Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган индукцион печлар ва камералар олиб кирилмайди

Ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошган индукцион печлар ва камералар олиб кирилмайди

Ҳукумат томонидан қурилиш учун мўлжалланган металл прокатининг сифати ва хавфсизлигига эътибор қаратилди (14.12.2019 йилдаги 999-сон ВМҚга қаранг).

2020 йил 1 мартдан бошлаб ишлаб чиқарилганидан эътиборан божхонада расмийлаштирилгунига қадар 3 йилдан ортиқ муддат ўтган, илгари фойдаланишда бўлган индукцион печлар ва камераларнинг (ТИФ ТН коди 8514 20 1000) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишини тақиқланади. Бунда ишлаб чиқарилган йили ишлаб чиқарувчи заводнинг тегишли сана кўрсатилган техник паспорти билан тасдиқланади. Ҳужжатлардаги мавжуд маълумотларнинг ишончлилиги ва товарларнинг давлат чегарасидан ноқонуний олиб ўтилиши учун импорт қилувчилар жавоб беради.

2020 йил 1 январдан бошлаб қора металлар прокатини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган индукцион печлар ва камераларга нисбатан божхона тўловлари имтиёзларининг амал қилиши бекор қилинади.

Махсус идоралараро ишчи гуруҳлари томонидан қурилиш учун мўлжалланган металл прокати ишлаб чиқарадиган корхоналар фаолияти ҳудудлар кесимида ўрганилади. 15 январга қадар улар жойларга чиққан ҳолда, металл прокатининг сифати ва хавфсизлигига оид белгиланган стандартларга амал қилиш ҳолатини текширадилар. Нормативларга амал қилмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, Қурилиш вазирлиги томонидан металл прокатини ишлаб чиқариш, сотиш ва қўллаш тақиқланади.

1 февралга қадар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида амалдаги норматив ҳужжатлар қайта кўриб чиқилади, 1 мартга қадар эса металл прокатининг сифати ва хавфсизлиги бўйича назоратни амалга оширадиган синов лабораториялари модернизацияланади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар