Таҳлилда 2021 йил давомида вилоятнинг саноат соҳасида эришилган ютуқлари, кузатилган ўзгаришлари акс эттирилган.
Вилоятда йил давомида жами 8,7 трлн.сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръатлари 110,2%ни (9-ўрин), республикадаги улуши 1,9%ни (13-ўрин) ташкил этди.
Энг юқори ўсиш суръатлари Зафаробод (136,8%), Ғаллаорол (119,4%) ва Бахмал (112,4%) туманларида қайд этилган бўлса, Зарбдор, Мирзачўл, Янгиобод туманларида ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми 2020 йил даражасидан кам бўлди.
Ишлаб чиқарилган жами саноат маҳсулотлари ҳажмининг 59,2% Жиззах шаҳри (31%), Ғаллаорол (14,8%) ва Зафаробод туманлари (13,4%) ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, вилоят ЯҲМ таркибидаги саноат улуши 12,6%ни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 1,4 пунктга ўсди.
Таъкидлаб ўтиш керакки, аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари ҳажми 6,1 млн.сўмни (10-ўрин), ўсиш суръатлари 107,9%ни (8-ўрин) ташкил этган.
Аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларининг энг юқори кўрсаткичи Жиззах шаҳри (14,7 млн.сўм), Зафаробод (22,9 млн.сўм) ва Дўстлик (12,8 млн.сўм) туманларида кузатилган бўлса, Бахмал (0,6 млн.сўм), Шароф Рашидов (1,7 млн.сўм) ва Зомин (2,0 млн.сўм) туманларида энг пастки кўрсаткичлар қайд этилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, саноат маҳсулотларининг 93,6% қайта ишлаш саноати ҳиссасига тўғри келади.
Бунда тоғ-кон саноати улуши - 1,3%, электр таъминоти, газ, буғ етказиб бериш ва сунъий иқлим хосил қилиш улуши – 4,0%, сув таъминоти, оқава сув, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш улуши – 1,1%ни ташкил этди.
Қайта ишлаш саноати таркибидаги тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш (28,6%), озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш (15,5%), бошқа нометалл менирал маҳсулотлар ишлаб чиқариш (18,6%), автотранспорт воситалари, трейерлар ва ярим прицеплар ишлаб чиқариш (13,6%) йўналишлари энг юқори улушга эга.
Жами саноат йўналишида фаолият юритаётган корхоналар сони 3 654 тани (жами корхоналарнинг 16,1%) ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 105,2%га ўсди.
Шундан хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 118 тани ташкил этиб, жами ХКИ корхоналарнинг 55%ни ташкил этган
2021 йил давомида вилоят бўйича қиймати 1 863 млрд.сўмлик (21,4%) саноат маҳсулотлари экпорт қилинган. Экспортнинг 73,4%и Зарбдор, 40,3%и Мирзачўл ва 31,2%и Дўстлик туманлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
2022 йилда саноат йўналишида қиймати 12,0 трлн.сўмлик (жами лойиҳалар суммасининг 88%) 109 та лойиҳалар (31%) амалга оширилиб, 8 806 нафар (71%) янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жиззах филиали бош илмий ходими
Улуғбек Хужакулов
Изоҳ қолдириш