ЕОИИ бўйича баъзи мулоҳазалар

ЕОИИ бўйича баъзи мулоҳазалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлис Сенатининг 20-мажлисида Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятининг тўлақонли аъзоси бўлишнинг жиҳатлари тўғрисида фикрларини билдирди. Бу борада, мазкур иттифоқ доирасидаги савдо жараёнларининг оптималлашаётгани маҳаллий товарларнинг халқаро бозордаги ўрнига салбий таъсир этиши қайд этиб ўтилди. Шу боисдан, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган экспорт қилинадиган товарларнинг сифатини ошириш, нафақат иттифоқ доирасидаги, балки маҳаллий бозордаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга шарт-шароит яратади. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида мазкур иттифоқ ва у билан эркин савдо шартномасига эга давлатларининг улуши қарийб 50 фоизни ташкил этиши мамлакатимизни ЕОИИ аъзо бўлишини ўйлаб кўришга, таҳлил этишга ундайди.

Айни кунда ЕОИИ жойлашган ҳудуд майдони жиҳатидан дунёда биринчи бўлса, аҳоли сони бўйича 8-чи ва ЯИМ ҳажми бўйича эса, 10 ўринда қайд этилмоқда. Бошқача айтганда, жаҳон ЯИМнинг 3,6 фоизини яратмоқда (Халқаро валюта фонди маълумотлари). Таъкидлаш лозимки, мазкур кўрсаткичнинг шаклланишида Россия Федерацияси ва Қозоғистоннинг улуши мос равишда 85 ва 10 фоиздан ортиқни ташкил этади. ЕОИИда аъзо мамлакатлар мамлакатимизнинг асосий савдо шериклари эканлигини инобатга олинса, мазкур жараён долзарб эканлиги кўзга ташланади.

Шунингдек, ушбу иттифоқга киргандан сўнг, Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиши савол остида қолмайди. Сабаби, 1994 йил 21 декабрда ЖСТга аъзо бўлиш юзасидан ишчи гуруҳ тузилган, лекин 2005 йилга келиб ушбу музокаралар тўхтаб қолган эди. Шундай бўлсада, 2019 йил бошига келиб ушбу ишчи гуруҳнинг иши жонлантирилди ва Ўзбекистон 2019 йилнинг охирига қадар ЖСТ аъзо мамлакатлари билан “Ташқи савдо режими” келишувини имзолаши назарда тутилган. Шу кунга қадар мамлакатимиз қатор ЖСТга аъзо давлатлар билан иккитомонлама музокаларни якунига етказмоқда.

Кўплаб мутахасислар ЕОИИ аъзо мамлакатларининг иқтисодий ўсиш суръатлари камайиш тенденциясига эга бўлаётганлигини таъкидлашмоқда. Қайд этиш лозим, Халқаро валюта фондининг маълумотларига қараганда, 2010-2015 йилларда жаҳон мамлакатларида иқтисодий ўсиш камаяётганлигини кўриш мумкин. Жумладан, ривожланаётган мамлакатларда 7,4 дан 4,3 фоизгача пасайган, ривожланган иқтисодиётларда эса 3 фоиздан 2,2 фоизгача камайган. Умуман олганда, жаҳон миқёсида ушбу кўрсаткич 2010 йилда 5,4 фоиз ўсишдан 2015 йилда 3,5 фоизга тушгани. 2015 йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар иқтисодий ўсишнинг ўзгариши ривожланаётган иқтисодиётларда 4,3 фоиздан 3,9 фоизга тушган бўлса, ривожланган мамлакатларда 2,3 фоиздан 1,7 фоизга тушган. Жаҳон миқёсида мазкур кўрсаткич 3,5 фоиздан 3 фоизга пасайган.

Кўриниб турганидек, жаҳон мамлакатларида иқтисодий ўсиш даражаси пасайиш тенденциясига эга. Шу боис, айрим мутахассисларнинг мазкур иқтисодий жараён фақат Россия, Қозоғистон каби мамлакатлари иқтисодиётига хос дейиши хатодир.

Шунингдек, Ўзбекистон импортининг 1/3 қисмини “машиналар, ускуналар, механизмлар” ташкил этмоқда. Бунинг таркибида эса, асосий савдо ҳамкори бўлиб Хитой ҳисобланади. Демак, мамлакат импортида асосий улушни технологиялар ташкил этиши муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Ўзбекистонни товарлар ишлаб чиқариш имконини сақлаб қолишда сезиларли рол ўйнайди. Шу боисдан, ЕОИИ ва Хитой ўртасида эркин савдо келишуви амал қилади. Бу эса, Ўзбекистонни ЕОИИга аъзо бўлиши Хитой билан савдо муносабатларини енгиллаштиришга ёрдам беради. Ўзбекистон жаҳон иқтисодиётида суверен давлатга хос халқаро иқтисодий муносабатларни амалга оширмоқда. Шунинг учун Ўзбекистоннинг ҳар қандай интеграцион жараёнларнинг субъекти сифатида ёки алоҳида халқаро иқтисодий муносабатлар ўрнатиши мамлакатимизнинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб хал этилади.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиб кириши ёки кирмаслиги ҳаракат қилиш ёки ҳаракатсизликнинг иқтисодий манфаатлари ва салбий хусусиятларидан келиб чиқиб таҳлил этилиши зарур.

ЕОИИга аъзо бўлиб киришнинг Ўзбекистон учун иқтисодий манфаатли жиҳатлари кўплаб олимлар томонидан интернет тармоғида кенг оммага тақдим этилганига қарамай, Токио университетида таҳсил олаётган ёш ватандошимиз ўз мақоласида Ўзбекистонлик барча олим ва мутахассисларнинг хулосаларини объектив баҳолай олмаган. Яъни, “иттифоққа қўшилиш мақсадга мувофиқ” эмас деган фикрлар йўқ демоқчи эмасмиз, лекин ҳамма хулосалар ҳам шундай тақдим этилмаганлигини инобатга олмаслик, масалага жуда тор ва саёз ёндошилганлигини англатади. Шу боисдан мақолада келтирилган баъзи фикрларга нисбатан ўзимизнинг хулосаларимизни асослашга ҳаракат қиламиз.

Жаҳонда 220 дан ортиқ миллий иқтисодиётлар мавжудлигига эътибор қаратадиган бўлсак, ҳар қандай мамлакат маълум бир мамлакатнинг импортида ёки экспортида мутлоқ устунликка эга бўла олмайди. Жумладан, иқтисодий иттифоқ доирасида ҳам. Мазкур мақолада Россия билан бошқа иттифоқ давлатларининг ташқи савдо айланмасига эътибор қаратилган. Жумладан, Сербиянинг Россия билан ташқи савдо айланмаси 10 фоизни ташкил этади, деб қайд этилган.

The Observatory of Economic Complexity маълумотларига кўра, Сербиянинг йирик савдо ҳамкорлари қаторида Россиядан қилинадиган импорт 7 фоизни (Хитойдан ҳам 7 фоиз) ташкил этса, Россияга қилинган экспортда 6,2 фоизни ташкил этган. Ушбу рақамларни Россия ташқи савдосидаги ўрнига эътибор берсак, Россия Федерал Божхона хизмати маълумотларига асосан, Сербиянинг Россияга қилинган импортда 0,45 фоизни, экспорт улушида эса, 0,3 фоизга етмаган кўрсаткични ташкил этмоқда. Хулоса қиладиган бўлсак, Сербиянинг ташқи савдосида Россия дастлабки 5та давлат қаторига кирса, Россиянинг ташқи савдосида Сербиянинг улуши 0,5 фоизга етмаган ҳолда шаклланмоқда. Шу боисдан, мазкур масалада рақамларни тўғри етказишга ва ушбу рақамлар орқали мамлакатда импорт товарларнинг нархи пасаётганлигини инобатга олиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Россиянинг ташқи савдо айланмасининг ҳажмини 1,6 трлн. АҚШ долларига тенг бўлган иқтисодиёти билан баҳоланиши лозим. Россиянинг йирик савдо ҳамкорларидан Хитой (16 фоиз атрофида) ва Германия (9 фоиз атрофида) бўлиб, уларнинг иқтисодиётлари ўлчови (ЯИМ назарда тутилмоқда) уйғун равишда катта ҳажмга эга. Таъкидлаш лозимки, АҚШ иқтисодиёти катта бўлишига қарамасдан Россия ва АҚШ ўртасидаги масофанинг узоқлиги савдо ривожланишига етарли шарт-шароит яратмайди. Шундай бўлса-да, АҚШнинг Россия ташқи савдосидаги улуши 5 фоизга етади.

Умуман олганда, мутахасислар ЕОИИ доирасида аъзо мамлакатларининг ўзаро савдо айланмаси юқори улушга эга эмаслигини таъкидлашга уринмоқда. Мазкур иттифоқ доирасида яратилган ЯИМнинг умумий ҳажмида ҳам Россиянинг улуши 85 фоиз атрофида бўлмоқда. Бу эса, аъзо мамлакатлар билан савдо айланмаси қанчалик ортмасин, Россия ташқи савдосида йирик улушга эга бўлмаслигини англатади. Энди шу ўринда, Европа Иттифоқи доирасида савдо айланмасига тўхталиб ўтсак. Масалан, Германия – Франция (7,8 фоиз), Буюк Британия (6,8), Нидерландия (6,3 фоиз) ва Италия (5,4 фоиз) давлатларига мос равишдаги маҳсулотлар экспортига эга бўлса, Хитой ва АҚШ билан ўзаро 7,1 ва 8,4 фоиз экспортга эга бўлмоқда. Зотан, жаҳоннинг йирик экспортёри ҳисобланган Германия ҳам Европа Иттифоқи давлатларига нисбатан Осиё ва Америка қитъаси билан нисбатан юқори улушга эга бўлмоқда. Франция иттифоқдош мамлакатларига (Германиядан ташқари) экспорт ҳажми 10 фоизга етмайди.

Фикримизча, маълум иттифоқ доирасида савдо айланмасининг маълум бир давлатга боғланганлиги билан баҳолаш – бу масалага ўта содда ва асоссиз иқтисодий ёндошувни билдиради. Таъкидлаш лозим, савдо айланмасининг диверсификацияланганлик даражаси мамлакатнинг геосиёсий жиҳатдан бир мамлакатга боғланиб қолмаслигини олдини олишга ва ўз позициясини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ҳозирги кунда Ўзбекистон 170 дан ортиқ мамлакатлар билан ўзаро ташқи савдо муносабатларини амалга оширмоқда, яъни Ўзбекистон на ЕОИИ доирасида, на жаҳон иқтисодиётида фақатгина бир мамлакат билан савдо қилмаслигини англанади.

Масалан, ҳозирги кунда Ўзбекистонинг йирик савдо ҳамкорлари Хитой (18,7 фоиз), Россия (14,9 фоиз), Қозоғистон (8,3 фоиз) ва Жанубий Корея (6,6 фоиз) билан савдо алоқаларида бир давлатнинг тўлиқ устунликка эга бўлмаётганлиги ижобий ҳолат. Шу билан бирга, ЕОИИ аъзо мамлакат Қирғизистон билан савдо айланмаси йирик улушга эга бўлмаса-да, ўзаро савдо муносабатларида Ўзбекистоннинг савдо баланси ижобий қолдиққа эга. Демак, Қирғизистонинг улуши кичик бўлсада, у билан савдога киришиш салбий, деб баҳолаш мақсадга мувофиқ эмас. Аксинча, Қирғизистон божхона ҳудудида Ўзбекистон товарлари нархларини камайтириш орқали рақобатбардошлигини ошириш долзарб масала ҳисобланади. Бу эса, божхона келишувларини талаб этади.

Шунингдек, иттифоқ доирасида савдо муносабатларини шакллантиришда аъзо давлатлар миллий маҳсулотларини экспорт қилинишида қўшилган қийматнинг меъёрига талаб ўрнатилиши лозим бўлади. Масалан, Белоруссия томонидан иттифоқ доирасида товарларни экспорт қилишдаги имтиёзлар миллий қўшилган қийматнинг камида 60-70 фоиз бўлганда амал қилиши шарт. Аксинча, маҳсулотларни ре-экспорт қилиш орқали савдо келишмовчиликларини келтириб чиқаришга шу йўл билан курашиш мақсадга мувофиқ.

Шу боисдан, иттифоққа киришда ҳуқуқлар ва мажбуриятлар мувозанатига эришиш мамлакатнинг савдо муносабатларининг диверсификация даражасини инобатга олмаслик ўта тор доирадаги хулосани англатади. Бизнингча, Ўзбекистон учун халқаро иқтисодий муносабатларни, айниқса, савдо муносабатларини ривожлантиришда қуйидаги жиҳатларни инобатга олиш мақсадга мувофиқ:

- ташқи савдо айланмасини ҳам географик жиҳатдан, ҳам товарлар жиҳатидан диверсификация қилиш;

- савдо айланмасида маълум бир давлатнинг позициясига суяниб қолмаслик;

- иттифоқ доирасида ёки савдо ҳамкорлари билан тариф ва нотариф тўсиқларни мувозанатлаштиришга эришиш.

Аниқроқ қилиб айтганда, мамлакатларнинг ўзаро савдо айланмасида бирор давлатнинг мутлоқ устунликка эга бўлиши билан эмас, балки ташқи савдонинг диверсификациялашганлиги ва рақобат устунлигига эга бўлишини таъминлаш долзарб ҳисобланади.

Ўзбекистонликларга қулай виза режимини тақдим этилиши нафақат иттифоқ мамлакатларига меҳнат қилиш учун, балки яшаш учун ҳам жойлашишларига енгилликларни вужудга келтиради. Бу эса, нисбатан зич демографик жойлашувига эга бўлган Ўзбекистонга аҳоли сонини иттифоқ давлатларига самарали тақсимлаш имконини қўлга киритади. Шунингдек, ўзбекистонликлар бошқа мамлакат фуқаролари билан тенг шароит ва ҳуқуқлар билан меҳнат қилишнинг тўлақонли аъзосига айланади. Масалан, ЕОИИ аъзо мамлакат фуқаролари патент олмасдан, яъни патент бадалини тўламасдан меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. Шундай бўлсада, улар яшаш жойларида вақтинчалик регистрация (рўйхат)дан ўтишлари шартлиги белгиланган. Албатта, ҳар қандай инсон (турист сифатида ҳам) ўзининг яшаш жойи тўғрисида тегишли органларга маълумот беришлари барча мамлакатларга хос бўлган қонуниятдир. Патент тўловларини тўлашдан озод бўлиш эса, кўп жиҳатдан иттифоқ билан ҳамкорлик қилишни тақозо қилади.

Бу биринчидан, фуқароларимизда меҳнат қилиш малакаси ва тажрибаси ошишига имконият яратади. Иккинчидан, тўлов балансининг жорий трансфертлар балансининг барқарорлашувига олиб келади. Учинчидан, ўзбекистонликлар ўз оиласини биргаликда олиб кетиши учун шароит юзага келиши натижасида турли ижтимоий келишмовчиликларнинг юзага келиши камаяди.

Ўзбекистон ЕОИИ билан савдо муносабатларини чуқурлаштирар экан. Бунда иттифоқнинг мустақил институтлари ташкил этилишини илгари суриши ва унга эришиши лозим бўлади. Бу биринчидан, маълум мамлакат таъсирини доминантлигини олдини олади. Иккинчидан, аъзо мамлакатлар томонидан ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўз вақтида бажарилишини таъминлашга шарт-шароит яратиб беради.

Таъкидлаш лозимки, ЕОИИ энг юқори органи бўлиб – Евроосиё иқтисодий Олий кенгаши (ЕОИОК) ҳисобланади. ЕОИОК таркиби аъзо давлатларнинг раҳбарларидан иборатдир. Бу, ўз навбатида, ушбу иқтисодий иттифоқда ҳар бир аъзо давлатнинг манфаатлари мутаносиб равишда ҳимоя қилинган ҳолда стратегия ишлаб чиқилишини кўрсатади.

Шунингдек, ЕОИИ доирасида савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика соҳалари ва тармоқлари салоҳиятидан умумий ҳолда келишиб фойдаланиш устувор йўналиш ҳисобланади. ЕОИИ аъзо давлатлари иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида улкан салоҳиятга эгадир. Масалан, газ ва нефть қазиб чиқариш бўйича дунёда 1-ўрин; менерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича – 2-ўрин; электрэнергия ишлаб чиқариш, буғдой ва картошка етиштириш бўйича – 3-ўрин; кўмир қазиб чиқариш, чўян ва пўлат, гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда автомобиль йўллари узунлиги бўйича 4-ўринни эгаллаши бу иттифоқнинг улкан салоҳиятга эга эканлигини кўрсатиб беради.

Ҳозирги вақтда ЕОИИ доирасида пенсия таъминоти бўйича шартнома ишлаб чиқилмоқда ва қарор қабул қилиш жараёнида турибди. Унга мувофиқ, барча мигрантларни Россиядаги умумий тиббий суғурта тизимига уланиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

Бугунги кунга келиб, Эркин савдо ҳудудлари тўғрисидаги Битим (ЭСҲ) Вьетнам (2016 й.), Сингапур (2018 й.) ва Эрон (2018 й.) билан имзоланган. Шунингдек, Хитой (2017 й.) билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги Битим бўйича музокаралар ниҳоясига етган. Ҳозирда ЭСҲ тузиш бўйича Ҳиндистон, Миср, Таиланд ва бошқа давлатлар билан битимлар тузиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

ЕОИИга аъзо мамлакатлар эришган ютуқлар сифатида қатор мисолларни келтириш мумкин. Масалан, ЕОИИга Арманистоннинг аъзо бўлиб кириши ушбу давлатга Россияга қиладиган экспорти (хусусан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари)ни 87%га ошириш имконини юзага келтирди. Қозоғистоннинг ЕОИИга аъзо бўлганидан сўнг, Россия билан тузилган қўшма корхоналари сони қарийб 2 баробарга ошди ва 8 мингтага етди.

Шунингдек, Ўзбекистонни темирйўл транспортида юкларни ташиш улушининг ЕОИИга аъзо давлатларидаги улуши – экспорт, импорт ва юкларни транзити умумийга нисбатан мос равишда – 67 фоиз, 71 фоиз ва 78 фоизни ташкил этди.

Яна бир фикр, охирги вақтда ОАВ ларида Ўзбекистонни ЕОИИга қўшилиши уни ЖСТ қўшилиш жарёнини мураккаблаштириши ва маълум бир даражада Россия томонидан мамлакатимизга сиёсий босимлар пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида асоссиз равишда фикрлар билдириб ўтилмоқда.

Биринчидан, Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар, ёки бошқа иқтисодий иттифоққа аъзо бўлиши-бўлмаслиги мамлакатнинг ички ишидир. Чунки, Ҳукуматимиз аҳоли фаровонлиги ва тинчлик-хотиржамлигини таъминлашга хизмат қиладиган мавжуд барча халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилган. Буни охирги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлардан ва иқтисодиётни бозор қонунлари асосида ривожлантиришга ҳаракат қилинаётганлигидан кўриш мумкин. Бунга мисол қилиб, турк тилида сўзлашувчи давлатлар ҳамкорлик Кенгашига Ўзбекистонни қўшилганлиги ушбу давлатлар ўртасидаги ўзаро маҳсулот ва хизматларни айирбошланишини 2019 йилнинг охирига келиб 12 млрд. АҚШ долларига етишига олиб келди. Демак, иқтисодий иттифоқ мамлакат ривожига ва халқаро иқтисодий алоқаларини ривожланишига таъсир кўрсатар экан, уни ўрганиш, тадқиқ этиш долзарб масала саналади.

Иккинчидан, ЕОИИнинг иқтисодий ташкилот эканлигини таъкидлаш жоиздир. Бу жиҳат ташкилотга аъзо давлатлар суверинететига таъсир этмаслиги, давлатларнинг бири томонидан бошқасига ҳатто иқтисодий тайзиқ ўтказилиши мумкин эмаслиги равшан деб қараш лозим. Бу ташкилотнинг асосий мақсади ўзаро манфаатдорликдан иборат бўлса, шубҳасиз, бу ташкилотга аъзо бўлиш масаласини муҳокама қилиш ўринлидир.

Учинчидан, ЕОИИ аъзолари бўлишлигига қарамасдан, 1998 йилдан (20.12.1998) Қирғизистон, 2003 йилдан (05.02.2003) Арманистон, 2012 йилдан (22.08.2012) Россия ва 2015 йилдан (30.11.2015) Қозоғистон Халқаро Савдо ташкилоти(ЖСТ)нинг аъзолигига қабул қилинган. Табиий савол туғилади: Ўзбекистонннинг ЕОИИ аъзо бўлиш бўлмаслиги ЖСТга аъзо бўлиш бўлмаслигига нима даҳли бор? Агар бу ташкилотга сиёсий тус беришга уринишлар бўлса, нега ЕОИИ давлатлари билан АҚШ ўртасида икки ёқлама старетгик ҳамкорлик тузилган. Фикримизча, ЕОИИ аъзолик масаласини таҳлил қилишимиз билан бирга, паралел равишда ЖСТ аъзоликка қўйилаётган муҳим қадам сифатида баҳолашимиз мумкин. Чунки, миллий товар-маҳсулотларимизни ЕОИИ ҳудуди бўйлаб эркин сота олишимиз имкони пайдо бўлиши ва аъзо мамлакатлар маҳсулотларининг юртимизга эркин кириб келиши рақобатбардошлигимизни оширишга хизмат қилади. Шуни ҳам қайд этиш керакки, ЕОИИ ҳудудида маҳсулотларга (маркировка, сифат, санитария нормалари ва бошқалар) нисбатан бўлган алоҳида меъёрлар тизими ишлаб чиқилган. Бу ва шу каби бошқа талаблар турли маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш жараёнида турли сифат ўзгаришларни киритишни талаб этади. Бунда монопол деб ҳисобладиган айрим тармоқларнинг фаолияти ҳам хавф остида қолиш эҳтимоли йўқ эмас. Эҳтимол, бизда ҳам менежмент ва ишлаб чиқариш жараёнларини сифат жиҳатдан тубдан ўзгартириш даври етиб келгандир. Бу жараёнлар ўз-ўзидан Ўзбекистонни ЖСТ аъзо бўлишига ҳам хизмат қилишига асос бўлади.

Хулоса шуки, агар Ўзбекистон ЕОИИга аъзо бўлса, бу жараён иқтисодиётимизга ҳамда ҳаётимизга катта ижобий ўзгаришлар олиб келиши шубҳасиз. Биз учун, ушбу ўзгаришларда миллатимиз манфаатини ҳимоя қилиб, ҳалқимиз фаровонлиги ва тинчлик-хотиржамлигини таъминлашимиз муҳимдир.

Нодир Жумаев
иқтисод фанлари доктори,
Дилшоджон Раҳмонов
иқтисод фанлари доктори

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар