Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги вазият қандай ривожланмоқда - Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлили

Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги вазият қандай ривожланмоқда - Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлили

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозоридаги талабнинг ўзгариши доимий равишда таҳлил қилиб келинмоқда.

2022 йил январь ойида республика бўйича 17,7 мингта кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилди, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 2,4%га камроқ. Бироқ, 2020 йилнинг январь ойига нисбатан ўсиш суръати 15%ни ташкил этди.

Мутахассисларнинг фикрича, кўчмас мулк бозоридаги фаоллик ҳар йил бошида мунтазам равишда пасаяди, бу эса мавсумий омил билан боғлиқ. Январ ойида янги йил дам олишлари ва иш таътилларипайтида харидорлар одатда кўчмас мулкни қидирмайдилар. Баҳорга келиб, уй-жой бозоридаги фаоллик тикланади.

Ҳудудлар кесимида январь ойида энг юқори ўсиш суръатлари Қашқадарё (36,4 %), Фарғона (16 %), Сурхондарё (11,1 %) вилоятларида кузатилди.

Тошкент (-17,6 %) вилояти, Қорақалпоғистон (-14,4 %) ва Тошкент шаҳрида (-6,7 %) сезиларли камайиш қайд этилди.

1-расм. Кўчмас мулкни сотиб олиш ва сотиш бўйича расмийлаштирилган шартномалар сонининг ўзгариш индекси

2-расм. Тошкент ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони

Иккиламчи бозорда уй-жой нархларининг ўзгариши

Марказ ҳисоб-китобларига кўра, январь ойида иккиламчи бозорда уй-жой ўртача нархлари ўтган ойга нисбатан 1,4 %га ўсди (2021 йил декабрда ўзгармаган, ноябрда 1,2 %га кўтарилган эди).

Уй-жой нархларда энг юқори ўсиш суръатлари Фарғона (5,2 %), Андижон (5,0 %) ва Навоий (4,5 %) вилоятларида кузатилган бўлса, Жиззах (-4,2 %), Сурхондарё (-3,1 %), Наманган (-2,3 %) ва Сирдарё (-2,1 %) вилоятларида нархларда пасайиш қайд этилди.

Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари 2,4 %га ўсди. Уй-жой нархларида энг катта ўсиш Мирзо Улуғбек (5,0 %) Миробод (4,5 %) ва Яшнобод (4,3 %) туманларида кузатилган бўлса, Учтепа (-1,4 %) ва Олмазор (0,7 %) туманларида уй-жой нархлари пасайган.

Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, 2021 йилда тижорат банклари томонидан қарийб 59,6 минг нафар фуқарога 9,8 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилган. Ушбу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 700 млрд. сўмга кўпроқ ҳисобланади.

2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, ипотека кредитлари қолдиғи 35,8 трлн. сўмга етган. Ажратилган кредитларнинг 7,35 трлн. сўми бирламчи бозордаги уйларга, 2,44 трлн. сўми иккиламчи бозордаги уйлар учун йўналтирилган.

Халилуллоҳ Ҳамидов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Сектор мудири

тел: (78) 150 02 02 (410)

Жамаотчилик билан ишлаш бўлими

тел: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар