Коронавирус пандемияси сабабли иқтисодиётнинг кўплаб соҳалари вакилларида маошлар қисқартирилиши турган гап, бироқ инқироз шароитида баъзи касб эгаларининг иш ҳақлари оширилиши ҳам кутилмоқда. Прогрессив таълим Институти экспертлари қайси касб ходимларида маошлар оширилиши мумкинлигини аниқлашди.
Мазкур тадқиқотни ўтказган таҳлилчиларининг таъкидлашларича, иш ҳақларининг оширилишига биринчи навбатда PR ва SMM-мутахассислар, продюсерлар ва контент-менежерлар умид қилишлари мумкин. Айнан шу соҳалар вакилларига пандемия пайтида эҳтиёж ошган. Уларнинг фикрича, инқироз даврида бизнес хизматлар даражасининг янада яхшиланишига муҳтож бўлади ва бу соҳалар вакиллари ўз рақобатчиларидан ажралиб туришади. Шу сабабдан ушбу касбларнинг юқори малакали соҳиблари ўз меҳнатлари эвазига муносиб баҳоланишади.
IT-мутахассислар, аналитиклар ва онлайн-маркетологларга ҳам талаб ошганлиги боис улар ҳам эътибордан четда қолишмайди ва маошлари сезиларли равишда оширилиши кутилмоқда. Энг мураккаб даврда фаолият юритаётган бўлишларига қарамай, антиинқироз менежерлари, молиявий маслаҳатчилар ҳамда логистика соҳаси бошқарувчилари ҳам иш ҳақлари ўсиши арафасида туришибди. Айнан шундай вазият тайм-менежмент мутахассисларида рўй бериши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
Иш ҳақи миқдорининг ошишига шунингдек, табиий-илмий жараён ходимлари, рухшунослар ва психотерапевтлар ҳам даъвогарлик қилишлари мумкин. Қолаверса, тиббиёт мутахассислари ва санитария-эпидемиология назорати ходимларининг ҳам иш ҳақлари аллақачон оширилган. Бу табиий жараён албатта, эпидемия тарқалишига қарши мардонавор курашаётган ва хасталанган инсонлар тузалиб, кундалик турмуш тарзларига қайтишлари учун ўз ҳиссаларини қўшаётган бу соҳа вакилларининг муносиб меҳнатлари муносиб тақдирланиши лозим. Таъкидлаш жоизки, дунёнинг кўплаб мамлакатларида, шу жумладан юртимизда тиббиёт ходимларининг масъулиятли ва фидокорона меҳнатлари муносиб иш ҳақи ва қўшимча тўловлар билан рағбатлантирилмоқда.
Шунингдек, меҳнат тўловининг кўпайтирилган миқдорига тажрибали онлайн-педагоглар, репетиторлар ва виртуал-гидлар ҳам талабгорлик қилишлари мумкин.
Ниҳоят, экспертлар юқорироқ маошга даъвогарлик қиладиган касблар эгалари қаторига аграр сектори вакиллари – агрономлар, лаборантлар, зоотехниклар, сут соғувчилар ва ветеринарларни ҳам қўшишди.
Изоҳ қолдириш