Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Максудов ҳамда Глобал яшил ўсиш институти (The Global Green Growth Institute – GGGI) директори Франк Райсберман ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар COVID-19 пандемиясидан кейинги Ўзбекистоннинг яшил тикланиши, иқлим ўзгариши, чўлланишга қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, мазкур соҳаларда аниқ натижаларга эришиш учун Яшил иқлим жамғармаси ва бошқа халқаро молиявий муассасалар маблағларини биргаликда жалб этиш масалаларини муҳокама қилишди.
Мулоқот давомида Глобал яшил ўсиш институти директори Франк Райсберман пандемиядан сўнг яшил тикланиш ва ривожланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикасида табиатни муҳофаза қилишга оид лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёр эканлигини маълум қилди.
Учрашув сўнггида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Глобал яшил ўсиш институти ўртасида яшил ўсиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Айни пайтда Давлат экология қўмитаси ҳамда Глобал яшил ўсиш институти Орол денгизи таназзули салбий оқибатларини бартараф этиш мақсадида Оролбўйи минтақасининг яшил тикланишини молиялаштиришга йўналтирилган ҳамкорликдаги лойиҳани амалга оширишни режалаштирилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 5,65 млн АҚШ долларига тенг.
Мазкур лойиҳа Халқаро ҳамкорлик бўйича Корея агентлиги (KOICA) томонидан молиялаштирилади. Лойиҳанинг мақсади – Орол денгизи таназзули оқибатларини бартараф этиш учун Қорақалпоғистон Республикасининг яшил реабилитациясига кўмаклашиш, шунингдек, барқарор ҳаётий таъминот ҳамда табиий хавфларга барқарорликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни белгилашдир.
Бундан ташқари, яқин кунларда юқорида баён этилган институтнинг Марказий Осиёда ягона бўлган ваколатхонаси очилиши кутилмоқда.
Глобал яшил ўсиш институти (The Global Green Growth Institute - GGGI) халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, бош офиси Сеул шаҳрида (Жанубий Корея) жойлашган. Мазкур ташкилот 2012 йил 20 июнь куни Рио-де-Жанейрода (Бразилия) БМТнинг Барқарор ривожланиш бўйича конференцияси доирасида таъсис этилган.
Ташкилотнинг мақсади – иқлим ўзгариши шароитларида тараққий этган ҳамда бозор иқтисодиётини танлаган мамлакатларда яшил иқтисодиётни ривожлантириш йўли орқали барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашиш ҳисобланади.
Ҳозирги кунда институт дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатларида 54 та лойиҳани амалга ошириб келмоқда. Институт президенти ва Кенгаш раиси БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш