Жасорат ва матонатнинг муқаддас хотираси

Жасорат ва матонатнинг муқаддас хотираси

Иккинчи жаҳон уруши тугаганига 76 йил бўлди. Аммо яна ўнлаб йиллар, ҳатто асрлар ўтмасин 40 давлатнинг ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларга 110 миллион киши сафарбар этилган, 70 миллион киши қурбон бўлган бу даҳшатли қирғинбаротликни асло унутиб бўлмайди.

Ватандошларимиз ҳам бу урушда ўз она юртининг озодлиги, тинч-омон кунлар учун жанг майдонларида мислсиз қаҳрамонлик кўрсатишган, фронт орқасида ҳам уларнинг етти ёшдан етмиш ёшигачалари кеча-ю кундуз тиним билмай фидокорона меҳнат қилган. Шу билан бирга эл-юртимиз мудҳиш уруш йилларида ўзининг энг юксак инсонпарварлик фазилатларини намоён этиб, эвакуация қилинган турли миллатга мансуб 1,5 миллион кишини, шу жумладан 250 минг етим болаларни ўз бағрига олиб, “Ўзбекистон – бағри кенг диёр” эканини амалда яна бир бор исботлаган.

Бевосита Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва ғояси билан Ўзбекистон халқининг жанг майдонларидаги, уруш ортидаги қаҳрамонлиги ва фидокорона меҳнатини, тарихий хизматларини мамлакатимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш ва абадийлаштириш, ёш авлодимизни ота-боболаримиз жасоратига муносиб бўлган, бугунги тинч, осойишта ҳаётни асраб-авайлаш ва янада мустаҳкамлашга қодир, жонажон Ватанимизга садоқатли инсонлар этиб тарбиялаш мақсадида пойтахтимизда муҳташам "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуаси бунёд этилди.

Академик Акмал Саидовнинг Буюк ғалабанинг 76 йиллиги арафасида "Тасвир" нашриёти томонидан замонавий дизайн ва юксак дид билан чоп этилган “Ғалаба боғи фалсафаси” китоб-альбоми ана шу мавзуга бағишланган. Энг аввало, муаллифнинг Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирликлари, Давлат архиви, Ўзбекистон Фанлар академияси, Бадиий академияси, Кинематография агентлиги, Қуролли кучлар ва Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуасининг «Шон-шараф» давлат музейлари, шунингдек Австрия, Франция, Япония, Польша, Италия, Испания, Германиядаги тарихий ҳужжатларни ҳар тарафлама чуқур тадқиқ ва таҳлил қилиш асосида янги ноёб материаллар тўплаганлиги ва уларни олти фаслга бўлиб, ўқувчиларга оммабоп, лўнда ва тушунарли тилда баён қилиб берганлигини таъкидлаш керак.

Бу бошқа нашрларда кўзда ташланмаган, китоб-альбом мундарижасида келтирилган “Урушдан олдинги уруш: ўзбекистонликларнинг совет-фин урушидаги иштироки”, “Уруш ва диний эътиқод эркинлиги”, “"Лукаш ботир" ёки ўзимизнинг Луқмонжон”, “Гитлернинг "Учинчи фронт" режасини ким барбод қилган?”, “Итальянларнинг Александроси — ўзбекларнинг Шарифи”, “Германия: "Маобит"дан — "Бухенвальд"гача” каби сарлавҳаларда ҳам дарҳол кўзга ташланади.

Ғалаба боғи фалсафасининг туб моҳияти сифатида эса халқимизнинг уруш йилларида кўрсатган мардлик ва матонати, юксак инсоний фазилатлари, қаҳрамон аждодларимизнинг номлари, шонли анъана ва қадриятларини абадийлаштириш, юртимизда инсон хотираси азиз ва муқаддас, қадри улуғ эканини таъкидлаш, ёш авлодни она-Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсади асослаб берилган.

Бу янги тарихий маълумотлар ва ҳар жиҳатдан пухта ишланган лойиҳалар асосида бунёд этилган салобатли ва муҳташам Ғалаба боғи - унинг “Шон-шараф” музейи, “Матонат мадҳияси”, “Мангу жасорат”, «Кўз ёши» улуғвор ёдгорликларида гавдалантирилганлигига алоҳида урғу берилади. Жумладан, истеъдодли ҳайкалтарош Баҳром Норбоевнинг лойиҳаси асосида яратилган “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган Зулфия ая Зокирова ва унинг келинлари тимсолида ўзбек аёллари энг олижаноб фазилатлари – ўз ёрига вафоси, иродаси ва матонати, юрти ва оиласига садоқати тимсоли деб баҳоланади.

Тарихий манбалар асосида уруш бошланиши билан республикамиз аҳолисининг деярли ҳар уч нафаридан биттаси - қарийб 2 миллион юртдошимиз фронтга отланганлиги, уларнинг ҳар бири том маънода қаҳрамон бўлган бу азизларнинг 500 мингдан зиёди шафқатсиз жангларда ҳалок бўлганлиги баён этилади. Республикамизда умумкўшин тузилмаларидан ташқари 14 та миллий қўшилма ва қисмлар ташкил этилиб, улар Иккинчи жаҳон урушининг ҳал қилувчи жангларида мардонавор иштирок этганликлари, жумладан биргина Тошкент ва Чирчиқ ҳарбий билим юртлари битирувчиларидан 125 нафари Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига сазовор бўлганликлари баён этилган.

Уруш йилларида Ўзбекистондан 4 минг 555 нафар хотин-қиз фронтга сафарбар этилганлиги ҳам “Ғалаба боғи фалсафаси” ўқувчилари учун янгилик бўлиши керак. Улар орасида Зебо Ғаниева, Елена Стемпковская, Ольга Санфирова, Раҳима Алимова, Шарофат Эшонтўраева каби моҳир мерганларнинг ҳар бири юзлаб фашистларни ер тишлатган. Ҳужумкор авиация полки кузатувчиси Сайёра Шукурова, машҳур радистлар Роза Ибрагимова ва Собира Мажидова, опа-сингил Мунира ва Розия Ғиёсовалар ҳам ғалабани имкон қадар яқинлаштириш учун мардонавор курашганлар.

Ҳарбий жарроҳ Муқаддам Ашрапова қанчадан-қанча ярадор жангчиларнинг ҳаётини сақлаб қолган. Уруш бошланганида Республика тиббиёт билим юртининг фельдшерлик бўлимида таълим олаётган Рихсихон Мўминова эса урушда ярадор бўлганларга ёрдам кўрсатишда беқиёс жасорат кўрсатганликлари учун саноқли тиббиёт ҳамшираларига тақдим этиладиган Халқаро Қизил Хочнинг Флоренс Найтингейл медалига сазовор бўлган. Жасур ҳамшира “Улуғ Ватан уруши”, “Қизил байроқ”, “Қизил юлдуз” орденлари, “Жанговар хизматлари учун” медали соҳиби ҳам ҳисобланади.

230-ўқчи дивизияси 988-ўқчи полк батальонининг 8-ўқчи ротаси тиббиёт ҳамширасии Раҳима Алимованинг жасорати ҳам ибратлидир. Рота жангчилари Миус дарёсини кечиб ўтишларида душманни ўққа тутаётган пулемётчи ҳалок бўлган. Шунда жанг майдонидан ярадорларни хавфсиз жойга олиб ўтаётган Раҳима Алимова ҳалок бўлган пулемётчининг ўрнини эгаллаб, жангчиларимиз ҳужумни муваффақиятли давом эттиришларини таъминлаган. Ҳамшира бу каби жасоратлари учун “Қизил байроқ” ордени ва “Жасурлиги учун” медали билан мукофотланган.

Китобда давлатимиз раҳбари томонидан генерал Собир Раҳимов хотирасининг тикланиши - тарихий ҳақиқат тантанаси эканлиги кўпчиликка маълум бўлмаган жуда муҳим далиллар орқали исботлаб берилган. Маълумки, ўзбек генералининг номи юртимизда бир муддат тилга олинмай қолган эди. Изланишлар натижасида Россия Мудофаа вазирлиги марказий архивида саҳланаётган ҳужжатларда Собир Раҳимов ўзининг таржимаи ҳоли билан боғлиқ бўлган ва ўз қўли билан тўлдирганлиги, ҳар доим ўзининг ўзбек эканини қайд этганлиги аниқланган ва адолат қарор топганлиги батафсил баён этилган. Китоб-альбомда Собир Раҳимов халқимизнинг муносиб фарзанди, қаҳрамон ўғлони эканлиги ўз ифодасини топган.

Иккинчи жаҳон урушида қорақалпоғистонликларнинг қаҳрамонликларига ҳам алоҳида этибор қаратилган. Бу заминда 20 та батальон, 114 та рота, 955 та бўлинма ташкил этилган. Жумладан, 97-Қорақалпоқ алоҳида миллий бригадаси тузилиб, унинг сафларига кўнгилли равишда 5500 нафар қорақалпоғистонликлар кирган. Жанггоҳлардаги жасоратлари учун, жумладан Абдулҳақ Умеркин, Ўрозбой Жуманиёзов, Махаш Балмагамбетов, Жумагали Калдикараев, , Иноят Наврўзбоев, Ўринбой Абдуллаев, Плис Нурпейсов, Жуман Қорақулов Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони, Алимбой Омонбоев, Раим Соипназаров, Тилаймурод Ўтемуродов, Жўлдасбой Ҳалимбетов учала даражадаги "Слава" ("Шуҳрат") орденига сазовор бўлган.

Ўқувчилар “Ғалаба боғи фалсафаси” китоби саҳифаларида, шунингдек Ўзбекистон аскарлари — Европа халоскорлари бўлганликлари ҳақидаги ноёб материаллар билан танишишлари мумкин. Республикамизда ташкил этилган 16-, 30-, 298-дивизиялар Руминия, Болгария, Югославия, Венгрияни озод қилишда иштирок этган.Шу билан бирга, 1941-1943 йилларда асирликдан қочган ўзбекистонлик кўплаб жангчилар Марказий, Шарқий ва Ғарбий Европа мамлакатларидаги "Қаршилик кўрсатиш ҳаракати" сафларида душман билан кураш олиб борганлар.

Гитлерчилар концлагеридан қочган қўқонлик капитан Ҳошим Исмоилов ҳатто ўзи каби ҳарбий асирларни тўплаб, партизан отряди тузган ва фашистларга қарши жанг қилган. Итальян партизанлари орасида "Сандро" номи билан машҳур бўлган Аҳмаджон Мамажоновга жасорати учун Италиянинг "Ватанпарвар" гувоҳномаси тақдим этилган. Бу ҳужжатнинг мақоми Совет Иттифоқи Қарамони унвонига тенг ҳисобланади.

Китобда Ўзбекистон фронт учун таянч қўрғони бўлганлиги ҳам кенг ёритилган. 1941 йил декабрь ойидаёқ саноат хомашёси, ёқилғи, дастгоҳлар, асбоблар ниҳоятда тақчиллиги, мутахассислар етишмаслигига қарамасдан 63 та корхона мудофаа маҳсулотларини ишлаб чиқара бошлаган. Умуман уруш йилларида республикамиздаги 300 га яқин корхонада ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган, кўпмиллатли халқимиз фидокорона меҳнати билан жанг майдонларига катта миқдорда қурол-яроғ, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилган.

Республикамиз уруш бошлангандан кейин эвакуация қилинган аҳоли, айниқса, болаларни ўз бағрига олиб, уларнинг барчасига чинакам меҳр ва эътибор кўрсатиб, сўнгги бурда нонини ҳам жабрдийдалар билан баҳам кўриб, юксак инсонпарварлик фазилатларини намоён этганлиги ҳам кенг ёритилганлигини уқтириш лозим. Аслида ўзбеклар фашистлар босиб олган ҳудудлардаги зиёлилар – ёзувчи ва шоирлар, рассомлар, театр ва кино арбоблари, олимлар, ўз она-юртларидан бадарға қилинган турли миллатлар вакилларига бошпана бериб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолганлар. Шунинг учун ушбу нашрда машҳур россиялик шоира Анна Ахматованинг:

Мен фақат Тошкентда ҳис этдим илк бор,

Дарахтлар соясин, кун ҳароратин

Ва фақат шу ерда англадим такрор,

Инсоннинг чин меҳрин ва саховатин,

деб хитоб қилганлиги қайд этилади.

Айниқса, китоб-альбомда келтирилган яҳудийлар оиласининг Тошкентда туғилиб ўсган фарзанди Вячеслав Шатохиннинг Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон - "Дунё меҳрибони" шарафли номга муносиб эканлиги ҳақидаги фикрлари ҳаяжонга солмай қўймайди. Унинг айтишича, уруш уруш даврида қамал ҳолатидаги Ленинграддан, фашистлар босиб олган Украина, Белурусь ва Россия вилоятларидан кўчириб келганларнинг тахминан 250 минг нафари яҳудийлар бўлган. “Агар бағрикенг ўзбек халқи бўлмаганида, ўзбеклар ўз хонадонларига ўнтадан етим болаларни қабул қилмаганида, жанггоҳларда жароҳатланганларнинг дардига малҳам топмаганида - Холокост қурбонларининг сони бундан ҳам кўпчиликни ташкил қилур эди,” деб гувоҳлик берган у.

“Ғалаба боғи фалсафаси” китобида уруш қатнашчилари, фронт орқаси қаҳрамонлари, давлат ва жамоат арбоблари, зиёлиларнинг таъсирчан хотиралари, жуда кўп тарихий ҳужжатлар ва суратлар билан бирга ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони ва учала даражадаги «Слава» («Шуҳрат») орденига сазовор бўлганлар ҳамда Иккинчи жаҳон уруши генералларининг тўлиқ рўйхати илова қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 майда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Бу ҳақда гапирганда, ўтган йили нашр этилган “Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” китоб-альбоми, шунингдек бу йилги байрам арафасида унинг узвий давоми бўлган “Ўзбекистон Иккинчи жаҳон уруши даврида” ва “Ғалаба боғи фалсафаси” номли китоб-альбомлар чоп этилганини алоҳида қайд этиш лозим. Ушбу нашрларда халқимизнинг уруш йилларидаги қаҳрамонлиги ҳақида илгари бизга номаълум бўлган кўплаб янги маълумотлар келтирилган” деб таъкидлади.

Академик Акмал Саидовнинг китоб-альбомида шу пайтгача номаълум бўлган ана шу тарихий ҳақиқатларнинг тикланиши, халқимизнинг жанг майдонлари ва фронт орқасидаги мислсиз қаҳрамонликлари ва матонати кенг ва ёрқин ёритиб берилиши жуда муҳим аҳамиятга эга эканлиги шубҳасиздир. Шу боис ушбу китоб рус ва инглиз тилларида чоп этилаётганлиги Ўзбекистоннинг ва унинг фарзандларини Иккинчи жаҳон урушида Буюк ғалабага қўшган улкан ҳиссасини бутун дунёга намоён этади.

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар