Фарғона вилояти январь-июнь ойларида ташқи савдо ҳажми 1 049,5 млн долларни ташкил этган. Ташқи савдо айланмасининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 123,5%га етган.
Экспорт умумий ташқи савдо айланмасининг 40%ни ташкил қилиб, 411,7 млн долларлик товар ва 5,3 млн долларлик хизматлардан иборат. Экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 120,3%га ўсган.
Фарғона вилоятининг экспорт бўйича йирик савдо ҳамкорлари Россия (133,9 млн доллар), Туркия (64,8 млн доллар), Хитой (41,6 млн доллар), Қирғизистон (31,7 млн доллар) ва Aфғонистон (23,5 млн доллар) ҳисобланган. Юқоридаги 5 та мамлакат умумий экспорт ҳажмининг 70,8%ини ташкил қилади. Экспорт таркибида озиқ-овқатлар (104,5 млн доллар) ва кимёвий маҳсулотлар (24,9 млн доллар)нинг улуши юқори эканлиги қайд этилган.
Фарғона вилоятининг ҳисобот давридаги импорт ҳажми умумий ташқи савдо айланмасининг 60%ини ташкил қилган. Фарғона вилоятининг импортдаги йирик ҳамкорлари Хитой (205,5 млн доллар), Россия Федерацияси (138,2 млн доллар), Қозоғистон (119,5 млн доллар), Туркия (33,4 млн доллар) ва Қирғизистон (26,9 млн доллар) бўлиб, мазкур мамлакатларнинг умумий ташқи савдо айланмаси 82,77%ни ташкил қилган.
Импорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 125,8%га ўсган. Импорт таркибида машина ва ускуналар (215,7 млн доллар), энергетика ва нефть маҳсулотлари (133,5 млн доллар) ва озиқ-овқат маҳсулотлари (77,3 млн доллар) улуши юқори эканлиги қайд этилган.
Фарғона вилоятининг ташқи савдоси шаҳар ва туманлар кесимида таҳлил қилинганда, Фарғона (242,7 млн доллар) ва Қўқон (216,0 млн доллар) шаҳарларининг улуши юқори эканлиги кузатилган. Сўх (4,1 млн доллар) ва Ёзёвон (2,3 млн доллар) туманларининг вилоят ташқи савдосидаги улуши сезиларли даражада паст ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш