– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда?
– 2022 йилда мамлакатимизда иқтисодий бошқарув тизимини такомиллаштиришнинг янги йўналиши – ҳар бир маҳаллага ҳоким ёрдамчиси лавозими ташкил этилди. Президентимиз томонидан илгари сурилган мазкур ташаббус аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларга молиявий кўмаклашиш, даромад келтирувчи меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, камбағалликни қисқартиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ушбу лавозимга келгунимга қадар Сардоба тумани Молия бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаганман. Мутахассислигим иқтисодчи. Иш фаолиятим давомида муқаддам Молия бўлимида “Қишлоқ хўжалигини молиялаштириш ва томорқа ерларини ривожлантириш” шўъбаси мутахассиси ҳамда “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш” шўъбаси мудири лавозимларида ишлаб, орттирган тажрибаларим бугунги кундаги иш фаолиятимда жуда асқотмоқда.
Ҳоким ёрдамчиси ҳар куни аҳоли билан ишлаб, одамларга давлат томонидан яратилаётган имкониятларни етказиши, тадбиркорликка ва деҳқончиликка ўргатиш орқали уларни камбағалликдан чиқариши лозим.
– Маҳаллангизнинг жойлашуви, у ердаги мавжуд инфраструктура объектлари (йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари), аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз?
– Жиззах вилояти Сардоба тумани “Қуйитош” маҳалла фуқаролар йиғини туман марказида жойлашган бўлиб, бугунги кунда маҳалламизда 2 та (6-сонли ҳамда 21-сонли) умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим ташкилоти, 9 та оилавий боғча мавжуд. Маҳалламизнинг инфратузилмаси замон талаблари даражасида. Хусусан, МФЙ аҳолиси табиий газ ҳамда ичимлик суви билан тўлиқ таъминланган. Маҳалла ҳудудида 24.04 км узунликдаги йўллар мавжуд бўлиб, шундан 2.877 метри тупроқ йўллар, 15.143 метри шағаллаштирилган йўллар, 1.320 метри бетонлаштирилган йўллар, 3.521 метри асфальтлаштирилган йўллардир.
– Ўтказилган сўровлар давомида аниқланган маълумотларга кўра, маҳаллангиз ривожининг асосий драйвери ва устувор вазифалари нималардан иборат эди? Ўтказилган тадқиқ ишлари асосида нималар аниқланди?
– Маҳаллада хонадонларнинг умумий сони 1047 та, оилалар сони 1351 та, аҳоли сони 5520 нафарни ташкил этади. Маҳалланинг ихтисослашуви (драйвер) деҳқончилик ва чорвачилик соҳалари бўлиб, деҳқончилик фаолияти билан 502 та хонадон, 1152 нафар фуқаро шуғулланиб келмоқда. Чорвачилик йўналиши ҳам маҳалламизда яхши ривожланган. Бу фаолият билан 384 та хонадон банд бўлиб, 764 нафар фуқаро иш билан таъминланган.
– 2024 йилдаги фаолиятингиз натижалари, унинг йўналишлари – ишсизларни иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш, тадбиркорликни, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича қандай ютуқларга эришилгани ҳақида батафсил гапириб берсангиз. Ўтган йил маҳалла ва ўзингиз учун қилган қайси ишни энг муҳими деб биласиз?
– Аҳоли турмуши фаровонлиги, юртбошимиз таъбири билан айтганда, ҳаётдан розилигини таъминлашда иқтисодий омил катта аҳамият касб этади. Ўтган 2024 йил давомида “Қуйитош” МФЙда 68 нафар фуқарога жами 1,3 млрд сўм кредит ажратилди, 75 та иш ўрни яратилди ва уларнинг доимий бандлигини таъминлашга эришилди.
Шунингдек, аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш мақсадида 104 нафар аҳоли доимий иш жойларига жойлаштирилди, 331 нафари эса ўзини-ўзи банд қилган сифатида расмийлаштирилди. Яна 29 нафари якка тартибдаги тадбиркорликка ва 15 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. Бундан ташқари, 59 нафар фуқаро деҳқон хўжалиги сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиб, бандлиги таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 11 майдаги 252-сонли қарорига мувофиқ берилган тавсияномалар асосида “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш” жамғармаси ҳисобидан 3 нафар фуқарога 25 млн 510 минг сўм субсидия маблағлари эвазига асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари ажратилди. 2024 йил давомида жами 94 нафар фуқаро, шундан 79 нафари касб-ҳунарга ва 15 нафари тадбиркорликка ўқитиш учун йўналтирилди. 23 та корхона ва якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти фаолияти қайта тикланди.
– Жорий йилда маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай устувор вазифалар белгиланди? Бу йўналишда яна қандай режаларингиз бор? Ҳозиргача нимага эришилди ва келгусида нималар қилиш керак?
– 2025 йилда жами 1 460 нафар аҳоли бандлиги таъминланади, хусусан, йирик ва ҳудудий инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 10 та, тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 950 та, бунда аҳолини доимий ишга жойлаштириш ҳисобига 358 та, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ҳисобига 592 та, қишлоқ хўжалигида аҳолини доимий ва мавсумий ишларда банд қилиш ҳисобига 480 та, қурилиш соҳасида аҳолини доимий ва вақтинчалик ишларда банд қилиш ҳисобига 19 та янги иш ўрни яратилади.
Ҳоким ёрдамчиси ва тижорат банклари томонидан 40 та микролойиҳа (80 та иш ўрни) амалга оширилади. Тижорат банклари томонидан тадбиркорлар билан 2 та учрашув ўтказилади ва 7 та доимий иш ўрни яратилади.
Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш натижасида 212 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилади ҳамда 36 та ЯТТ ташкил қилинади. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2.8 млрд сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши режалаштирилган.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда, айтинг-чи, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нималар қилиш керак?
– Камбағаллик ҳолатларининг келиб чиқиши, биринчи навбатда, доимий ишнинг йўқлиги, яъни ишсизлик, маълумотга эга бўлмаганлик, касб-ҳунарсизлик, шунингдек, тадбиркорлик қилиш учун билим ва малаканинг етишмаслиги билан боғлиқ. Бугунги кунда маҳалла аҳолиси орасида камбағалликка дуч келган оилаларнинг аксарияти – бу ногиронлиги бўлган шахслар, нафақахўрлар ва бола парвариши билан банд бўлган аёллар истиқомат қилаётган оилалар эканлиги аниқланди. Шунингдек, мазкур ҳолат фуқаронинг бирон-бир ишни бошлашидан олдин (масалан, имтиёзли кредит ёки субсидия олмоқчи бўлган) унинг шу соҳага қизиқиши ва тушунчаси бўлмаслигидан ҳам келиб чиқмоқда. Камбағалликни қисқартириш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар негизида “Инсон қадри учун” тамойили ётади. Бунга мисол сифатида ишсиз ва эҳтиёжманд фуқаролар учун ажратиладиган субсидиялар, моддий ёрдамлар, имтиёзли кредитларни келтириш мумкин. Ишсиз фуқароларни бепул асосда меҳнат бозорида катта талабга эга бўлган касб-ҳунар турларига ўқитиш тизимининг мавжудлиги ҳам аҳолининг бандлиги, шу билан бир қаторда, даромадини оширишга қаратилган ижобий ҳаракатдир.
2025 йил 1 январ ҳолатига кўра, маҳаллада 125 та камбағал оила (509 нафар фуқаро) мавжуд бўлиб, камбағаллик даражаси 9.5 фоизни ташкил этади.
Йил якунига қадар 46 та оиланинг 253 нафар аъзоси камбағалликдан чиқарилади.
Бунда:
– 62 нафар аҳолини доимий иш ўринларига жойлаштириш;
– 136 нафар аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш;
– қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш орқали 12 нафар;
– касб-ҳунарга ўргатиш орқали 11 нафар камбағал аҳолининг бандлиги таъминланади. Бошқа йўналишлар ҳисобига 32 нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилади.
Юқоридаги чора-тадбирлар натижасида йил якунида камбағаллик даражаси 6.9 фоизга тушишига эришилади.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди? Қандай қўллаб-қувватлаш чоралари ва инновацион усуллар қўлланилди? Муваффақиятли тадбиркорлик ташаббусларига мисоллар келтирсангиз.
– “Қуйитош” маҳалла фуқаролар йиғинида иш бошлаганимда 56 та тадбиркорлик субъекти бор эди. Бугунги кунга келиб, бу кўрсаткични 238 тага етказдик. Бунда, албатта, Президентимиз томонидан кичик тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича чиқарилаётган қарор ва фармонлар муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Тадбиркори бой юрт бой бўлишини маҳалламиз мисолида кўриб турибмиз. Шуни ишонч билан айта оламанки, 2025 йилда маҳалламиз ишсизликдан холи ҳудудга айланади. Ҳудуддаги муваффақиятли фаолият юритаётган тадбиркорлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Маҳалламиздаги тадбиркорлик субъектларига қўшни ва бошқа маҳаллалардан ишга муҳтож бўлган фуқароларни ҳам жалб этганмиз.
– Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни Ватанга қайтишга ундаш борасида маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Сардоба тумани бўйича 2024 йил январ-декабр ойлари давомида меҳнат миграциясидан қайтган 151 нафар фуқародан 134 нафарининг бандлиги таъминланган. Хусусан:
– бўш (вакант) ва янги яратиладиган иш ўринларига жойлаштирилганлар – 29 нафар;
– ўзини ўзи банд қилишда кўмаклашилганлар сони – 18 нафар;
– тадбиркорликка жалб қилиш ва кредит ажратилишида кўмаклашилганлар сони – 7 нафар;
– касбга ўқитиш, қайта тайёрлашга йўналтирилганлар сони – 3 та;
– мустақил равишда ишга жойлашганлар сони – 8 та;
– ўз тадбиркорлигини бошлаганлар сони – 6 та;
– норасмий секторда банд бўлганлар сони – 63 та;
– четга ишлаш учун қайтиб кетганлар сони – 17 та.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?
– Фаолиятимизни юритиш учун барча зарур шароитлар яратилган. Таклифим шуки, тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратилишида банклар томонидан скронинг тизими соддалаштирилса, кўплаб янги тадбиркорлик субъектлари яратилиб, аҳоли фаровонлиги янада ошган, шунингдек, бюджет тушумлари янада кўпайган бўларди.
– Маҳаллангиз аҳолисининг амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қанчалик ўзгарди? 2025 йилда ўз олдингизга қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз?
Асосий мақсадим – яқин келажакда маҳалла тизимидаги мавжуд муаммоларни маҳалланинг ўзида ҳал қилиб, фуқароларга амалий ёрдам бериш орқали маҳаллани ҳар томонлама юқори даражага кўтаришдан иборат!
Жамолиддин Турдимов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №5/2025
Изоҳ қолдириш