Ўзбекистонда Марказий Осиёда ягона бўлган саккизта йирик агрологистика марказлар тармоғи яратилади – Жамшид Ходжаев

Ўзбекистонда Марказий Осиёда ягона бўлган саккизта йирик агрологистика марказлар тармоғи яратилади – Жамшид Ходжаев

Rungis Semmaris компаниясининг иштироки билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда ягона бўлган, юқори халқаро стандартларга мувофиқ саккизта йирик агрологистика марказлар тармоғини яратиш ва бошқариш лойиҳаси амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

“Ушбу улкан агрологистика марказлари йирик шаҳарларнинг чеккаларида қурилади - уларнинг умумий майдони қарийб 200 гектарни ташкил этади, умумий қуввати эса йилига 3 миллион тоннадан ортиқ бўлиши кутилмоқда. Энг йирик Тошкент агрологистика маркази 70-100 гектар майдонни эгаллайди, энг ихчами эса Хоразмда бўлади, аммо унинг 10 гектар майдонни эгаллаган хажми ҳам катта таассурот қолдиради. Таққослаш учун - бу пойтахтдаги икки ёки учта йирик турар-жой массивлари ёки 15 га яқин футбол майдони дегани! Худди Франциянинг машҳур Ранжис мега-бозорида бўлгани сингари, ушбу агрологистика мажмуаларда ҳам фақат улгуржи савдогарлар савдо қилишлари мумкин бўлади. Агро марказларнинг асосий мақсади мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорга чиқиш учун тайёрлаш жараёнини халқаро даражага етказишдир”, тушунтириш берди Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев.

Ҳар бир агрологистика марказида барча зарур объектлар жамланади булар: кросс-доклар, савдо павильонлари, меҳмонхоналар, тижорат банклари ҳамда ҳизматлар: саралаш, калибрлаш, қуритиш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, етказиб бериш, божхона расмийлаштируви, карантин, озиқ-овқат хавфсизлигини сертификатлаш, мутахассислар маслаҳатлари бошқалар жамланади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра саккизта агрологистика марказлари базасида қарийб 10 мингга яқин янги иш ўринлари яратилади, айнан эса: 70-100 гектар (йиллик қуввати 760 минг тонна) бўлган Тошкент агрологистика маркази ҳудудида 3 мингдан ортиқ иш ўринлари, майдони 22 гектар бўлган Самарқанд шаҳар агрологистика марказида (йиллик қуввати 492 минг тонна) 1200 та иш ўринлари ҳамда 18 гектар майдонни эгаллаган (йиллик қуввати 410 минг тонна) Андижон агро марказида 1200 иш ўринлари. 15 гектар майдонни эгаллайдиган Бухоро агро маркази (йиллик қуввати 200 минг тонна), шунингдек 10 гектар майдонга эга Хоразм агро маркази (йиллик қуввати 200 минг тонна) негизида 680 тадан иш жойини ташкил этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Фарғона вилоятидаги 15 гектар майдондаги агро марказда (қуввати 300 минг) ва Сурхондарё вилоятидаги 20 гектарлик агро марказда (йиллик қуввати 300 минг тонна) 800 тадан иш ўринлари яратилади.

Фуқароларнинг фаровонлиги йўлида қишлоқ хўжалиги соҳасини барқарор ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга, ушбу тармоқ мамлакатимизда ЯИМнинг учдан бир қисмини ташкил қилади ва қарийб 3,6 миллион кишини иш билан таъминлайди. Rungis Semmarisнинг Ўзбекистондаги замонавий агрологистика марказларни қуришда кўрсатадиган ёрдами бизнинг қишлоқ хўжалигимизда янги имкониятлар, йўналишлар ва ҳаттоки янги касбларни яратишга ёрдам беради ва Европа Иттифоқининг бир қисми бўлган Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги самарали ва истиқболли шерикликнинг яна бир яхши намунасига айланади”. - дея қўшимча қилди вазир Жамшид Ходжаев.

Rungis Semmaris компанияси Париж чеккасидаги йиллик айланмаси 9 миллиард евро бўлган дунёдаги энг йирик озиқ-овқат ва логистика марказига эгалик қилади ҳамда бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотларининг улгуржи бозорларини қуриш ва ташкил этиш бўйича етакчи тажрибага эга.

“Ушбу шериклик шартномаси имзоланганидан ҳамда тажриба алмашиш, янги авлод агро инфратузилмасини яратишда Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш имконияти берилганидан мамнунмиз. Сизнинг шижоатингиз ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ҳамда Ўзбекистон агро маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқариш борасидаги улкан ишларни бажаришга тайёрлигингиз бизга илҳом бағишламоқда», - деди Rungis Semmaris раҳбари Стефан Лаяни.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар