Жамшиз Қўчқоров: Халқаро товар ва молия бозорларида юзага келган вазият сўмнинг алмашув курсига таъсири ҳозирча нейтрал

Жамшиз Қўчқоров: Халқаро товар ва молия бозорларида юзага келган вазият сўмнинг алмашув курсига таъсири ҳозирча нейтрал

9 март куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банк ҳамда Молия вазирлиги раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида жаҳон молия ва хом ашё бозорларидаги охирги ўзгаришларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини ўрганиш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшиз Қўчқоров маълум қилди.

Йиғилишда қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:

- газ нархининг пасайиши (нефть нархининг пасайиши сабабли) ва айрим мамлакатлар миллий валютасининг девальвацияси экспорт тушумларимизга салбий таъсир кўрсатади, шу билан бирга нефть ва газ нархи пасайишининг ички бозорга ижобий таъсири ҳам ўрганиб чиқилади. Халқаро товар ва молия бозорларида юзага келган вазиятнинг сўмнинг алмашув курсига таъсирини ҳозирча нейтрал деб баҳолаймиз;

- газ нархи пасайиши сабабли Давлат бюджети даромадларининг йўқотишлари олтин нархининг юқори эканлиги ҳисобига тўлиқ қопланади. Умуман олганда, Давлат бюджети барча мажбуриятларини тўлиқ таъминлаш имконига эгадир;

- мазкур масала бўйича асосий савдо ҳамкор давлатларимиз расмий идораларининг 9 мартдаги баёнотларини, асосийси, уларнинг макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга бўлган жиддий режаларини ижобий баҳолаймиз;

- халқоро молия ва товарлар бозорларида юзага келган қалтис вазиятнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирининг кўлами биринчи навбатда ушбу тебранишларнинг қанчалик узоқ муддат давом этишига боғлиқдир.

Юзага келган вазиятнинг Ўзбекистондаги макроиқтисодий барқарорликка салбий таъсирини минималлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга киришилди. Шу мақсадда учта идора вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳи тузилди.

"Фурсатдан фойдаланиб шуни маълум қилмоқчимизки, жорий йилнинг 13 март куни Москва шаҳрида МДҲ давлатлари иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Унда ушбу масалани ташқи савдо бўйича асосий ҳамкор давлатларимиз вакиллари – ҳамкасбларимиз билан яна бир бор муҳокама қилиб оламиз.

Ишчи гуруҳи ва тегишли идоралар жаҳон молия ва хом ашё бозорларидаги ўзгаришларни диққат билан кузатиб борадилар ва оммавий ахборот воситалари орқали маълумот бериб турадилар", дейди Иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоров.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар