Евроосиё Иттифоқига кириш манфаатларимизга мос келади

Евроосиё Иттифоқига кириш манфаатларимизга мос келади

Фото: eurasian-studies.org

Сўнгги кунларда турли давраларда мамлакатимизнинг Евроосиё иттифоқига кириши масаласи қизғин муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлмоқда. Фикр-мулоҳазалар турли-туман, кимлардир мазкур иттифоққа киришимизни ёқлаяпти, бошқа бировлар эса бунга мутлақо қарши. Шу сабаб мен ҳам Ўзбекистоннинг ЕОИИга кириш масаласининг ижобий ва салбий жиҳатлари ҳақидаги фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман.

2014 йил 29 майда Остона шаҳрида имзоланган “Евроосиё иқтисодий итттифоқи ҳақида”ги Шартноманинг 4-моддасида уни тузишнинг асосий мақсадлари қуйидагича белгиланган:

- аъзо-давлатлар аҳолисининг турмуш даражасини ошириш мақсадида улар иқтисодиётини барқарор ривожлантириш учун шароитлар яратиш;

- Иттифоқ доирасида товарлар, хизматлар, капитал ва меҳнат ресурсла-рининг ягона бозорини шакллантиришга интилиш;

- глобал иқтисодиёт шароитида миллий иқтисодиётларни ҳар тарафлама модернизация , кооперация қилиш ва улар рақобатбардошлигини ошириш.

Мазкур Иттифоқ тузишнинг мақсадлари 2016 йил сентябрь ойидан бош-ланган Ўзбекистон Республикаси янги иқтисодий сиёсатининг асосларини белгилаб берган “Ҳаракатлар Стратегияси” мақсадларига тўғри келаётганлиги кўриниб турибди. Демак, ЕОИИ ва бугунги Ўзбекистон иқтисодий сиёсатларининг асосий мақсадлари бир-бирига мос келади.

РФ, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон давлатлари-нинг умумий майдони 20,3 миллион квадрат километрни ташкил этади, аҳо-лисининг сони 186 миллион киши, ЯИМ ҳажми 1, 9 триллион АҚШ долла-рига тенг. Кўриниб турибдики, ЕОИҲ – ҳажми жиҳатидан жуда катта бозор ва бу бозорнинг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиш Ўзбекистонга улкан имкониятлар яратиб беради.

Ўзбекистон узоқ йиллар мобайнида ЕОИИ давлатлари билан СССР номли битта давлат таркибида бўлган ва шу боис мазкур давлатлар билан жуда яқин иқтисодий алоқалар билан боғланган. Биргина қўшни давлатларни олиб қарайлик. Марказий Осиёда жойлашган бешта давлатнинг асосий ҳудуди узоқ асрлар давомида ягона давлат таркибида бўлган. Тўғри, бешта давлат майдонида бир пайтнинг ўзида биттадан кўп давлат ҳам ҳукм сурган даврлар ҳам бўлган. Масалан, чор Россияси истилосидан олдинги асрларда ҳудуд учта давлатга бўлиниб кетган эди.

Лекин қадимда Марказий Осиё давлатлари битта давлат таркибида бўлганми ёки 3 та давлат бўлиб яшаганми, бундан қатъий назар, улар иқтисодиётлари асрлар мобайнида табиий-иқлим, ер-сув, аҳолининг кўчманчи ёки ўтроқ ҳолда яшаши каби турли омиллар таъсири остида бир-бирини тўлдириб турадиган ягона ҳудудий комплекс ҳолида шаклланган. СССР парчалангунга қадар Марказий Осиё давлатлари ягона ҳудудий комплекс сифатида сақланиб турган.

1992-2016 йиллар мобайнида бешта давлатнинг иқтисодий алоқалари сусайди, ўртада сунъий тўсиқлар пайдо бўлди. Бу давлатларнинг ҳаммасига салбий таъсир кўрсатди.

Мамлакатимизнинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёев дарҳол ташқи сиё- сатни буткул ўзгартириб, ҳамма давлатлар, айниқса, қўшни давлатлар билан алоқаларни кенгайтириш йўлини бошлади. Иқтисодий алоқаларнинг кучайиши Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётларига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсата бошлади, тобора камайиб бораётган ўзаро савдо айланмаси ҳажмлари охирги йилларда яна оша бошлади. Мисолларга мурожаат қилайлик. Айни вақтда Ўзбекистон ҳудудида Россия капитали иштирокида 950 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, Россияда эса Ўзбекистоннинг иқтисодий субъектлари иштирокида 550 дан ортиқ корхона мавжуд. Икки мамлакатнинг минтақалараро ҳамкорлиги ҳам янада кенгаймоқда ва бугун ўзбекистонлик тадбиркорлар Россиянинг 70 га яқин ҳудудларидаги корхоналар билан ҳамкорлик қилишмоқда.

Белоруссия билан машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати соҳасида ҳамда маҳаллийлаштиришни кенгайтиришда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга ошириляпти.

Ўзбекистонда Қозоғистон Республикаси капитали иштирокида 200 дан ортиқ корхона, Қирғизистон инвесторлари иштирокида эса 96 га яқин компания фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатда, Қозоғистон ҳудудида 150 га яқин Қозоғистон-Ўзбекистон қўшма корхонаси, Қирғизистон ҳудудида эса 200 дан ортиқ Қирғизистон-Ўзбекистон қўшма корхоналари фаолият кўрсатмоқда.

2016-2019 йилларда ЕОИИ давлатлари билан ҳамкорликнинг кучайиши йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий кластерлар, саноат ва савдо зоналарини ташкил этишда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш имкониятини янада кенгайтиради; туман ва шаҳарларни индустриал ривожлантириш мақсадида ҳудудларга чет эл инвестиция ресурсларини жалб қилиш имкониятини оширади.

Иттифоқ доирасида товарларнинг бож тўловларисиз олиб ўтилиши, давлатларнинг ички бозорларига маҳаллий товарларнинг ҳеч қандай тўсиқларсиз кириб бориши, божхона идоралари фаолиятини тартибга солишнинг умумий ва мукаммал тизимини яратиш, капитал ҳаракати эркинлигини таъминлаш имкониятларини яхшилайди.

Бу иқтисодий алоқалар кучайишининг ижобий томонлари эди. Шу билан биргаликда унинг айрим салбий жиҳатлари ҳам мавжуд:

  • мамлакатимизда маҳсулотлари юқори нархга эга бўлган корхоналар фаолиятига салбий таъсирлар бўлиши;
  • ички бозорда импорт маҳсулотлари ҳажмининг кўпайиши;
  • айрим товарлар бозорида рақобатнинг ортиши, ҳозир турлича бўлган техник тартибга солиш ва стандартларни бир хил қилиш билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши;
  • тайёр саноат товарларни ишлаб чиқариш бўйича туманлараро тафовут ортиши мумкин.

Мамлакатимизда экспортни, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш стратегик вазифа қилиб белгиланган. Бунинг учун салоҳиятли ва барқарор истеъмол бозори зарур бўлади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Евроосиё иттифоқи билан интеграциялашув жуда муҳим вазифа ҳисобланади. Қолаверса, ЕОИИ га киришимиз аграр маҳсулотларимизни ЕОИИ мамлакатларига божхона тўловларисиз экспорт қилиш имкониятини берадики, бу катта миқдорда қўшимча фойда кўришимизга сабаб бўлади.

Чорвачилик соҳасида эса ҳозирча гўшт каби маҳсулотларни импорт қилишимизга тўғр келяпти. Бу масалани ҳам ЕОИИ ҳисобига ҳал этишимиз мумкин бўлади.

Қишлоқ хўжалигида ҳам ЕОИИ га киришнинг айрим салбий жиҳатлари бор. Масалан, бу жараён минерал ўғит ишлаб чиқарувчиларга, ўсимликларни ҳимоя қилувчи химикатларни ишлаб чиқарувчи ташкилотларга молиявий зарар етказиш эҳтимоли бор.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга сарфланаётган сувнинг деярли 80 фоизи Қирғизистон ва Тожикистондан келади. Бу борада мавжуд жиддий келишмовчиликларни ҳам ЕОИИ доирасида нисбатан осонроқ ҳал этиш имконияти пайдо бўлади.

СССР да ягона энергетика тизими мавжуд эди. У Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонга умумий қувватлардан биргаликда фойдаланиш ва ҳамма соҳани электр энергияси билан талаб даражасида таъминлаш имконини берган.

Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Жанубий Қозоғистонни ўз ичига олувчи минтақавий энерготизимни Марказий Осиё бирлашган энергетика тизими сифатида шакллантириш 1991 йилда якунланган эди. У ўз ичига 25 минг МВт умумий қувватга эга 83 та электр станциясини қамраб олганди. Бироқ, СССР тарқалиб кетгач, давлатлар ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли ягона энергетика тизими бузилиб кетди.

ЕОИИ га кириш унинг доирасида ягона электр энергияси бозори яратиш ва шу йўл орқали барча аъзо-давлатларни нисбатан арзон электр энергияси билан таъминлаш имкониятини яратади. Бу Иттифоқ аъзоларининг иқтисодий ўсишига ижобий таъсир қилади.

Ўзбекистон иттифоққа аъзо мамлакатлар ичида меҳнат ресурслари сони бўйича Россиядан кейин 2-ўринни эгаллайди. Бу эса, Ўзбекистоннинг меҳнат ресурсларига бойлигини, меҳнат салоҳияти юқорилигини кўрсатади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси ўта муҳим муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозирда 2,4 миллионга яқин киши ишлаш учун чет элга чиқиб кетган. Ташқи мигрантларнинг асосий қисми Россия Федерациясига (2,2 млн киши ёки 91,7 %) тўғри келмоқда. Ўзбекистон ушбу кўрсаткич билан МДҲ мамлакатлари орасида Россияга кириб келаётган мигрантлар сони бўйича 1-ўринни эгалламоқда.

Иттифоққа аъзо бўлиш меҳнат муносабатлари масаласида Ўзбекистон учун қуйидаги ижобий натижаларни беради:

- мигрантларнинг хорижий мамлакатдаги ишлаши, яшаши, турмуш шароити яхшиланишига олиб келади;

- мигрантларнинг қонуний йўл билан чиқиб кетишини ва уларнинг аниқ ҳисобини юритишни таъминлайди;

- меҳнат бозоридаги таклифнинг ҳамда аҳолининг четга чиқиш қизиқишининг юқорилигини ҳисобга олиб, меҳнат бозори мувозанатлигини таъминлайди;

- патент тўловлари бекор қилинади ва бу мигрантларимизга ойига ўртача 150 – 170 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча фойда олиб келади;

- мамлакатимизга хорижий валюта оқимини кўпайтиради, қайтиб келган мигрантлар мамлакатга тайёр ишчи кучи бўлиб ва инновациялар билан келади ва бошқалар.

Шунинг билан бирга, Иттифоққа аъзо бўлиш бу борада айрим камчиликлардан ҳам холи эмас:

- сифатли ишчи кучининг мамлакатдан чиқиб кетиши ва бунинг оқибатида мамлакатда унга бўлган талаб ва таклифнинг бузилиши юз бериши мумкин;

- савиясиз мигрантларнинг хорижий мамлакатда ўзини тутиши ва хорижий тилларни билмаслиги Ўзбекистон обрўсига салбий таъсир ўтказади;

- мигрантларнинг турли хил салбий оқимларга қўшилиш эҳтимоллиги мавжуд.

Сенат раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев таъкидлаганидек, 1992-2016 йиллар мобайнида “Ўзбекистон иқтисодий ривожланиш концепциясини яратиш билан шуғулланмади, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишни таъминлай олмади”. У яна айтадики, “бозор иқтисодиётига ўтишда хусусийлаштиришни ўтказиш ва хусусий мулк хавфсизлигини таъминлаш керак”.

Сенат раиси биринчи ўринбосари фикрларининг тўғри эканлигини тан олган ҳолда унга яна шуларни қўшимча қилиш мумкинки, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, бозор иқтисодиёти, иқтисодий фаолиятни ташкил этиш, хусусийлаштириш концепциялари ва дастурларини яратиш ва уларни амалиётга жорий этишда ЕОИИ давлатлари биздан анча олдинга ўтиб кетишган. Шу боис мазкур Иттифоққа аъзо бўлиб кирсак, биз уларнинг бу борадаги тажрибасидан ҳам самарали фойдаланишимиз мумкин.

Ўзбекистоннинг ЕОИИ га аъзо бўлиши масаласи ҳақида ўйлар эканман, интернет саҳифаларида хорижий ва ўз экспертларимиз бу ҳақида билдирган фикрлар билан ҳам танишиб чиқдим. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, экспертларнинг бу борадаги мулоҳазалари турлича, улар бир-бирларидан кескин фарқ қилади. Иттифоққа аъзо бўлишни ижобий баҳолаган фикрлар кўпроқ. Лекин улар ичида ўта саёз, чуқур ўйланмаган, ортиқча ҳаяжонга берилган, етарли асосланмаган, ҳатто мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайдиган фикр ва мулоҳазалар ҳам учрайди. Масалан, қатор масалалар бўйича интернет саҳифаларида яхши далилланган фикрлар билан танилган эксперт Азиза Умарова ўзининг Фейсбук саҳифасида ЕОИИ га аъзолик фақат Россияга фойдали, бошқа аъзоларга ҳеч қандай яхшилик олиб келмаган, деган фикрни ёзибди. Унинг фикрича, Россия етакчилигидаги Иттифоққа киргандан кейин орқага йўл қолмайди. Эксперт, “тинчгина ажралиш, тинч йўл билан тарқалиш имконсиз”лигини ҳам қайд этган. Бундан ташқари, мазкур экспертнинг “Ассалом, Совет Иттифоқи”, деган фикрини “ЕОИИга кириш – Совет Иттифоқига қайтиш”, деб тушуниш мумкин. Муҳтарама Азиза Умарованинг бундай фикрлари ҳақиқатга тўғри келмайди ва ҳеч қандай далилга эга эмас.

Эксперт Камолиддин Раббимов эса ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ёзишича, Матвиенконинг Ўзбекистонга ташрифидан мақсад Ўзбекистонга босимни кучайтиришдир. Раббимовнинг Ўзбекистоннинг ЕОИИ га кириши “Шу пайтгача Россия тарафидан бўлган ва бўлаётган босимларнинг сиёсий мақсадини расмийлаштириш, шартни эслатиш ва босимни юқорироқ паллага олиб чиқиш ҳисобланади,” деган фикри ҳам мунозарали ва етарли асосга эга эмас. Зеро, мамлакатимининг мазкур Иттифоққа Россиянинг босими остида кириши мумкинлиги Раббимовдан бошқа бирор кишининг хаёлига ҳам келмаётган фикр бўлса керак?!

Қолаверса, йирик сиёсатшунос ва иқтисодчи олим, ЎЗбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев қатъий таъкидлаб ўтганидек, “Ўзбекистон миллий манфаатларга рахна солувчи ҳеч қандай шартномага қўл қўймайди!”.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига киришининг қатор ижобий ва салбий томонлари мавжуд. Кўриниб турибдики, унинг ижобий жиҳатлари анча кўп ва салмоқли ҳамда Иттифоққа кириш Ўзбекистоннинг манфаатларига мос келади. Ҳамма гап ЕОИИ га киришга пухта тайёргарлик кўришга боғлиқ. Ана шунда бу тадбир халқимизнинг манфаатларига хизмат қилади ва мамлакатимиз иқтисодиёти янада ўсишига ёрдам беради.

Одил Олимжонов,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор

[1] https://podrobno.uz/cat/obchestvo/uzbekistantsy-zanyali-pervoe-mesto-po-chislu-trudovykh-/?

[2] https://novosti.tj/migraciya/trudovyie-migrantyi-v-rossii-dolzhnyi-oplatit-patent-do-2019-goda.html

[3] https://kun.uz/ru/52879584

[4] https://podrobno.uz/cat/obchestvo/moe-pokolenie-menshe-vsego-nadeyalos-na/

[5] https://kun.uz/news/2019/10/04/ozbekiston-milliy-manfaatlarga-rahna-soluvchi-hech-qanday-shartnomaga-qol-qoymaydi-sodiq-safoyev-yeoiiga-azolik-ehtimoli-haqida

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар