2026 йил I ярим йиллигида Марказий Осиё мамлакатларида саноатнинг ривожланиши

2026 йил I ярим йиллигида Марказий Осиё мамлакатларида саноатнинг ривожланиши

Саноат Марказий Осиёнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутиб, иқтисодий ўсиш, экспорт тушумлари, инвестициялар ва бандликнинг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Қайта ишлаш саноатининг ривожланиши минтақа иқтисодиётини диверсификация қилиш, маҳаллий ресурсларни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва импортга қарамликни камайтиришга хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, 2026 йилнинг I ярим йиллигида минтақанинг барча мамлакатларида саноат ишлаб чиқаришининг ўсиши умумий ижобий тенденция бўлди. (Туркманистон бўйича маълумотлар очиқ манбаларда мавжуд эмаслиги сабабли, Марказий Осиёнинг 4 та мамлакатида саноат ривожланиши кўриб чиқилди.)

Саноат ривожланишининг мамлакатлар кесимидаги тенденциялари

Қозоғистон саноати йиллик ҳисобда 3,5%га ўсди, ишлаб чиқаришнинг қиймат ҳажми эса 71 млрд долларни ташкил этди.

Ўсишни чеклаган асосий омил тоғ-кон саноати бўлди: тармоқ ишлаб чиқариши 4%га, жумладан, нефть ва газ қазиб олиш 8,3%га қисқарди. Қазиб олиш сектори жами саноат ишлаб чиқаришининг қарийб 46%ини ташкил этишини ҳисобга олганда, бундай динамика мамлакатдаги умумий иқтисодий ўсиш суръатларини сезиларли даражада секинлаштирди.

Қайта ишлаш саноати, аксинча, 9,8%га ўсди ва ишлаб чиқариш ҳажми бўйича 33 млрд долларга етиб, қазиб олиш секторидан бироз юқори натижа қайд этди. Шу тариқа, саноатдаги ижобий динамиканинг асосий манбаи қайта ишлаш тармоқлари бўлди.

Тармоқлар кесимида энг юқори ўсиш тўқимачилик ишлаб чиқаришида кузатилди — 2,5 баробар. Фармацевтика 43,6%га, тайёр металл буюмлар ишлаб чиқариш 39,9%га, машина ва ускуналарни таъмирлаш ҳамда ўрнатиш 34,7%га, автомобилсозлик 31,6%га ўсди. Шунингдек, машинасозлик мажмуаси умумий ҳисобда 23,1%га ўсиб, саноат ишлаб чиқаришининг 8,1%ини ташкил этди.

Шу билан бирга, йирик тармоқлардан бири бўлган базавий металлургияда ишлаб чиқариш 2,7%га, нефтьни қайта ишлашда эса 0,8%га қисқарди. Шу сабабли таркибий ўзгаришлар бир маромда кечмаяпти: юқори қайта ишлаш босқичларига эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги ўсиш йирик хомашё ва бирламчи қайта ишлаш тармоқларидаги суст динамика билан бир вақтда кузатилмоқда.

Саноат ўсишини инвестициялар ҳам қўллаб-қувватлади, уларнинг ҳажми 16,9%га ошди.

Қирғизистонда саноат ишлаб чиқариши 12,7%га ўсиб, 5,2 млрд долларни ташкил этди. Қазиб олиш саноати, асосан, металл рудалари ва бошқа фойдали қазилмалар қазиб олиш ҳисобига 12,8%га ўсди. Қайта ишлаш саноати 15,1%га ўсиб, жами саноат ишлаб чиқаришининг 79,1%ини таъминлади.

Саноатнинг энг йирик тармоғи бўлган бирламчи металлургия ҳиссасига жами ишлаб чиқаришнинг 48,7%и тўғри келди. Тармоқда ишлаб чиқариш ўтган йилги 2,2%лик пасайишдан сўнг 12,2%га ўсди.

Шу билан бирга, нисбатан кичик қатор тармоқларда ҳам юқори ўсиш кузатилди. Кимё саноати қарийб 3 баробар, қоғоз ва картон ишлаб чиқариш 2,2 баробар, нефтьни қайта ишлаш 70%га, полиграфия 66%га, фармацевтика 83%га, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш 33%га, транспорт воситалари ишлаб чиқариш 41%га ўсди. Бундай динамика ўсиш кузатилаётган тармоқлар доираси кенгайиб бораётганини кўрсатади, бироқ уларнинг умумий ишлаб чиқариш ҳажмига қўшган ҳиссаси ҳозирча металлургияга нисбатан анча паст.

Суст динамика электр энергетикасида кузатилиб, ишлаб чиқариш 2,6%га қисқарди. Енгил саноатда ҳам ишлаб чиқариш 12,2%га камайди, жумладан, тўқимачилик ишлаб чиқариши 27,6%га, кийим ишлаб чиқариш эса 2,4%га қисқарди.

Тожикистонда саноат ишлаб чиқариши кўриб чиқилаётган мамлакатлар орасида энг юқори суръатда 14,1%га ўсди, ишлаб чиқаришнинг қиймат ҳажми қарийб 3,6 млрд долларни ташкил этди. Бироқ 2025 йилнинг I ярим йиллигига нисбатан (24%лик ўсиш) ўсиш суръати секинлашди.

Қайта ишлаш саноати 26%га ўсиб, жами саноат ишлаб чиқаришининг 52%ини ташкил этди (таққослаш учун, 2025 йилнинг I ярим йиллигида — 47%). Электр энергияси, газ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш соҳасида ишлаб чиқариш 16,8%га, жумладан, электр энергетикасида 17,1%га ўсди. Энергетика тармоқларининг саноатдаги улуши 21%га етди (2025 йилнинг I ярим йиллигида — 19%).

Қайта ишлаш саноатида ёғочни қайта ишлаш 73%га, кимё саноати 56%га, қоғоз ва картон ишлаб чиқариш 46%га, мебель ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш 43%га, озиқ-овқат саноати 25%га, машинасозлик 27%га, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш 23%га ўсди. Бу саноат ўсиши кенг тармоқлар доирасини қамраб олганини кўрсатади.

Шу билан бирга, қазиб олиш саноати 6,7%га қисқарди. Бунга, асосан, металл рудаларини қазиб олишнинг 7,4%га ҳамда нефть ва газ қазиб олишнинг 41,9%га камайиши таъсир кўрсатди.

Ўзбекистон саноати юқори суръатларда ўсди — 8% (2025 йилнинг I ярим йиллигида — 6,6%), ишлаб чиқаришнинг қиймат ҳажми эса 53 млрд долларга етди.

Қайта ишлаш саноати 8,8%га ўсди (2025 йилнинг I ярим йиллигида — 7,1%), унинг жами саноат ишлаб чиқаришидаги улуши 85%дан 86%га ошди. Қазиб олиш саноати эса атиги 2,1%га ўсди. Шунингдек, электр энергияси, газ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш соҳасида ўсиш 7,9%ни (3,1%), сув таъминоти, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилишда эса 15,9%ни (9,7%) ташкил этди.

Тармоқлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари бошқа машина ва ускуналар ишлаб чиқаришда кузатилди — 1,6 баробар. Ёғочни қайта ишлаш 48%га, компьютер ва электрон ускуналар ишлаб чиқариш 37%га, мебель ишлаб чиқариш 31%га, фармацевтика 22%га, автомобилсозлик 20%га ўсди. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 12%га, тўқимачилик 10,1%га, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш 12%га ошди.

Шу билан бирга, саноатнинг энг йирик тармоғи — бирламчи металлар ишлаб чиқаришда нисбатан паст ўсиш суръати сақланиб қолди. Ушбу тармоқ жами саноат ишлаб чиқаришининг 29%ини ташкил этиб, ўсиш 1,3% даражасида бўлди.

Саноат ривожланишининг умумминтақавий тенденциялари

Кўриб чиқилаётган тўрт мамлакатнинг барчасида қайта ишлаш саноати жами саноатга нисбатан юқорироқ суръатларда ўсди: Қозоғистонда — 9,8%га қарши 3,5%, Қирғизистонда — 15,1%га қарши 12,7%, Тожикистонда — 26%га қарши 14,1%, Ўзбекистонда — 8,8%га қарши 8%. Бу тенденция айниқса Қозоғистон ва Тожикистонда яққол намоён бўлди: қазиб олиш саноати қисқарганига қарамай, умумий саноат индекси ижобий даражада сақланди.

Шунингдек, машинасозлик ва айрим технологик ишлаб чиқаришлар жадал ўсмоқда. Автомобилсозлик барча тўрт мамлакатда ўсди: Қозоғистонда — 31,6%, Қирғизистонда — 40,4%, Тожикистонда — 34,2%, Ўзбекистонда — 19,6%.

Шу билан бирга, мамлакатларда металлургия ва хомашё тармоқларига юқори даражадаги боғлиқлик сақланиб қолмоқда. Металлургия Қирғизистон саноат ишлаб чиқаришининг қарийб ярмини таъминлаган. Металлар ишлаб чиқариш Ўзбекистон саноат ишлаб чиқаришининг 28,7%ини, Қозоғистонда эса 20,4%ини ташкил этган. Тожикистонда металлургия, руда қазиб олиш ва электр энергетикаси муҳим ўринни сақлаб қолган.

2026 йилдаги яна бир сезиларли тенденция ички талаб ва инвестиция цикли билан боғлиқ ишлаб чиқаришларнинг кенгайиши бўлди. Барча мамлакатларда озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари, кимё маҳсулотлари, резина ва пластмасса буюмлари, тайёр металл маҳсулотлари, автомобиллар ва мебель ишлаб чиқариш ўсди.

Саноат учун инвестиция базаси юқори даражада сақланиб қолди, бироқ унинг кўлами ва таркиби мамлакатлар бўйича фарқ қилди. Жами инвестицияларда саноатнинг улуши Ўзбекистонда 47%, Қозоғистонда 41%, Тожикистонда 35%, Қирғизистонда 17%ни ташкил этди. Ушбу инвестициялар кейинги ўсиш учун асос яратади, бироқ уларнинг самарадорлиги янги қувватларни ишга тушириш, оралиқ ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштириш ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятларига боғлиқ бўлади.

Хулоса ва асосий натижалар

2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари Марказий Осиё саноатида ўсиш давом этганини, ижобий динамиканинг асосий манбаи эса тобора кўпроқ қайта ишлаш тармоқлари бўлаётганини кўрсатади.

Ярим йилликнинг асосий таркибий натижаси — юқори қайта ишлаш босқичларига эга тармоқлар, жумладан, машинасозлик, автомобилсозлик, электроника, кимё, фармацевтика, тайёр металл буюмлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришнинг ўсиши бўлди.

Шу билан бирга, саноат ишлаб чиқаришининг салмоқли қисми ҳануз қазиб олиш, металлургия ва энергетика тармоқларига тўғри келмоқда. Айрим янги сегментлардаги юқори ўсиш суръатлари эса кўп жиҳатдан уларнинг паст бошланғич базаси билан изоҳланади. Шу боис саноат ўсишининг барқарорлиги янги қувватларни ишга тушириш билан бир қаторда тармоқлараро алоқаларни чуқурлаштириш, минтақавий таъминот занжирларини ривожлантириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва хомашёга боғлиқ бўлмаган экспортни кенгайтиришга ҳам боғлиқ бўлади.

Яқин истиқболда минтақа мамлакатлари маҳаллий хомашёни юқори қўшилган қийматли маҳсулотгача қайта ишлаш, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда инфратузилмавий чекловларни, аввало энергетика, транспорт ва саноатни молиялаштиришга кириш имконияти билан боғлиқ тўсиқларни камайтиришга эътибор қаратиши мақсадга мувофиқ.

Ушбу омиллар жорий ўсиш суръатларини Марказий Осиё саноатининг барқарор таркибий модернизациясига айлантириш имконини беради.

Руслан Абатуров

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар