Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида ЮНКТАД / ЖСТ халқаро савдо маркази ваколатхонаси билан музокаралар бўлиб ўтди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида ЮНКТАД / ЖСТ халқаро савдо маркази ваколатхонаси билан музокаралар бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида ЮНКТАД / ЖСТ халқаро савдо маркази (ХСМ) миссияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда бозор иқтисодиётини ривожлантириш, савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва бизнесни ривожлантириш бўлимининг катта маслаҳатчиси жаноб Муҳаммад Саид, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича дастур координатори жаноб А. Загранян ва савдо тартибларини соддалаштириш бўйича маслаҳатчи жаноб П. Бантону иштирок этди.

Маълумот учун: ЮНКТАД/ЖСТ халқаро савдо маркази 1964 йилда тарифлар ва савдо бўйича Бош битим (ГАТТ) га кўра, экспортни ривожлантириш соҳасида савдо-сотиқ бўйича ахбороти ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш учун ташкил этилган.

ХСМ БМТ тизимининг ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, бир вақтнинг ўзида ЮНКТАД ва ЖСТга ҳисоботдордир. ХСМ ваколати доираси ривожланаётган мамлакатлар ва халқаро савдо соҳасида ўтиш иқтисодиётига эга мамлакатларга техник ёрдам кўрсатиб боради.

ХСМ делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи жорий йилнинг 28 февралига қадар режалаштирилган. Миссиянинг асосий мақсади, манфаатдор томонлар билан Жаҳон савдо ташкилотига тақдим этилиши зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлашда Ҳукумат вакилларига маслаҳат беришдан иборат.

Марказ директори Обид Ҳакимов меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаёган кенг кўламли ислоҳотлар ва истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Олий Мажлисига (парламентга) йўллаган мурожаатномасининг асосий қоидаларини ташриф буюрувчиларга етказди.

О. Ҳакимов марказ томонидан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий Иттифоқига аъзолиги натижалари таҳлили олиб борилганлиги ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишининг иқтисодиёт тармоқларига таъсири бўйича шунга ўхшаш тадқиқотлар олиб бораётганини, унинг натижалари яқин орада тақдим этилишини таъкидлади.

Учрашув давомида ХСМ миссияси вакиллари ЖСTга аъзо бўлиш учун Ўзбекистонга зарур техник ёрдам кўрсатиш бўйича келишувни тўлиқ амалга оширишга тайёр эканликларини тасдиқладилар. Хусусан, экспертлар бу йил Халқаро савдо марказининг тартибга солувчилар, давлат сектори ва бизнес ҳамжамиятини жалб этган ҳолда 5 йил муддатга БMT ва ЖСT томонидан молиялаштириладиган иккита йирик лойиҳани ишга туширганини таъкидлашди.

Биринчи лойиҳа – миллий даражада (Ўзбекистон миллий лойиҳаси) Ўзбекистоннинг ЖСTга киришига техник кўмак беришга қаратилган. Mазкур лойиҳада Ўзбекистоннинг ЖСTга кириш бўйича музокаралар жараёнига жалб этилган миллий вазирлик ва идораларнинг институционал салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Иккинчи лойиҳа – минтақавий даражада (Mарказий Осиё мамлакатлари минтақавий лойиҳаси) бўлиб, Mарказий Осиё мамлакатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Tожикистон ва Tуркманистон ўртасидаги савдо тартиб-таомилларини соддалаштиришга йўналтирилган. Ушбу лойиҳада асосий эътибор савдо сиёсатининг тарифсиз чораларини камайтиришга, Марказий Осиё мамлакатларида миллий ва минтақавий даражада савдо тартиб-таомилларини соддалаштиришга қаратилган. Бу келгусида МОда минтақалараро савдони соддалаштиришга олиб келади ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, Mарказий Осиё мамлакатлари ўзаро савдоларида юқори қўшимча қийматга эга бўлган товарлар улушини оширади.

Учрашув якунида томонлар келгусидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг ЖСTга аъзо бўлишининг иқтисодиёт тармоқларига таъсири бўйича ва қўшма тадқиқотлар ўтказиш тўғрисида келишиб олдилар.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан ишлаш хизмати

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар