Қашқадарё вилоятида аҳоли бандлиги ва камбағалликни қисқартириш масалалари таҳлил қилинди

Қашқадарё вилоятида аҳоли бандлиги ва камбағалликни қисқартириш масалалари таҳлил қилинди

2026 йил юртимизда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилингани Қашқадарё вилояти учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бунда асосий мақсад — ҳар бир маҳаллани иқтисодий ўсиш нуқтасига айлантириш, аҳоли даромадларини ошириш ва камбағалликни тизимли равишда қисқартиришдан иборат.

2025 йил якунлари

2025 йил якунларига кўра, Қашқадарё вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 98,8 трлн сўмни ташкил этиб, иқтисодий ўсиш суръати 6,8 фоизни қайд этди.

Йил давомида 574 минг нафар аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланди. Натижада ишсизлик даражаси 5,9 фоиздан 4,9 фоизга, камбағаллик даражаси эса 9,6 фоиздан 6,5 фоизга пасайди.

2026 йилга мўлжалланган асосий мақсадлар

2026 йилда вилоят иқтисодиётини 7,5 фоизга ошириш режалаштирилган. Шу жумладан:

  • саноат ишлаб чиқариш ҳажми — 8,6 фоизга,
  • хизматлар соҳаси — 15 фоизга,
  • қурилиш ишлари — 11,2 фоизга,
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш — 4,9 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Ижтимоий соҳада ишсизлик даражасини 4,4 фоизга, камбағаллик даражасини эса 3,3 фоизга тушириш мақсад қилинган.

Бу доирада:

  • 86 763 нафар аҳолининг доимий бандлиги таъминланади,
  • 343 044 нафар аҳолининг даромадлари оширилади,
  • 77 736 нафар аҳолининг норасмий бандлиги легаллаштирилади.

Шунингдек, 21 628 та камбағал оилаларга хизматлар кўрсатилиб, шундан 13 722 та оила камбағалликдан чиқарилади.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш

2026 йилда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 10,8 трлн сўм кредит маблағлари ажратилди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан қарийб икки баробар кўпдир.

Инвестициялар ва молиялаштириш манбалари

2026 йилда вилоятга барча манбалар ҳисобидан қарийб 15 трлн сўм маблағ йўналтирилади.

Жумладан:

  • Инвестиция дастури — 1,1 трлн сўм,
  • ташаббусли бюджет — 466 млрд сўм,
  • “Зарбдор” тажрибаси асосидаги “Драйвер” лойиҳалар — 150 млрд сўм,
  • “Янги Ўзбекистон қиёфаси”даги туман ва маҳаллалар — 270 млрд сўм,
  • халқаро молия институтлари маблағлари — 236 млн доллар,
  • кредит ресурслари — 9 трлн сўм.

Ушбу маблағлар асосида вилоятдаги барча маҳаллаларга 6 та янги ёндашув асосида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Маҳаллаларни ривожлантиришнинг 6 та йўналиши

  1. 366 та қишлоқ маҳаллаларида “Бир маҳалла — бир маҳсулот”, “Бир контур — бир маҳсулот” тамойиллари асосида юқори даромадли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, эски боғларни янгилаш ва инфратузилмани яхшилаш орқали иш ўринлари яратилади.
  2. 159 та шаҳар ва туман маркази маҳаллаларида аҳоли гавжум кўчалар, соҳил бўйи ва истироҳат боғларида савдо ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари амалга оширилади.
  3. 27 та туристик салоҳияти юқори маҳаллаларда йўл инфратузилмаси яхшиланиб, мастер режалар асосида йирик туризм лойиҳалари ва уй меҳмонхоналари ташкил этилади.
  4. 62 та олис ҳудуддаги маҳаллаларда “Агростар” орқали чорвачилик ва деҳқончилик, банк кредитлари ва бандлик жамғармаси ҳисобига кичик лойиҳалар амалга оширилади.
  5. 107 та халқаро йўл бўйи маҳаллаларида сервис марказлари, хизмат кўрсатиш поинтлари ва логистика лойиҳалари йўлга қўйилади.
  6. 55 та саноатга ихтисослашган маҳаллаларда эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида янги лойиҳалар ҳамда саноат микромарказлари ташкил этилади.

“Оғир” ҳудудлар бўйича манзилли ёндашув

Деҳқонобод, Касби ва Нишон туманлари “оғир” ҳудудлар сифатида белгиланиб, уларнинг солиштирма устунликлари асосида алоҳида лойиҳалар шакллантирилди.

Хусусан, Деҳқонобод туманида саноат соҳасида йирик калий заводи мавжуд бўлиб, Россиянинг “Asian Chemical Group” компанияси билан ҳамкорликда қиймати 150 млн долларлик модернизация лойиҳаси амалга оширилмоқда ва 200 та иш ўрни яратилади. Шунингдек, ҳудудда 4,7 млн тонна доломит, 4,4 млн тонна бентонит ва 498 минг куб метр қум-шағал захиралари мавжуд.

Қишлоқ хўжалигида 2 минг гектар суғориш имкониятига эга лалми ерлар мавжуд бўлиб, 21 та маҳалла коврак етиштиришга ихтисослашган.

Хизмат кўрсатиш соҳасида 57 км узунликдаги халқаро аҳамиятга эга М39 автомобиль йўли бўйида Янги Ўзбекистон массиви, экобозор, тиббиёт бирлашмаси ва маданият саройи қурилиши бошланган.

Камбағал маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш

Камбағаллик даражаси 8 фоиздан юқори бўлган 122 та маҳаллада камбағалликни камида икки баробарга тушириш режалаштирилган.

Бу маҳаллаларда:

  • 4 761 та микролойиҳалар амалга оширилади,
  • 1 230 та хонадонга “лойиҳа пакетлари” тақдим этилади,
  • 300 кВт қувватга эга кичик фотоэлектр станциялари ўрнатилиб, ҳар бир маҳалла бюджетига йилига 400 млн сўм даромад келтирилади.

Шунингдек, I-гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган 749 та камбағал оилалар хонадонларида энергия самарадорлиги оширилиб, қуёш панеллари ва гелиоколлекторлар ўрнатилади.

Жамоатчилик фикри

Ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, маҳаллаларнинг 8 фоизи маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатишга чуқур ихтисослашган.

Маҳаллаларнинг 91 фоиз аҳолиси ижтимоий-иқтисодий ҳолатни қониқарли деб баҳолаган, 85 фоизи сўнгги 3 йилда ҳаёт сифати яхшиланганини, 95 фоизи эса маҳалла муаммоларини ҳал қилишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар