Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индекси ҳақида

Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индекси ҳақида

Тадқиқот натижалари аёллар учун қонунларда белгиланган ҳуқуқлар билан уларнинг амалдаги имкониятлари ўртасида сезиларли тафовут мавжудлигини кўрсатди.

“Аёллар, бизнес ва қонун” тадқиқоти аёлларнинг иқтисодий имкониятларига таъсир кўрсатадиган қонунлар ва ислоҳотларни кузатиб боради. Тадқиқотнинг 11-нашрида дунёнинг 190 та мамлакати иштирок этди; таҳлилда 2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра маълумотлардан фойдаланилди.

Индекс 10 та индикатор асосида ҳисобланади: хавфсизлик, эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи, иш билан бандлик, меҳнатга ҳақ тўлаш, никоҳ, ота-оналик, болаларни парвариш қилиш, тадбиркорлик, активлар ва пенсия. Бу йил илк бор қонунларнинг амалда қандай бажарилаётгани ҳам баҳоланди.

Асосий хулосалар

Агар иш билан бандлик ва тадбиркорлик соҳасидаги гендер тафовут бартараф этилса, жаҳон ялпи ички маҳсулоти 20 фоизгача ўсиши мумкин.

Аёллар ва эркаклар ўртасидаги иш ҳақидаги тафовут сабаб жаҳон иқтисодиёти ялпи ички маҳсулотнинг 7 триллион долларгача қисмини йўқотмоқда.

Дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида аёллар эркаклар билан тенг иқтисодий имкониятларга эга эмас. Аёлларнинг атиги 4 фоизи тенгликка яқин шароитлар мавжуд мамлакатларда яшайди.

Аёллар эркакларда мавжуд ҳуқуқларнинг ўртача 67 фоизига эга. Бу ҳуқуқлар амалда ишлаши учун зарур бўлган давлат сиёсати ва институтлар эса фақат 47 фоиз даражасида шаклланган.

Зарур қонунларнинг фақат учдан бири зўравонликка қарши қаратилган. Шу билан бирга, уларни амалга оширишда 80 фоиз ҳолатда муаммолар кузатилади.

Аёллар ўз бизнесини очиш ҳуқуқига эга. Аммо кредит олиш имкониятида тенглик фақат ярим ҳолатларда таъминланган.

Мамлакатларнинг ярмидан кам қисми болали оилаларга молиявий ёки солиқ имтиёзлари орқали қўллаб-қувватлаш кўрсатади.

Болаларни парвариш қилиш хизматларини ривожлантириш бўйича чоралар фақат 30 фоиз ҳолатда мавжуд. Кам даромадли мамлакатларда эса бундай хизматлар атиги 1 фоиз даражасида йўлга қўйилган.

Марказий Осиё ва Озарбайжондаги ҳуқуқий нормаларнинг қиёсий таҳлили

Ўзбекистон 100 баллдан 82,1 балл тўплаб, умумий ҳуқуқий индекс бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллади (Қирғизистон — 79,6; Қозоғистон — 73; Озарбайжон — 72,18; Тожикистон — 70,22; жаҳон бўйича ўртача кўрсаткич — 67).

Ўзбекистон билан минтақа мамлакатлари орасидаги энг паст кўрсаткич ўртасидаги фарқ қарийб 12 баллни ташкил этади.

Меҳнат ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон 91,75 балл тўплаб, минтақадаги энг юқори кўрсаткичга эга бўлди (Қозоғистон — 83,25; Тожикистон — 87,5; Қирғизистон — 75; Озарбайжон — 75). Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги фарқ 17 баллга етади.

Иш ҳақи кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 100 балл тўплаб, Қирғизистон билан биргаликда энг юқори натижани қайд этди (Қозоғистон — 75; Озарбайжон — 50; Тожикистон — 56,25). Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги фарқ 50 баллни ташкил этади.

Ота-оналик кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 62,5 балл тўплади (Қозоғистон ва Тожикистон — ҳар бири 75 баллдан).

Болалар парвариши кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон 100 баллдан тўплади (Қирғизистон — 91,75; Озарбайжон — 75; Тожикистон — 41,75). Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги фарқ 58 баллдан ортиқни ташкил этади.

Болалар парвариши ва тадбиркорлик соҳалари бўйича Ўзбекистон минтақа бўйича ўртача кўрсаткичлардан барча йўналишларда юқори натижаларни қайд этмоқда.

Тадбиркорлик соҳасида Ўзбекистон 75 балл тўплаб, Қозоғистон ва Озарбайжон билан биргаликда етакчи мамлакатлар қаторига кирди (Қирғизистон ва Тожикистон — ҳар бири 50 баллдан).

Хавфсизлик кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон 25 баллдан тўплади (Қирғизистон — 50; Озарбайжон — 31,25; Қозоғистон — 0).

Пенсия таъминоти соҳасида Қозоғистон 71,75 балл билан энг юқори кўрсаткични қайд этди (Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон — ҳар бири 66,75 баллдан; Озарбайжон — 65,5).

“Иш” индикатори бўйича Ўзбекистон 91,75 балл тўплаб, Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчи ўринни эгаллади (Қозоғистон — 83,25; Тожикистон — 87,5; Қирғизистон ва Озарбайжон — ҳар бири 75 баллдан).

«Иш» индикатори бўйича Қирғизистон ва Озарбайжон кўрсаткичлари Ўзбекистонникидан 16,75 баллга паст.

Барча Марказий Осиё мамлакатлари эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи, никоҳ тузиш ҳуқуқи ва мулкий ҳуқуқлар кўрсаткичлари бўйича максимал 100 балл тўплади.

Умуман олганда, минтақа асосий ҳуқуқий модернизация босқичини босиб ўтди ва энди қабул қилинган нормаларни амалиётда самарали татбиқ этиш ҳамда институционал асосларни мустаҳкамлашга кўпроқ эътибор қаратиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг гендер кўрсаткичлари

Ўзбекистон иқтисодиётида аёлларнинг иштирок даражаси 43,6 фоизни ташкил этади. Жаҳон банки гендер тенглигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асосларни шакллантиришда сезиларли тараққиёт кузатилаётганини қайд этади. Ўзбекистоннинг умумий кўрсаткичлари (Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича ўртача кўрсаткич 100 баллик шкалада):

1) Умумий ҳуқуқий индекс - 82,1 (80,62);

2) Қўллаб-қувватловчи чоралар индекси (институционал механизмлар) - 59,08 (55,61);

3) Ҳуқуқни қўллаш амалиётини баҳолаш индекси - 57,2 (64,87).

Қонунларнинг амалда ижро этилиши кўрсаткичи бўйича республика ўртача минтақавий кўрсаткичдан (Европа ва Марказий Осиё) 8 бандга паст.

Қонунчилик нормалари билан уларни қўллаб-қувватловчи механизмлар ўртасидаги фарқлар меҳнат, иш ҳақи ва ота-оналик каби индикаторларда кузатилади. Айниқса, хавфсизликни таъминлаш соҳасида сезиларли тафовут қайд этилган.

Хавфсизлик индикатори бўйича ҳуқуқий асос кўрсаткичи 25 баллни, қўллаб-қувватловчи механизмлар 58,25 баллни, ҳуқуқни қўллаш амалиёти эса 9,38 баллни ташкил этади.

Меҳнат индикатори бўйича ҳуқуқий асос 91,75 баллга баҳоланган, қўллаб-қувватловчи чоралар 25 баллни, ҳуқуқни қўллаш амалиёти эса 50,06 баллни ташкил этади.

Қонунчилик ва унинг амалда бажарилиши ўртасидаги энг яхши мувозанат эркин ҳаракатланиш, мулкий ҳуқуқлар ва тадбиркорлик индикаторлари бўйича кузатилади.

Тадбиркорлик индикатори бўйича ҳуқуқий асос 75 баллга баҳоланган, қўллаб-қувватловчи механизмлар 95 баллни, ҳуқуқни қўллаш амалиёти эса 62,5 баллни ташкил этади.

Мулкий ҳуқуқлар индикатори бўйича ҳуқуқий асос 100 баллни, қўллаб-қувватловчи чоралар 50 баллни, ҳуқуқни қўллаш амалиёти эса 71,88 баллни ташкил этади.

Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақасида давлат харидларини амалга оширишда гендер масалаларини ҳисобга олувчи қонунчилик нормалари мавжуд бўлган учта мамлакатдан бири сифатида қайд этилган.

Хулоса

Ўзбекистон аёлларнинг иқтисодий имкониятлари бўйича ҳуқуқий индексга кўра Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллайди. Шу билан бирга, қабул қилинган қонунлар ва уларнинг амалдаги ижроси ўртасидаги фарқ сақланиб қолмоқда. Бу, айниқса, хавфсизлик, бандлик ва ота-оналик соҳаларида яққол намоён бўлади.

Зиёда Ризаева

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар