Инфографика: Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги

Инфографика: Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлиги

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) сўнгги 8 йил мобайнида Ўзбекистоннинг Озарбайжон билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигини таҳлил қилди ҳамда ушбу соҳадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш салоҳиятини баҳолади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланаётгани кузатилмоқда.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро савдо кўрсаткичлари

Сўнгги 8 йил мобайнида савдо ҳажми 7,8 баробарга ошиб, 2024 йилда 253 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ўзбекистоннинг Озарбайжонга экспорти 7,5 баробарга ошиб, 208 миллион долларга етди, импорт эса 9 баробарга кўпайиб, ўтган йили 45 миллион долларни ташкил этди.

Ўтган йили Ўзбекистоннинг асосий экспорт товарлари қуйидагилар бўлди: машина ва транспорт жиҳозлари – 61 миллион доллар (экспортнинг 29%), қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари – 33 миллион доллар (16%, шундан мева-сабзавотлар – 19 миллион доллар), тўқимачилик ва кийим-кечак – 32 миллион доллар (15%), металл ва ундан тайёрланган буюмлар – 32 миллион доллар (15%, шундан мис – 24 миллион доллар), тамаки маҳсулотлари – 20 миллион доллар (10%).

2024 йилда Ўзбекистон Озарбайжондан 22 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини (импортнинг 48%, шундан 14 миллион долларлик шакар) импорт қилди. Шунингдек, алюминий – 8 миллион доллар (18%) ва жиҳозлар – 4,6 миллион доллар (10%) импорт қилинди.

Инвестициявий ҳамкорлик

Инвестициявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда: томонлар саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва фармацевтика соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда. 2017 йилда Ўзбекистонга Озарбайжондан жалб қилинган инвестициялар миқдори атиги 142 минг долларни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 79,5 миллион долларни ташкил этди. Ҳозирда устав капитали 500 миллион доллар бўлган Озарбайжон-Ўзбекистон инвестиция компанияси фаолият юритмоқда.

Доимий равишда ўтказилаётган ҳукуматлараро учрашувлар ва бизнес-форумлар ҳамкорликни чуқурлаштириш, инвестиция учун қулай муҳит яратиш ва икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги корхоналар сони 2019 йилдаги 178 тадан 2025 йил апрель ойи якунларига кўра 278 тагача ўсди.

Ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири транспорт-логистика коридорларини ривожлантириш бўлиб, бу Транскаспий йўналишидан фойдаланишни ҳам ўз ичига олади. Ушбу йўналиш минтақавий интеграцияни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг жаҳон бозорларига чиқишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар