Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистоннинг Туркия билан сўнгги 9 йил давомидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигини таҳлил қилди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик имзоланган икки томонлама келишувлар ҳамда ҳукуматлараро ҳамкорликнинг яратилган механизмлари доирасида амалга оширилади, шунингдек, олий даражадаги мунтазам алоқалар билан қўллаб-қувватланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Туркия Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳам ҳамкорлик қилади.
2023 йилда Туркия Республикаси Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи бўлиб ўтди. Ташриф доирасида ўзбек-турк бизнес-форуми ўтказилди. Ташриф якунларига кўра иқтисодиётнинг асосий тармоқларини қамраб олган, қиймати тахминан 10 млрд АҚШ долларига тенг бўлган йирик ҳукуматлараро ва тижорат ҳужжатлари пакети имзоланди.
2024 йил июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Туркияга расмий ташрифи амалга оширилди. Ташриф давомида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг йиғилиши ўтказилиб, унинг якунлари бўйича савдо-иқтисодий ва инвестициявий ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим келишувлар, протоколлар ва “йўл хариталари” пакети имзоланди.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдода энг кўп қулайлик яратиш режими амал қилади, шунингдек, имтиёзли савдо тўғрисидаги Битим имзоланган.
Туркия Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкорлари қаторига киради ва товар айирбошлаш ҳамда импорт ҳажми бўйича 4-ўринни, Ўзбекистон экспорти ҳажми бўйича эса 5-ўринни эгаллайди.
2025 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида Туркиянинг улуши умумий товар айирбошлашда 3,7%, экспортда 3,4%, импортда эса 4%ни ташкил этди.
Икки томонлама савдо динамикаси
2017–2025 йиллар даврида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1,9 баробарга ошди ва 2025 йил якунларига кўра 3 млрд АҚШ долларини ташкил этди. Туркияга экспорт 1,3 баробарга ўсиб, 1,1 млрд АҚШ долларига етди, Туркиядан импорт эса 2,8 баробарга ошиб, 1,9 млрд АҚШ долларини ташкил қилди.
Шу билан бирга, ўзаро савдода Туркиядан импортнинг йиллик ўсиш суръатлари Туркияга экспорт суръатларидан юқори бўлиб келгани натижасида манфий савдо сальдоси 751,6 млн АҚШ долларигача ошди.
2025 йилда Ўзбекистоннинг Туркияга экспорти қуйидаги товар гуруҳларидан шаклланди:
-
саноат маҳсулотлари (мисдан тайёрланган буюмлар, ип-калава ва бошқалар) — 511,4 млн АҚШ доллари (45%),
-
турли тайёр маҳсулотлар (асосан қимматбаҳо металлардан тайёрланган буюмлар) — 152,3 млн АҚШ доллари (13,4%),
-
кимё маҳсулотлари (полимерлар, ўғитлар ва бошқалар) — 124,3 млн АҚШ доллари (11%),
-
машиналар ва транспорт ускуналари — 80,1 млн АҚШ доллари (7%),
-
озиқ-овқат маҳсулотлари (қуруқ мевалар ва ёнғоқлар) — 63 млн АҚШ доллари (5,5%),
-
нефть маҳсулотлари (бензин, газойль) — 36,6 млн АҚШ доллари (3,2%),
-
ноозиқ-овқат хомашёси — 18 млн АҚШ доллари (1,6%),
-
хизматлар (асосан транспорт хизматлари) — 149,9 млн АҚШ доллари (13,2%).
2025 йилда Туркиядан импорт таркибида асосий улуш қуйидаги товар гуруҳларига тўғри келди:
-
машиналар ва транспорт ускуналари — 674,6 млн АҚШ доллари (35,7%),
-
кимё маҳсулотлари — 408,9 млн АҚШ доллари (21,7%),
-
саноат маҳсулотлари — 390,2 млн АҚШ доллари (20,7%),
-
турли тайёр маҳсулотлар — 136,2 млн АҚШ доллари (7,2%),
-
озиқ-овқат маҳсулотлари — 94,6 млн АҚШ доллари (5%),
-
нефть маҳсулотлари (мойлаш материаллари) — 30,2 млн АҚШ доллари (1,6%),
-
ноозиқ-овқат хомашёси — 30,1 млн АҚШ доллари (1,6%),
-
хизматлар — 117,4 млн АҚШ доллари (6,2%).
Инвестициявий ҳамкорлик
Икки мамлакат ўртасида инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битим имзоланган. 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда турк капитали иштирокидаги 2 137 та корхона фаолият юритмоқда (бу хорижий инвестициялар иштирокидаги амалдаги корхоналар умумий сонининг 11,8 фоизини ташкил этади). Шундан 496 таси қўшма корхоналар, 1 641 таси эса 100 фоиз турк капиталига эга корхоналардир.
2017–2025 йиллар давомида Туркиядан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитларнинг жами ҳажми 9 млрд АҚШ долларини ташкил этди, шундан 2,6 млрд АҚШ доллари 2025 йил ҳиссасига тўғри келади.
Шу тариқа, турк капитали Ўзбекистондаги иштирокини босқичма-босқич кенгайтириб бормоқда. Бунда инвестициялар асосан Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг устувор йўналишларига — энергетика соҳасига, қайта ишлаш саноатига, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш тармоқларига йўналтирилмоқда.
Хусусан, электр таъминоти соҳасидаги инвестициялар Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси томонидан Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси ҳамда Сирдарё вилоятида қуввати 220 МВт бўлган шунга ўхшаш станция қурилиши билан боғлиқ.
Сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажмлари, инвестициялар, турк капитали иштирокидаги корхоналар сонининг барқарор ўсиши, шунингдек, иқтисодий ҳамкорлик йўналишларининг кенгайиши кузатилмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш