Жарима ва рад этилган учишлар: кимлар чет элга уча олмайди?

Жарима ва рад этилган учишлар: кимлар чет элга уча олмайди?

Истеъмолчи авиачипталарни сотиб олди, лекин хорижга учиб кета олмади. Чунки авиакомпания ходимлари томонидан рўйхатдан ўтказиш жойида ҳужжатлар текширилганда унга мамлакатни тарк эта олмаслигини айтишди. Устига-устак истеъмолчига учишга тақиқ ҳақида маълумот берилмади ва фойдаланилмаган авиачипта пуллари ҳам қайтариб берилмади. Хўш, бу ҳолатда ким айбдор, истеъмолчими ёки хизмат кўрсатувчи?

Мурожаатларнинг сони

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига 2020 йилда жами 272 та (шундан, 110 таси “Uzbekistan airways” АЖ, 162 таси хорижий авиакомпаниялар), 2021 йилнинг ўтган даврида жами 153 та (шундан, 54 таси “Uzbekistan airways” АЖ, 89 таси хорижий авиакомпаниялар) парвоз чекловлари туфайли бекор қилинган чипталарни сотиб олишга сарфланган пул маблағларини қайтариш бўйича муроажаатлар келиб тушди.

Натижада Агентлик 164 нафар истеъмолчига жами 480 428,0 минг сўм миқдоридаги маблағларни қайтариб беришга муваффақ бўлди, шундан 120 таси “Uzbekistan airways” АЖ қолган 46 таси хорижий авиакомпанияларнинг авиачипталарига тўғри келади.

Мурожаатлардаги ушбу рақамлар асосан рейслар бекор қилинган карантин ва карантиндан кейинги даврга тўғри келади. Истеъмолчилар жўнаш тақиқланганлиги сабабли фойдаланиб бўлмайдиган авиачипталар пулларини қайтариб беришда ёрдам сўраб Агентликка мурожаат қилишда давом этмоқдалар.

Тақиққа кимлар киради?

Шуни таъкидлаш керакки, мамлакатни тарк этиш учун вақтинча чекланишга бир қатор омиллар таъсир кўрсатмоқда. Аввало, тақиқ зиммасидаги алиментни тўламаган қарздорларга тааллуқлидир, бу эса қарор мажбурий ижро бюроси инспектори томонидан қабул қилинади. Иккинчидан, агар фуқаро қасддан ёки билмасдан солиқ тўламаса ёки қарзни юридик/жисмоний шахсга қайтармаса, таъқиқлаш учун асос қарздорлик ҳисобланади.

Аммо гап шундаки, қарзга эга бўлиш хорижга чиқиб кетишни тақиқламайди, унинг суд қарори керак. Фақатгина суд ҳужжати асосида мамлакатни тарк этишни вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунида қарздор – жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиши учун вақт чекловлари аниқ кўрсатилган. Унга кўра, Суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли. Шундай қилиб қарздор – жисмоний шахс томонидан ижро ҳужжатида кўрсатилган талаблар белгиланган муддат ичида узрли сабабларсиз бажарилмаган тақдирда.

Давлат ижрочисининг қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисидаги қарори катта давлат ижрочиси томонидан тасдиқланади. Шуни таъкидлаш мумкинки, мазкур қарорнинг кўчирма нусхалари қарздор жисмоний шахсга (агар унинг турган жойи маълум бўлса), ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (бошқармасига) ҳамда Давлат чегарасини қўриқлаш органларига юборилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўз ваколатлари доирасида фуқароларнинг мамлакат ташқарисига чиқишини вақтинча чеклашлари мумкин.

Учишга тақиқни қандай билиш мумкин?

Бу истеъмолчиларни қизиқтирган долзарб савол. Жўнаш олдидан фақат аэропортдагина тақиқ ҳақида билиб, кутилмаган нохуш ҳолатга тушмаслик учун истеъмолчи аввал авиакассалар (чипта сотиш махсус кассалари) орқали маълумот олиши мумкин. Иккинчидан, авичипталарни сотиб олишдан ёки учиб кетиш кунидан аввал ҳамда авиакомпания томонидан чипта пулини тўлиқ қайтариб олиш бўйича белгиланган муддатда, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг https://mib.uz/ расмий веб-сайти орқали шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотларини киритиш асосида ёки @mibuzbot телеграм канали орқали аниқлик киритишлари лозим.

Учинчидан, тақиқ қўйилганлиги бўйича ўзида гумон пайдо бўлган шахслар томонидан тегишлилиги бўйича ҳуқуқ-тартибот органларига (Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари) белгиланган тартибда мурожаат қилиш орқали мамлакатдан чиқиб кетишни вақтинча чеклаш тўғрисида батафсил маълумотни билиб олишлари мумкин.

Авиачиптага тўланган пулимни қайтаринг!

Худди шундай талаб билан тақиқ туфайли мамлакатдан учиб чиқа олмаган истеъмолчилар авиачипта сотиб олишга сарфланган пулни қайтариш бўйича ёрдам сўраб Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилишди.

Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидаларини тасдиқлаш талабларига мувофиқ (2238-сон 29.06.2011) йўловчининг кириш ман этилган манзилгача тўлаган ташиш учун тўловлари қайтариб берилмайди.

Пулни қайтариш шартлари

Тарифларни қўллаш қоидаларига мувофиқ ташувдан ихтиёрий равишда воз кечилганда ташув рад этилганлиги учун тўлов олинишини аниқлаштириш зарур. Ташувдан мажбурий равишда воз кечилганда (авиакомпания айби билан) сумма ҳеч қандай йиғим ундирилмаган ҳолда қайтарилади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳаво Кодексига (104-моддаси. Йўловчининг ташаббуси билан ҳаво транспортида ташиш шартномаси кучининг тўхтатилиши) асосан, йўловчи ҳаво транспортида ташиш шартномаси амал қилиб турган исталган вақтда (ихтиёрий равишда) – йўловчи учун жой банд қилиб қўйилган ҳаво кемаси парвоз қилгунича ёки парвоз қилганидан кейин йўналиш манзилларидан бирида ҳаво транспортида ташиш шартномасини бекор қилиш ва ташиш учун тўланган сумманинг ҳаммасини ёки бир қисмини ташувчининг тарифларини қўллаш қоидаларида белгиланган тартибда олиш ҳуқуқига эга.

Ҳаво транспортида йўловчи ва багаж ташиш қоидаларига асосан, “Uzbekistan airways” АЖ томонидан сотилган авиабилетлар қайтарилиши тўлиқ фойдаланилмаган ҳамда қисман фойдаланилган транспорт учун пулни қайтариб бериш чиптани сотиб олиш жойида чипта берилган кундан бошлаб бир йил муддатда амалга оширилади, агар тарифларини қўллаш қоидалари ва ташувчига тегишли қоидаларида бошқача тартиблар назарда тутилган бўлмаса.

Халқаро тажриба

Ушбу ҳолатларда хорижий авиакомпаниялар томонидан авиачипталарни қайтариш тартиби қандай? Буни “эконом класс” тарифидаги авиачипта мисолида кўриб чиқамиз.

Ҳолатлар Air Astana

(Казахстан

Бел авиа

(Белоруссия)

Аэрофлот

(Россия)

Между-

народные авиалинии Украины

(Украина)

Азербайджан-ские авиалинии

(Азербайджан)

Ташувдан мажбурий воз кечилганда Ҳеч қандай йиғим ундирилмаган ҳолда қайтарилади Ҳеч қандай йиғим ундирилмаган ҳолда қайтарилади Ҳеч қандай йиғим ундирилмаган ҳолда қайтарилади Ҳеч қандай йиғим ундирилмаган ҳолда қайтарилади Ҳеч қандай йиғим ундирилмаган ҳолда қайтарилади
Ташувдан ихтиёрий воз кечилганда Қайтарилмайди Қайтарилмайди Қайтарилмайди Тарифларни қўллаш қоидаларига асосан тўлов ундирилган ҳолда қайтарилади. Самолёт учиб кетгунга қадар мурожаат қилинганда тарифларни қўллаш қоидаларига асосан рухсат этилади.
Қайта брон қилинганда Қайтарилмайди Қайтарилмайди Самолёт учиб кетгунга қадар мурожаат қилинганда тарифларни қўллаш қоидаларига асосан рухсат этилади Тарифларни қўллаш қоидаларига асосан тўлов ундирилган ҳолда рухсат этилади Самолёт учиб кетгунга қадар мурожаат қилинганда тарифларни қўллаш қоидаларига асосан рухсат этилади
Республикадан чиқишга тақиқ қўйилганда Қайтарилмайди Қайтарилмайди Қайтарилмайди Ҳеч қандай йиғим ундирилмаган ҳолда қайтарилади. Қайтарилмайди

Ҳурматли истеъмолчилар, фақат авиачипта харид қилиш билан кифояланиб қолмаслик керак. Шубҳалар пайдо бўлган тақдирда сотиб олишдан олдин албатта жўнаб кетишнинг амалдаги тақиқлари тўғрисида батафсил маълумот олиш керак бўлади. Умид қиламизки, тақдим этилган маълумотлар ортиқча харажатларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар