Навоий вилоятидаги туман ва маҳалаларнинг комплекс ривожлантирилиши

Навоий вилоятидаги туман ва маҳалаларнинг комплекс ривожлантирилиши

Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.

2025 йил якунларига кўра, вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 168 триллион сўмни ташкил этиб, 7,7 фоизга ўсди. Саноатда 8,3 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз, хизматлар соҳасида 13,7 фоиз ўсиш қайд этилди. 161 мингта янги иш ўрни яратилди, ишсизлик ва камбағаллик даражаси 4,2 фоизга тушди.

Йиғилишда 2026 йилда вилоятга 4,2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва экспорт ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш муҳимлиги қайд этилди.

Қишлоқ хўжалигида 9 миллион гектар яйлов ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали қўйчилик, туячилик ва йилқичиликни драйверга айлантириш имконияти борлиги таъкидланди. 2026 йилда хориждан майда шохли мол, зотли туя ва отлар олиб келинади. 3,3 миллион гектар яйлов қишлоқ хўжалиги айланмасига киритилади. Чўлланишга қарши Хитой тажрибаси асосида лойиҳалар амалга оширилади.

Туризм соҳасида 2026 йилда 600 минг хорижий ва 3 миллион маҳаллий сайёҳни жалб қилиш, 72 та янги жойлаштириш воситасини ишга тушириш ва 500 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. 65 та маҳаллани боғловчи кўчаларда савдо ва дам олиш марказлари ташкил этилади, 18 та маҳаллада меҳмон уйлари, 15 та халқаро йўл бўйи маҳаллаларда хизмат кўрсатиш объектлари очилади.

Оғир” туманлар билан ишлашнинг янги механизми

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилларига кўра, сўнгги даврда республикада 37 та “оғир” туман ва 903 та “оғир” маҳалла билан ишлаш давлат даражасига кўтарилди. 20 та мезон асосида ушбу ҳудудлар аниқланди.

Навоий вилоятида Навбаҳор ва Конимех туманлари “оғир” туман сифатида танланган.

Ўрганиш натижаларига кўра, Конимех туманида: камбағаллик даражаси — 4,1%; тадбиркорлик яшовчанлиги — 55,3%; уй-жой билан таъминланганлик — 8,6%; урбанизация — 45,6%; тоза ичимлик суви — 61,7%; ички йўллар таъмирланганлиги — 51,3%; оқава сув инфратузилмаси — 16,1%ни ташкил этади.

Навоий вилоятида 12 та “оғир” маҳалла танланган. Республика бўйича эса камбағал оилаларнинг учдан бири (121 минг оила) ва ишсизларнинг 21 фоизи (155 минг нафар) айнан 37 та “оғир” туман ва 903 та маҳаллага тўғри келади.

Молиявий қўллаб-қувватлаш механизмига кўра:

  • маҳаллий бюджетларга 4,2 трлн сўм қайтарилади;
  • ҳар бир “оғир” туманга маҳаллий бюджетдан 10 млрд сўм, республика бюджетидан 50 млрд сўм;
  • ҳар бир “оғир” маҳаллага маҳаллий бюджетдан 1 млрд сўм, республика бюджетидан 2 млрд сўм;
  • жами қўшимча 4 трлн сўм (2 трлн туманларга, 2 трлн маҳаллаларга) ажратилади;
  • жорий йилда маҳалла инфратузилмаси учун жами 20 трлн сўм, шундан 12 трлн сўм “оғир” ҳудудларга йўналтирилади.

63 минг хонадон “яшил” таъмирдан чиқарилади. Ихтисослашув даражаси юқори бўлган 1 минг илғор маҳаллада кичик қуёш станциялари қурилиб, 7 йил муддатга фоизсиз лизингга берилади. Лойиҳа 3–4 йилда ўзини қоплайди ва 20–25 йил давомида маҳалла бюджетига 400–500 миллион сўм даромад келтиради.

2026 йил якунига қадар 37 та “оғир” туман ва 903 та маҳаллада 61 минг оила камбағалликдан чиқарилиб, ишсизлик ва камбағаллик даражаси икки баробар камайтирилади. Шунингдек, 33 та туман ва 330 та маҳалла “ишсизлик ва камбағалликдан холи” ҳудудга айлантирилиб, 96 минг оила камбағалликдан чиқарилади.

Пировардида, “тайёр маҳалла лойиҳалари” пакетини таклиф қилиш орқали тадбиркорларни жалб этиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга эришиш мақсад қилинган.

Ардашер Муртазаев

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар