Савдони молиялаштириш халқаро ислом корпорациясининг 100 млн. АҚШ долларигача миқдордаги кредитлари жалб қилинди.[1]

Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Савдога кўмаклашиш дастури доирасида 20 млн. АҚШ доллари қийматидаги кредит линияси орқали Ўзбекистондаги экспортёр ва импортёрлар қўллаб-қувватланмоқда. Халқ банки томонидан Ўзбекистонда савдо ҳажмини кенгайтириш ҳамда молиялаштириш мақсадида Польшанинг «Gospodarstwa Krajowego банки»дан 20 миллион евро миқдорида ва Ўзбекистон-Россия қўшма банки «Aziya-Invest Bank» акциядорлик тижорат банкидан 4 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит олинди.

Шундай бўлсада, тижорат банкларида савдо кредитлари бўйича фоиз ставкалари ва гаров таъминоти миқдорининг юқорилиги ҳамда кредит шартларининг мураккабликлиги сабабли кўплаб экспорт қилувчи корхона ва ташкилотлар учун экспорт фаолиятларини молиялаштиришда қийинчиликлар сақланиб қолмоқда.

Жаҳон банки томонидан 2019 йил февраль-сентябрь ойларида Ўзбекистондаги 1239 та корхона ва фирмалар орасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, фирмаларнинг фақатгина 22,2 фоизида банк кредити/кредит линиялари мавжуд. Мазкур фирмаларнинг 23,7 фоизи айланма маблағларини молиялаштиришда банк кредитларидан фойдаланади. Кредит олиш учун зарур бўлган гаров қиймати кредит суммасининг 166,1 фоизини ташкил этади.[2]

Мазкур омилларни ҳисобга олиб жорий йилда мамлакатимизда экспортёрларга кафиллик берадиган ва экспорт фаолияти билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплайдиган – Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда экспортни олдиндан молиялаштириш вазифаларини бажарувчи – Экспорт-кредит агентлиги ташкил этилади. Яъни, мамлакатимизда экспортёрлар учун банк кредитларидан ташқари экспортни молиялаштиришнинг янги имкониятлари пайдо бўлади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, 2020 йил бошида экспортни суғурта билан қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс хизматлар кўрсатиш мақсадида “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компаниясининг фаолияти янада такомиллаштирилди.[3] 2019 йилда тижорат банкларининг кредитлари, шу жумладан экспорт олди кредитлари бўйича давлат томонидан кафиллик бериш амалиёти йўлга қўйилди.[4]

Янги ташкил этиладиган Экспорт-кредит агентлиги томонидан амалга ошириладиган молиялаштириш турларидан бири – экспорт қилинадиган товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни тўғридан-тўғри молиялаштириш (экспортёрларга экспорт олди кредитлар бериш) бўлади. Мазкур агентлик томонидан экспортни олдиндан молиялаштириш жараёни қуйидагича амалга оширилади (1-расм):

  • 1) экспортёр халқаро бозорда бизнес режаларини амалга ошириш, шу жумладан ишлаб чиқариш техника-технологиялари ва асбоб-ускуналарини сотиб олиш, айланма маблағларини тўлдириш, чет элларда филиаллар очиш ёки уларни кенгайтириш учун экспорт олди кредитлари олиш бўйича шартнома тузади; экспортёрга “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси ва (ёки) Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан кафиллик берилади;
  • 2) Экспорт-кредит агентлиги тўғридан-тўғри кредитлаш экспорт қилувчи ташкилот учун тўғри танлов эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг экспорт олди кредитлари ажратади;
  • 3) олинган кредитлар экспортёрга кўпроқ экспорт шартномаларини қабул қилиш ва ишлаб чиқариш харажатларини қоплаш имконини беради ва ушбу босқичда, товар ва хизматлар харидорларга етказиб берилади;
  • 4) харидорлар белгиланган муддатларда шартномада кўрсатилган маблағни инкасса ҳисобварағига ўтказади;
  • 5) Экспорт-кредит агентлиги тақдим этилган қарз ва улар бўйича фоиз тўловларини йиғиб олгандан сўнг, қолган маблағларни экспортёр компанияга ўтказади.

Шунингдек, Экспорт-кредит агентлиги Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиб олишни хоҳловчи халқаро компанияларга кредитлар бериш орқали экспортёрларни билвосита қўллаб-қувватлайди. Бундай вазиятда,

  • 1) Экспорт-кредит агентлиги хорижий банклар ва бошқа молия ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб боради. Дастлабки босқичда экспортёр экспорт шартномасини ва хорижий мижоз тўғрисида кредит маълумотларини тақдим этади ва Экспорт-кредит агентлиги маълумотларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
  • 2) Текширув маъқуллангандан сўнг, Экспорт-кредит агентлиги харидорга кредит шартномасини беради ва экспорт қилувчини огоҳлантиради;
  • 3) Экспортёрга тўлов одатда Экспорт-кредит агентлиги харидор томонидан тасдиқланган ҳисоб-фактурани олгандан сўнг амалга оширилади ва агентлик харидордан тўловларни йиғиш ва қарзни бошқариш учун жавобгар бўлади.

Бундан ташқари, экспорт қилувчи компаниялар тижорат банкларидан экспорт олди кредитлар олишлари мумкин. Бунда, мазкур кредитлар ва экспорт жараёнлари “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси ёки Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан суғурталанади. Шунингдек, Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси экспортни молиялаштириш, шу жумладан ташиш харажатларининг маълум бир қисми қоплаши мумкин.

Хулоса

Ҳар бир давлатнинг экспорт салоҳиятини оширишда экспорт товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни молиялаштириш муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан, Ўзбекистонда экспортбоп товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни молиялаштириш, хусусан экспорт олди кредитлари бериш ҳамда экспорт фаолиятини суғурталаш мақсадида молия ва капитал бозорларини янада ривожлантириш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан ҳисобланади. Шунингдек, экспорт фаолиятини молиялаштиришда баъзида бозор механизмининг муваффақиятсизликка учраши мумкинлигини ҳисобга олиб давлат томонидан Экспорт кредит агентлиги ва Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тузилиши экспортни рағбатлантиришга ҳамда экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашга ёрдам беради.

Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси

ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

етакчи илмий ходими Халилуллоҳ Ҳамидов

Фойдаланилган адабиётлар:

[1] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 04 октябрдаги 845-сонли “Савдони молиялаштириш халқаро ислом корпорацияси маблағларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарори.

[2] https://www.enterprisesurveys.org/en/data/exploreeconomies/2019/uzbekistan?deliveryName=DM50663#1.

[3] Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 январдаги 46-сонли ““Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори.

[4] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 майдаги ПҚ-4337-сонли “Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар