Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида, жумладан Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари маҳаллаларида камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда оғир туманларни жадал ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар ва янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2025 йилда республика бўйича 5,4 млн нафар аҳоли даромадли меҳнатга жалб этилди. Ишсизлик даражаси 5,5 фоиздан 4,8 фоизга, камбағаллик даражаси эса 8,9 фоиздан 5,8 фоизга пасайди.
Жумладан, Фарғона водийсида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 304,4 трлн сўмдан ошиб, Фарғона вилоятида 111,3 трлн сўмни, Андижон вилоятида 107,7 трлн сўмни ва Наманган вилоятида 85,4 трлн сўмни ташкил этди. Ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 7,7 фоизни ташкил этиб, Наманган вилоятида 8,2 фоиз, Фарғона вилоятида 8,1 фоиз ва Андижон вилоятида 6,8 фоизга тенг бўлди. Фарғона водийсининг республика ялпи ички маҳсулотидаги улуши 16 фоизни ташкил этмоқда.
2017–2025 йиллар мобайнида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Фарғона водийсининг ялпи ҳудудий маҳсулотида реал ўсиш 72,2 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич республика бўйича ўртача 67,5 фоизга тенг бўлиб, ҳудуд ялпи ҳудудий маҳсулоти 64,5 трлн сўмдан 304,4 трлн сўмга етди.
Ўзбекистонда маҳаллаларни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Сўнгги йилларда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, инфратузилмани модернизация қилиш ва даромад манбаларини кўпайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Давлат раҳбари томонидан 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниб, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли даромадларини ошириш ва иш билан банд қилиш бўйича қатор вазифалар белгиланди. Жумладан, 2026 йил давомида:
республика бўйича 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, шундан Фарғона водийсида 264 минг нафар аҳолини (Фарғона вилоятида 97 минг, Андижон вилоятида 87 минг, Наманган вилоятида 80 минг);
181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, шундан Фарғона водийсида 51,5 минг оилани (Фарғона вилоятида 19 минг, Андижон вилоятида 18 минг, Наманган вилоятида 14,5 минг);
камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингтага етказиш, шундан Фарғона водийсида 1 071 та маҳаллани (Фарғона вилоятида 406 та, Наманган вилоятида 389 та, Андижон вилоятида 276 та);
ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизга тушириш вазифалари белгиланган.
Туманларда ўтказилган ўрганишлар натижасида инфратузилма билан таъминланганлик даражаси, турмуш даражаси, бизнес фаоллик кўрсаткичлари ва молиявий имкониятлар каби 20 та мезон асосида 37 та “оғир” туман ва 903 та “оғир” маҳалла аниқланди. 2026 йилда ушбу ҳудудлар аҳолиси турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси қўйилди.
Қайд этилишича, мазкур ҳудудларда мамлакатдаги камбағал оилаларнинг тахминан учдан бири ва ишсиз аҳолининг 21 фоизи жамланган.
Фарғона водийсида 8 та “оғир” туман, жумладан Андижон вилоятида 3 та (Бўстон, Улуғнор, Пахтаобод), Фарғона вилоятида 3 та (Фурқат, Боғдод, Сўх) ва Наманган вилоятида 2 та (Мингбулоқ, Янгиқўрғон), шунингдек 209 та “оғир” маҳалла (Фарғона вилоятида 125 та, Андижон вилоятида 52 та, Наманган вилоятида 32 та) танлаб олинган.
Шунингдек, 33 та туман, жумладан Фарғона водийсида 8 та туман ва 330 та маҳаллада “Янги Ўзбекистон” қиёфасини шакллантириш бўйича алоҳида режалар ишлаб чиқилган.
Белгиланган режаларга мувофиқ, 2026 йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш учун жами 20 трлн сўм маблағ йўналтирилади. Шундан 12 трлн сўм тўғридан-тўғри “оғир” туман ва маҳаллаларга ажратилади. Республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга қайтариладиган маблағлар ҳажми икки баробар оширилиб, 4,2 трлн сўмга етказилади.
Молиялаштириш доирасида йўл, сув ва электр таъминоти, кичик саноат зоналари ва сервис инфратузилмасини яхшилаш учун ҳар бир “оғир” туманга 10 млрд сўм, ҳар бир “оғир” маҳаллага эса 1 млрд сўмдан ажратилиши, шунингдек қўшимча равишда яна бир неча триллион сўмлик ресурслар йўналтирилиши белгиланган.
Давлат раҳбари томонидан ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш зарурлиги таъкидланиб, чуқур ихтисослашган маҳаллаларда турмуш фаровонлиги юқорилиги ва ижтимоий ёрдам олувчилар сони икки баробар камлиги қайд этилган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ҳоким ёрдамчилари ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, Фарғона вилоятида 93 фоиз, Наманган вилоятида 91 фоиз ва Андижон вилоятида 89 фоиз ҳоким ёрдамчилари сўнгги икки йилда маҳаллалар ихтисослашуви маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилганини билдирган. Шунингдек, Наманган вилоятида 76 фоиз, Андижон вилоятида 74 фоиз ва Фарғона вилоятида 72 фоиз ҳоким ёрдамчилари маҳаллаларда солиқ тўловлари ўз вақтида тўланишига ижобий таъсир кўрсатганини таъкидлаган.
Сўровнома таҳлиллари шуни кўрсатдики, ҳозирги кунда Фарғона водийсида маҳаллаларнинг 10 фоизи чуқур ихтисослашган (Фарғона вилоятида 14 фоиз, Андижон вилоятида 9 фоиз, Наманган вилоятида 8 фоиз), 88 фоизи эса ўрта ихтисослашган маҳаллалар тоифасига киради.
Маҳаллалар ихтисослашувини кенгайтириш мумкин бўлган йўналишлар сифатида ҳоким ёрдамчиларининг 51 фоизи чорвачиликни, 47 фоизи деҳқончиликни, 24 фоизи тикувчиликни ва 24 фоизи боғдорчиликни қайд этган.
Шунингдек, маҳаллаларда ихтисослашувни рағбатлантириш мақсадида томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари учун қўшимча молиявий механизмлар жорий этилиши белгиланган. Жумладан, сертификатланган кўчатлар харид қилиш харажатининг ярми бюджет ҳисобидан қоплаб берилиши, меванинг турига қараб “шпалер”лар учун 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилиши ҳамда томорқада томчилаб суғоришни жорий қилганларга ҳар бир сотих учун 160 минг сўм компенсация тўланиши кўзда тутилган.
Хулоса ўрнида, мазкур аниқ мақсадли ва манзилли чора-тадбирлар аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, даромад манбаларини кенгайтириш ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Баҳодир Холмирзаев
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш