“Ишга марҳамат” мономарказлари ташкил этилади

“Ишга марҳамат” мономарказлари ташкил этилади

“Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, камбағал ва ишсиз аҳолини, айниқса, хотин-қизларни ва ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Бунда камбағал, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш маҳалла, туман (шаҳар) ва ҳудуд марказлари даражасида “маҳаллада касб-ҳунарга ўқитиш масканлари – туман касб-ҳунарга ўқитиш марказлари – ҳудуд “Ишга марҳамат” мономарказлари” механизми асосида амалга оширилади.

Лойиҳада шунингдек, қуйидагилар назарда тутилади:

  • 2020 йил 1 июлга қадар ҳар бир ҳудудда камида биттадан “Энг яхши касбга тайёрлаш дастури” бўйича нодавлат ташкилотлари ўртасида танлов ўтказиш, танлов ғолибларига ўз ишини ташкил қилиш учун грант ажратиш;
  • 2020 йил 1 октябрга қадар ҳар бир ҳудудда камида биттадан “Ишга марҳамат” мономарказлари ёки касб-ҳунарга тайёрлаш марказларини ташкил этиш;
  • 2020 йил 1 июнга қадар Россия Федерациясининг ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари энг кўп фаолият юритаётган ҳудудларини аниқлаб, дастлабки босқичда камида 5 та шаҳарда мигрантларни касбга ўқитиш ва рус тилини ўргатишни ташкил этиш.

Қарор билан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар