Инфляцион таргетлашга ўтишнинг зарурияти

Инфляцион таргетлашга ўтишнинг зарурияти

Марказий банк пул-кредит сиёсати мамлакатдаги макроиқтисодий мувозанатни таъминлашга, молия ва товарлар бозоридаги иқтисодий ҳолатга таъсир этишга ҳамда провардида ялпи ички маҳсулот, инфляция даражаси ва ташқи савдо операцияларига ижобий таъсир қилиш учун олиб борилади.

Бу йўлда Марказий банклар бир қанча оралиқ мақсадлардан бирини танлаб олишига тўғри келади. Бу оралиқ мақсадларни таргетлаш деб аташимиз ҳамда буларга фоиз ставкасини таргетлаш, пул массаси ўсишини таргетлаш, валюта курсини таргетлаш ҳамда инфляцияни таргетлашни киритишимиз мумкин. Фоиз ставкасини таргетлашдан ХХ асрнинг 50-60 йилларида бозор иқтисодиётидаги давлатлар фойдаланган бўлса, пул массасининг ўсишини таргетлашдан биринчилардан бўлиб, Германия ва АҚШ давлатлари марказий банклари ўтган асрнинг 70 йилларида фойдаланган.

1971 йилда Бреттон Вудс жаҳон валюта тизимининг бекор бўлиши фиксирланган валюта курсини сақлашнинг иложи қолмаганлиги ҳамда мамлакатларда миллий валюта курсини тартибга солиш каби муаммоларни вужудга келтирди. Бу марказий банклар олдига яна бир мураккаб масалани, яъни миллий валюта алмашинув курсини тартибга солиш масаласини пайдо қилди. Бунинг натижасида ривожланаётган давлатлар марказий банклари валюта курсини таргетлаш каби оралиқ мақсадларни ҳам юритишга мажбур бўлди.

1990 йил биринчилардан бўлиб, Янги Зеландия Марказий банки тўғридан-тўғри инфляцияни таргетлашга ўтган бўлса, ўша қисқа даврда кўпгина ривожланган давлатлар марказий банклари ҳам инфляцион тергетлаш режимига ўтишган. Аммо биз каби ривожланаётган давлатлар марказий банклари мамлакатда нарх даражаси билан бирга миллий валюта алмашинув курсининг барқарорлигини таъминлаш ҳам муҳим иқтисодий вазифа сифатида қаралган. Ривожланган давлатлардан фарқли равишда халқаро савдони миллий валютада олиб боришнинг иложи йўқлиги ҳамда мамлакатда валюта захирасининг бўлишлиги каби сабаблар миллий валюта курсининг тебранишини эътибордан қочирмасликка тўғри келди.

Бозор иқтисодиётида миллий валютанинг катта инфляцияга учрамаслигини таъминлаш, мажозий маънода “миллий валютанинг соғломлигини” таъминлаш Марказий банкларнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Чунки ҳар бир товар ишлаб чиқарувчи ўша товарнинг сифатига жавоб бериши лозим. “Пул” ҳам бир товар бўлиб, уни ишлаб чиқарувчи Марказий банк ҳисобланади. Шундай экан миллий валюта барқарорлигига, мамлакатдаги нарх даражасига бевосита Марказий банк жавобгар ҳисобланади.

Ҳозирги иқтисодий шароитлардан келиб чиқиб, кўплаб ривожланган ва ривожланаётган давлатлар томонидан Марказий банк пул-кредит сиёсатида инфляцион таргетлаш режимига ўтишга катта қизиқиш билдирмоқда. Инфляцион таргетлаш режими бугунги кунда инфляцияга қарши курашишнинг энг оптимал усулларидан бири сифатида қаралмоқда. Унинг асосий ҳусусиятлари қуйидагилардир:

  • Марказий банк олдида инфляцияни маълум чегарада ушлаб туриш каби аниқ мақсаднинг бўлиши;
  • Пул-кредит сиёсатида бошқа бирламчи мақсадларнинг бўлмаслиги;
  • Бюджет-солиқ сиёсати устуворлигининг йўқолиши;
  • Марказий банк пул-кредит сиёсати инструментларини мустақил танлаши;
  • Марказий банк пул-кредит сиёсатида шаффофлик ва жамоат олдида ҳисобдор бўлишлиги.

Инфляцион таргетлаш жараёни бир қанча босқичларни ўз ичига олади. Булар:

Инфляциянинг мақсадли кўрсаткичини эълон қилиш.

Инфляциянинг мақсадли кўрсаткичини эълон қилиш кўпчилик давлатларда ҳар хил юз беради. Хусусан, Австралия, Швеция, Финляндия Марказий банклари хукуматдан мустақил равишда мақсадли инфляция кўрсаткичини эълон қилса, қолган кўпчилик давлатларда, жумладан Канада, Янги Зеландия ва бошқа кўплаб давлатларда Марказий банклар хукумат билан келишган ҳолда мазкур кўрсаткични эълон қилади.

Инфляциянинг мақсадли кўрсаткичиларини аниқлаш.

Марказий банклар пул-кредит сиёсатининг оралиқ мақсадлари бўлган келажакда инфляция даражасининг прогнозини учта асосий параметр бўйича ишлаб чиқиши лозим. Булар, инфляцион таргетлаш муддати, нарх даражаси ҳамда инфляцион таргетлаш кенглигидир (диапазони).

Инфляцион таргетлаш муддати. Марказий банк эълон қилган инфляциянинг мақсадли кўрсаткичларини қанча вақт давомида сақсаб туришлигини билдиради. Хозирда 24 ойдан 36 ойгача бўлган даврда ушбу мақсадли кўрсаткични ўзгартирмаслик энг мақбул ҳолат ҳисобланади. Аммо кўпчилик давлатлар, шунингдек бизнинг мамлакатимизда ҳам одатда бир йил олинади.

Турли индекслар орқали ҳисобланадига нарх даражаси. Марказий банклар одатда инфляция мақсадли кўрсаткичини аниқлашда истеъмол нархлар индексидан фойдаланадилар. Чунки бу нарх индекси ҳамма тушуниши қулай бўлган индексдир. Шунингдек, Марказий банклар тузатилган индекслардан ҳам фойдаланадилар. Яъни Марказий банклар инфляцияни ҳисоблаш учун керак бўладиган кўрсаткичларнинг ҳаммасини олмасдан, балки у таъсир қилаолмайдиган товарлар нархлари ўзгаришини олмайдилар.

Инфляцион таргетлаш кенглигидир (диапазони). Шундай қилиб, АҚШ, Австралия, Финляндия давлатлари Марказий банклар инфляцион таргетлашда инфляциянинг аниқ бир даражасини белгилаб олса, Буюк Британия, Канада, Швеция, Туркия давлатлари Марказий банклари инфляциянинг қуйи ва юқори чегаралари, аниқроғи инфляцион таргетлаш интервалини белгиласа, Швейцария, Испаниява бошқа кўплаб давлатлар марказий банклари инфляциянинг мақсадли кўрсаткичи сифатида унинг юқори чегарасини белгилаб олади.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда охирги 15 йил давомида инфляциянинг юқори даражаси кузатилмади. Аммо 2017 йилдан иқтисодиётни янада эркинлаштириш, давлат харажатларининг оширилиши ҳамда алмашинув курсининг эркинлаштирилиши натижасида вақтинчалик иқтисодиётда инфляцияга босимнинг ошишига олиб келинди. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3272-сонли Қарори айнан ушбу инфляция даражасини пасайтириш ҳамда кўпгина ривожланган давлатлар сингани бизда ҳам Марказий банк олдида битта аниқ мақсад қўйиш учун яъни инфляцион таргетлашга ўтиш йўлини белгилаб берди.

Шу мақсад йўлида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадни (таргет) ўрнатиш йўли билан 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб пул-кредит сиёсати механизмларини босқичма-босқич инфляцион таргетлаш режимига ўтказишни режалаштирган.

Инфляция даражасини янада пасайтириш борасидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва барқарор иқтисодий ўсиш учун шароитлар яратишга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Хусусан, бу борада Ўзбекистон Республикаси Марказий банк Раиси М.Нурмуродов “Пул-кредит сиёсатининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган асосий йўналишлари ҳамда инфляцион таргетлаш режимига ўтиш масалалари”га бағишланган матбуот анжуманидаги маърузасида “...инфляцион таргетлаш режимининг самарали жорий этилиши иқтисодиётда нархлар барқарорлигига ва 2023 йилга қадар инфляциянинг узоқ муддатли 5 фоизлик мақсадли кўрсаткич атрофида бўлиш имконини беради. Паст даражадаги инфляция эса аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш билан биргаликда, иқтисодиётда бизнес ва инвестицион муҳитни яхшилайди.” – деб таъкидлаган.

Бизнинг фикримизча, у ёки бу давлатлар Марказий банкларининг инфляцион таргетлашга ўтишида қуйидаги учта шарт бажарилиши мақсадга мувофиқдир:

  • Марказий банклар ички иқтисодиётда валюта алмашинув курсининг аниқ бир режимини белгилаб олиши лозим. Одатда кўпгина давлатлар Марказий банклари инфляцион таргетлашга ўтишда валюта курсини эркин сузиб юрувчи режимга ўтказади;
  • Пул-кредит сиёсати трансмиссион механизми ва молия бозори яхши ривожланган бўлиши лозим. Бунда Марказий банклар фоиз сиёсати орқали тижорат банкларининг фаолиятига қисқа муддатда таъсир қила олади.
  • Таргетлаш учун фойдаланадиган пул-кредит сиёсати инструментини танлаб олиши лозим.

Халқаро тажриба бозор иқтисодиёти шароитида пул-кредит сиёсатини юритишнинг самарали усулларидан бири инфляцион таргетлаш режими эканлигини кўрсатмоқда, бунда пул-кредит бозоридаги Марказий банкнинг фаол иштироки, шунингдек, иқтисодий ривожланишнинг мунтазам таҳлили ва давлат сиёсати режаларининг кенг ёритиб борилиши инфляциянинг миқдорий мақсадларига эришишни таъминлайди.

Нодир Жумаев, иқтисод фанлари доктори, профессор
Акрам Абсаламов, мустақил изланувчи

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар