Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан йиллик Макроиқтисодий шарҳ тайёрланди.
Макроиқтисодий шарҳ Марказнинг мунтазам нашри ҳисобланади. Унда Ўзбекистондаги макроиқтисодий вазиятнинг тезкор таҳлили тақдим этилиб, қисқа муддатли истиқболдаги ривожланиши бўйича баҳолашлар келтирилади.
Нашрда ялпи ички маҳсулот, саноат, инвестициялар, истеъмол харажатлари, инфляция, фоиз ставкалари, кредитлаш, ички ва ташқи савдо, давлат бюджети харажатлари ва даромадлари, циклик мослаштирилган бюджет баланси каби кўрсаткичлар таҳлил қилинган.
Шарҳ миллий иқтисодиёт ривожланишининг ҳолати ва асосий тенденцияларининг мониторинги, шу жумладан, қисқа муддатли иқтисодий истиқболларини шакллантирувчи пул-кредит ва фискал соҳалардаги давлат сиёсати масалаларини қамраб олади.
Шарҳнинг мақсади макроиқтисодий барқарорликни сақлаш ва миллий иқтисодиётнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашиш шартларини таъминлаш бўйича иқтисодий сиёсат соҳасидаги ривожланиш истиқболларини баҳолашдан иборат.
Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 2023 йилда 6,0%ни ташкил қилди. Ўсиш драйвери сифатида инвестициялар 22,1%га ўсиб, 30 млрд долларга етди. Бунда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 56,2%га ўсиб, 14,2 млрд долларни ташкил қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ЯИМга нисбатан ташқи савдо балансининг манфий сальдоси 15,1%ни ва консолидациялашган бюджет дефицити 5,5%ни ташкил қилди.
Марказ ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда 2024 йилда иқтисодий ўсиш 5,8% атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бунда аҳоли истеъмоли ва инвестициялар ўсиши мос равишда 4,8% ва 7,6%ни ташкил этади.
Шарҳининг асосий хулосалари:
- инвестициялар ўсишининг тезлашиши 2023 йилдаги иқтисодий ўсишнинг асосий драйверларидан бири бўлди. Хусусан, 2023 йилда жами 352,1 трлн сўм (30 млрд долл) инвестициялар амалга оширилган бўлиб, реал ҳисобда 22,1%га ўсди;
- Марказнинг Истеъмолчилар кайфияти индекси натижалари ҳам иқтисодиётда оптимистик кайфият юқори эканлигини кўрсатган. Аҳоли харажатлари кўпайишини, шу жумладан, уларга ажратилган кредитларнинг ўсиши билан изоҳлаш мумкин. Хусусан, 2023 йилда аҳолига 100,2 трлн кредит берилган бўлиб, 2022 йилга нисбатан 1,5 баравар кўпайган;
- тармоқлар кесимида ЯИМ ўсишига энг катта ҳиссани ишлаб чиқариш, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги ҳамда бошқа турдаги хизмат кўрсатиш тармоқлари қўшди;
- 2023 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари ўсиши 12,3%ни ташкил қилиб, номинал ЯИМ ўсишидан (19%) паст кузатилган. 2024 йилда ҳам номинал ЯИМ ўсиши (22,1%) бюджет даромадлари ўсишидан (16,8%) юқори бўлиши кутилмоқда.
- консолидациялашган бюджет харажатлари 379,2 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 35,6%ни ташкил қилди. 2023 йилда харажатлар ўсиши секинлашиб, 17,9%ни ташкил қилди;
- 2023 йил кредитлар қолдиғи ўсиши ўтган 2 йилга солиштирганда бироз тезлашиб, 20,9%га етган.
- 2023 йилда ташқи савдо айланмаси 62,6 млрд - экспорт 24,4 млрд ва импорт 38,1 млрд долларни ташкил этди. 2022 йилга нисбатан экспорт 23,8%, импорт 24,0%га ўсди.
- 2018-2023 йилларда ЯИМ доллар ҳисобида 1,7 бараварга ортган бўлса, ушбу даврда олтинсиз экспорт 1,5 баравар, импорт 2 баравар кўпайган. 2023 йилда савдо баланси манфий сальдоси 13,7 млрд долларга ёки ЯИМга нисбатан 15,1%га етди;
- мамлакат савдо шартларида пасайиш давом этмоқда. Ушбу кўрсаткич 2023 йилда 1,2%га ёмонлашган бўлса, 2018 йилдан бери 12,4%га пасайган.
2023 йилнинг январь-июнь ойлари учун Макроиқтисодий шарҳни юклаб олиш
2023 йилнинг январь-сентябрь ойлари учун Макроиқтисодий шарҳни юклаб олиш
2023 йилнинг январь-декабрь ойлари учун Макроиқтисодий шарҳни юклаб олиш
Изоҳ қолдириш