Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳрида электромобиллар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошираётган «Central Asia Motors» корхонасида бўлиб, корхонани ишга тушириш билан боғлиқ жараёнлар билан танишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Фарғона механика заводи ҳудудида жойлашган ушбу корхонада умумий қиймати 50 млн доллар бўлган «Электромобиллар учун эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда енгил ва юк электромобиллар ишлаб чиқариш» лойиҳаси йўлга қўйилмоқда.
Ушбу маблағнинг 5 млн доллари тадбиркорнинг ўз маблағлари, яна 5 млн доллари банк кредити, қолган 40 млн доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобланади. Лойиҳа ҳужжатларида хорижий инвестор сифатида Хитойнинг «Great Wall Ceramic Industries» компанияси кўрсатилган.
Босқичма-босқич амалга ошириладиган ва 2022 йилда якунланадиган лойиҳа натижасида 350 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Тўла қуввати билан ишга тушгач, корхонада йилига 10 минг электромобиль ишлаб чиқарилиши мумкин.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 40 фоизи экспорт қилинади.
“Декабрь ойида 4 та енгил ва 8 та юк электромобиллари тест режимида янги корхона конвейерларидан чиқади. Дастлабки босқичда гибрид қувватли (ток ва бензин) электромобиллар ишлаб чиқарилиб, бунда электр қуввати 20 фоиздан камайганда бензин двигатели ишга тушади ҳамда бензин билан ишлаш жараёнида электромобиль батареяси қувват олади.
Ҳозирда электромобилларни йиғиш ва тест ускуналаридан ўтказиш цехи ҳамда электрофорез ва бўяш цехи ишлаб чиқариш жараёнларига тайёр бўлиб, электромобилларнинг кузов қисмини пайвандлаш учун цех ташкил этишга қўшимча ишлаб чиқариш майдонига эҳтиёж борлиги масаласи вилоят ҳокимига билдирилди”, дейилади хабарда.
Вилоят раҳбари, механика заводи ҳудудидаги бўш турган майдонлардан ушбу инвестицион лойиҳани якунлаш учун белгиланган тартибда жой ажратиб бериш бўйича тегишли масъулларга топшириқ берди.
Ўзбекистонда электромобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича аввал ҳам бир-нечта лойиҳалар тақдим қилинган эди. Жумладан, июнь ойида Андижондаги Асака заводида электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши маълум қилинган эди.
Изоҳ қолдириш